Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хорижда узоқ вақт яшаб қайтганлар ОИВга мажбурий текширувдан ўтади

Хорижда узоқ вақт яшаб қайтганлар ОИВга мажбурий текширувдан ўтади

Фото: «chet-elda-ishlash.uz»

Қайд этилишича, ОИВ инфекцияси аниқланган меҳнат мигрантларининг 94,1 фоизига касаллик жинсий йўл билан юққанлиги аниқланган. Оқибатда касаллик уларнинг турмуш ўртоғи ва туғилажак фарзандларига юқишига сабаб бўлмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиб, муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳасига Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидалари илова қилинган. Уч ойдан ортиқ хорижда бўлган шахслар Ўзбекистонга қайтгач 24 соат ичида ОИВга мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади. «Тиббиёт муассасаси фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тиббиёт муассасасига йўналтирилган, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга экспресс усулида тиббий текширувдан ўтишларини таъминласин», — дейилади ҳужжатда. Бу амалиёт аввал ҳам бор эди, аммо мажбурий бўлмагани учун самара бермади, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Муҳожирлар хавфли хулқ-атворни ўзида синаб кўришга кўпроқ мойил бўлади, уларнинг жинсий йўл билан ОИВ инфекциясини юқтириб олиш эҳтимоли муқим (турғун) аҳолига нисбатан юқорироқдир. Бошқа давлатда бўлиш даврида орттирилган хавфли хулқ-атвор ва янги одатлар улар ўз юртига қайтиб келганидан кейин мигрантларни янада хавфли гуруҳга айлантириши мумкин. Меҳнат мигрантларининг ОИВ инфекцияси бўйича билим савиясининг пастлиги эса касалликни ўз юртида тарқатишига имкон яратади», – дейилади ССВ ахборотида.

Республикада меҳнат мигрантлари орасида ОИВ билан касалланиш кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, 2018 йили меҳнат мигрантларида ОИВ инфекцияси аниқланиши 2017 йилга нисбатан 8 фоиз ортган. 20 фоиз мигрантларнинг доимий жинсий шериги бўлмаган, 17 фоиз мигрантлар фоҳишага борган, 2,8 фоизи бир марта бўлса ҳам наркотик моддаларни қабул қилган (наркотик модда қабул қилганларнинг 79 фоизи уни томир орқали олган).

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қайд этишича, меҳнат мигрантлари касалликни юқтириб олгандан сўнг, ўз юртига қайтганида уни оила-аъзоларига юқтириши эҳтимоли мавжуд. Ўз юртига депортация қилинган ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахслар ўзининг ОИВ бўйича мақомини сир тутади, бу билан ўз турмуш ўртоқларини хавф остига қўяди. Натижада ОИВ инфекцияли фарзандларнинг туғилиши ва касаллик аҳолининг умумий қатламига ўтишига сабаб бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг