Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ерни «текин»га бермаган архитектор ва раққосадан «соққа» талаб қилган «участковой»...

Ерни «текин»га бермаган архитектор ва раққосадан «соққа» талаб қилган «участковой»...

Иллюстратив сурат

Коррупция — жамият ҳаётига хавф туғдирувчи иллатлардан бири. Бу иллат ҳар қандай давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига путур етказади: аввало, маънавия­тини емириб, қадриятларни поймол этса, иккинчидан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўл­ган ишончига жиддий путур етказадиган хавф — корруп­ция­нинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида аниқ чоралар кўрилди. Хусусан, коррупция жиноятини содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Бу — кичкина рақам эмас!

Коррупцияга қар­ши курашишнинг самарали, таъсирчан йўллари борми ўзи, деган савол туғилиши турган гап. Ушбу саволга «Корруп­ция­га қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда аниқ жавоб берилган. Мазкур қонунга «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш» номли алоҳида боб киритилгани бежиз эмас. Демакки, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширмасдан туриб, бу иллатга қар­ши курашиш самарадорлигини таъминлашнинг асло иложи йўқ. Гап фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тўғрисида бораётган экан, эндиликда ушбу хавф­ли иллатга нисбатан аҳолида муросасизлик кайфияти пайдо бўлаётганини алоҳида таъкидлаш керак.

Фикримизни бир-иккита мисоллар билан давом эттирамиз.

М.Раҳматова (исм-фами­лия­лар ўзгартирилди) Пастдарғом тумани «Камолот» маҳалласида барпо этилган намунали уй-жой биноларидан бирида яшайди. Уйининг орқа томонида бир ярим сотихдан ортиқча — туман ҳокимлиги захираси ҳисобида турувчи ер бор. М.Раҳматова ана шу ер майдонини ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш мақсадида ўзига ажратиб беришни сў­раб, 2015 йилда туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Унинг аризаси ижро учун туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи И.Шониёзовга ўтказилади.

М.Раҳматова аризасининг натижасини билиш мақсадида И.Шониёзовни қидириб бир неча марта у ишлаётган идорага борган бўлса-да, уни учратолмаган. Шунда бўлимда ишловчилардан би­ри М.Раҳматовага у сўраётган ер майдонига талабгорлар кўплигини айтиб, «гаплашиш» кераклигига ишора қилади.

Мурожаати эътиборсиз тургани бесабаб эмаслигини англаган М.Раҳматова туманнинг «Улуғбек тола» корхонаси олдида И.Шониёзовга тасодифан дуч келиб қолади. Шунда И.Шониёзов соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўзи бажариб турган бўлим бошлиғи вазифасини қўл остида ишлаб келган Ш.Файзуллаевга топширганини айтади. Лекин ишини битказиб бериш қўлидан келишини билдириб, «хизмати ҳақи»га 1000 (минг) АҚШ доллари сўрайди.

Бундай тамагирликдан кўнг­ли оғриган М.Раҳматова бунча пули йўқлигини билдириб, 800 доллар бера олишини айтади. И.Шониёзов опанинг таклифига кўнади ва ер ажратиш тўғрисидаги қа­рорни бў­лим­нинг янги бошлиғи Ш.Файзуллаев қўлидан олишини айтади.

Шундан сўнг М.Раҳматова архитектура ва қурилиш бўлими ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйиш мақсадида тўғри ҳуқуқ­ни муҳофаза қи­лувчи идорага боради.

Воқеа тафсилотининг давомини баён қиладиган бўл­сак, И.Шониёзов ишлаб турган пайтда М.Раҳматованинг аризасини туман ер тузиш ва кадастр бўлими ер тузувчиси Н.Нарзиқуловга топширганди. Н.Нарзиқулов ўрганиш чоғида бу иш ўзларига эмас, балки архитектура ва қурилиш бўлими ваколатига киришини билиб қолган. Бу ҳақда И.Шониёзовни хабардор қилганида, у ҳозир вақти йўқлиги, ариза ўзи­да туришини, кейинчалик биргаликда ҳужжатларни тайёрлаб беришини айтган.

2018 йил 25 июль куни соат 19:30 ларда Н.Нарзиқуловнинг уйига туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ш.Фай­зуллаев келади. У ҳо­кимнинг М.Раҳматовага ер ажратиш тўғрисидаги қарорини келтириб беришини, бунинг эвазига Н.Нарзиқулов М.Раҳматовадан унга 800 доллар олиб беришини айтади.

Орадан кўп вақт ўтмай Ш.Файзуллаев ҳоким қарорини Н.Нарзиқуловга келтириб беради.

Ўз навбатида, Н.Нарзиқулов М.Раҳматовадан келишилган пулни олиб, устози И.Шониёзовга ўзи етказажагини айтади.

Эртасига Н.Нарзиқулов М.Раҳматовага қўнғироқ қилиб, қарор қўлида экани, бирон жойда учрашишни сў­райди. Учрашадилар. Ва... Н.Нарзиқулов аёлдан 800 доллар олаётган чоғида қўлга тушади. Ўша куннинг ўзидаёқ ушбу жиноятнинг ташкилотчиси И.Шониёзов ҳам қўлга олинади.

Суд иккисига ҳам қилмишларига яраша адолатли ва қонуний жазо та­йин­лади.

Айни мавзуда яна бир ҳаё­тий мисол: судланувчи Жавлон Қосимов (исм-фами­лия­лар ўзгартирилди) бир йигитга муносиб, обрў-эътибор топадиган лавозимда ишлаётганди. Ойлик маоши ортидан рўзғорини бемалол тебратиш имкониятига эга эди. Лекин нафс балоси Жавлонни йўлдан ур­ди.

Буёғини сўрасангиз, Ж.Қосимов Самарқанд шаҳрида ички ишлар бўлимида профилактика инспектори лавозимида ишлаётган пайтида С.Ўринованинг шаҳарда рўй­хатдан ўтмасдан яшаб, ресторан ва тунги клубларда раққосалик фаолияти билан шуғулланаётганини аниқлайди.

Аммо унга қонуний жазо кўриш ўрнига тамагирлик қилади. Яъни бу «хиз­мати» ва келгусида назорат қилувчи органлардан муҳофаза қилиб бориши эвазига 600 АҚШ долларини пора тариқасида сўрайди.

С.Ўринова ҳам ўзига нисбатан қонунсиз ҳаракатлар содир қилинаётганини ўз вақтида англаб етган. Шу боис у Ж.Қосимовга нисбатан қонуний чора кў­ришни сўраб, ви­лоят ҳу­қуқни муҳофаза қи­лиш идорасига ариза билан мурожаат қилган.

Унинг мурожаати юзасидан тадбир ўтказилади. Самар­қанд шаҳар «Ил­ғор» маҳалласи ҳудудида Ж.Қосимов ўзига тегишли «Спарк» русумли ав­томашинаси­нинг ичида С.Ўриновадан 600 долларни пора тариқасида олаётганида ушланади.

Суд ҳукми билан унга 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Хулоса қилиб айтганда, дунё ҳамжамиятида тобора нуфузи ортиб бораётган, халқимизга муносиб турмуш шароити яратилаётган Ватанимизда ўтаётган ҳар бир кун бунёдкорлик ва яратувчанлик амалларига бойлиги билан тарихга мангу муҳрланмоқда. Шу маънода бахтли-саодатли ҳаётимизга соя соладиган, мамлакатимиз ижтимоий-иқ­тисодий тараққиётига ғов бў­ладиган коррупция хавфининг олдини олиш, бу иллатга қар­ши муросасизлик билан курашиш — давр талабидир.

Олим Ҳайитов,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд вилояти судининг раиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг