Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Саид-Абдулазиз Юсупов

Мен миллатимни бошқарилувчи эмас бошқарувчи, тарошланувчи эмас тарошловчи сифатида кўргим келади.

Ижтимоий синергия: энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ

Ижтимоий синергия: энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ

Фото: «mk.ru»

Ҳуррият — инсон учун энг олий қадрият. Мустақилликка эришган, аммо раият қулликда яшашда давом этган бутун бошли давлатлар узоққа бормай яна ўз эркини бой берганига тарих бир неча бор гувоҳ бўлган. Давлат озод бўлгани билан ҳокимият тепасидагилар давлатнинг асл эгаси бўлмиш раиятга нисбатан қулларга қилинадиган муносабатни ўзгартирмаган. Буюк ишлар халқ номи билан қилинган, аммо буюк жиноятларга ҳам айнан халқ номидан «фатво берилган». Бу ҳақда биз мақоланинг якунида тўхталамиз.

Инсоният тараққиётининг бугунги нуқтаси

Бугун инсоният тараққиётининг мутлақо янгича даврида яшаяпмиз. Йиллар давомида шаклланган қадриятлар, догмага айланган тушунчалар ўзгариб бормоқда. Бугун ривожланиш чўққисида бўлган давлатлар анъанавий шаблонларга бўйсунмайдиган, ностандарт фикр¬ловчиларга кенг йўл бериш орқали мана шундай тараққиётга эришганини кўриш мумкин. Айни пайтда дунё миллиардерлари ўйхатида Стив Жобс, Марк Цукерберг, Билл Гейтс, Майкл Делл, Амансио Ортега, Франсуа Пино, Ральф Лорен каби шахслар тургани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Чунки улар тенгдошлари сингари диплом орқасидан қувишмади, «Гарвард ёки Оксфорд битирувчиси» деган ном учунгина ўқишмади. Ҳамма юрган йўлдан юргилари келмай ўз йўлларини яратишди. Тўғри, бунга минг бир машаққат билан — эришишди. Ана шу машаққатлар уларни шахс сифатида шакллантирди.

Ер юзида кечаётган жараёнлар таҳлил қилинса, дунёда қонуниятлар ўзгараётганини, тараққиётга эришишнинг янги қадриятлари, янги шартлари — шаклланаётганини кўриш мумкин.

Бу эса инсоният тараққиётининг келажагига теранроқ назар солиш, ўрганиш ва хулоса чиқаришни тақозо этади.

Давлат ва раиятнинг эртаси ҳақида қайғурар эканмиз, қандайдир бир-икки йилнигина эмас, балки давлатчилик нуқтаи назаридан камида эллик — юз йиллик истиқболни белгилаб олиш мақсадга мувофиқ. Бугун дунёда ниҳоятда жадал суръатлар билан ривожланаётган Хитой Халқ Республикасининг ўз тараққиёт йўлига беш юз йиллик режа асосида чиққани ҳам кўп нарсани англатади.

Мавжуд нуқтамиз

Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланиши биланоқ мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқиш учун жамият тафаккурида трансформация зарурлигини кун тартибига олиб чиқди. Чунки ҳар қандай ислоҳотлар ижтимоий ҳаётга татбиқ этилиши, шу юртда яшаётган ҳар бир одамгача етиб бориши учун жамиятнинг тафаккури даражаси муҳим омил саналади.

Президент Мирзиёев ҳокимиятни оғир мерос билан қабул қилиб олганини юртдошларимиз яхши билишади, албатта. Давлат сиёсати ижтимоий реалликдан анча узоқлашган, ҳокимият тепасидагилар халқни унутиб қўйган, оддий аҳоли ўз билганича қора қозонини қайнатиб келгани ҳеч кимга сир эмас. Буни Президентнинг виртуал қабулхонаси очилган вақтда мурожаатлар ёғилиб кетгани, қисқа вақт ичида давлат раҳбари номига бир неча миллион ариза ва шикоятлар келгани ҳам тасдиқлайди.

Президент Шавкат Мирзиёевни халқ меҳрига сазовор қилган ҳаракат, назаримда, муаммоларнинг мавжудлиги қўрқмасдан тан олиниши, сўнгра уларга бирма-бир ечим топилиши бўлди. Аммо шу билангина мақсадга эришиб бўлмасди, албатта. Узоқ манзилни кўзлаб йўлга чиққан одам битта қадам биланоқ маррага етиб бора олмаслигини Президент сиз ва биздан кўра яхши билади. Шу сабабли давлатчиликни мустаҳкамлаш, унинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш, энг муҳими, халқпарвар сиёсат юритиш учун навбатдаги қадамлар ташланди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Чорак асрлик мафкуравий-сиёсий турғунликда яшаб ўрганиб қолган аксарият одамлар Мирзиёев ҳокимиятининг илк даврларидаги сиёсий баёнот ва чақириқларни «Ҳа, энди ҳокимият тузилмаларида бир янгилик, яна бир ўзгариш бўларкан-да, бунинг бизга дахли йўқ», дея қабул қилишган эди. Гўёки улар бошқа оламда  яшашаяпти-ю, ўзгаришлар умуман бошқа жойда рўй бераётгандек. Таассуфки, халқ бунда ҳақли эди...

Чунки юқори минбардан туриб ҳар қанча жон койитилмасин, шакл ўзгаргани билан моҳият ўзгармасди. Мамлакат миқёсидаги ислоҳотлар вилоят ва туманлардаги ижтимоий ҳаёт турғунлигини ўзгартирмас эди.

Шу ўринда нозик бир ўзига хос нуқта бор. Бундай ҳолатнинг сабабларидан энг муҳими — ўтган 25 йил давомида сўзда ижро ҳокимияти раҳбари бўлган Бош вазир институти амалда ўз конституцивий функцияларини тўлақонли бажара олмаган. Чунки бунга йўл қўйилмаган. Ижро ҳокимияти раҳбарига ҳукуматнинг иқтисодий сиёсат юритишига бош-қош бўлишига (аслида бу унинг қонуний ҳуқуқи ва мажбурияти) рухсат берилмаган эди.

Иқтисодий ислоҳотларнинг Бош вазир эмас, амалда унинг ўринбосари орқали бошқарилиши, иқтисодий сиёсатни реал ижтимоий-иқтисодий ҳолат эмас, Бош вазир ўринбосари ва унинг гуруҳи манфаатлари белгилаб бериши давлат бошқарувида мувозанатнинг издан чиқишига сабаб бўлган эди.

Мустақилликка эришиш ва йигирма беш йил давомида уни сақлай олиш, албатта, буюк иш. Аммо эришилган муваффақият давом эттирилмаса, вақт ўтиши билан бир жойда депсиниб туриб қолиш муваффақиятсизликка айланади.

Президент Шавкат Мирзиёев буни теран англаб етганди. Шунинг учун ҳам муаммолардан кўз юммаслик ва ҳақиқий ҳолатни тан олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Икки йилдирки, бу йўлдан оғишилгани йўқ.

Сўнгги икки йил трансформацияга тайёргарлик даври бўлди

Ўтган икки йил одамлар ҳаёти ва онгида улкан ўзгаришлар даври бўлди. Демократик номга эга, аммо автократик қадриятларга асосланган ижтимоий ҳаёт либерализм кислородидан тўйиниб нафас ола бошлади. Табиийки, бу жараён бир маромда ва ҳеч бир муаммосиз кечмади.

Эркинликни қабул қила олмаслик, яъни эркинлик қадриятларига кўниколмасликдан тортиб, эркинликни бошбошдоқлик деб қабул қилишгача, эскича қарашлардан воз кечишни истамасликдан, янгича ишлаш ва яшашга кўниколмасликкача бўлган ҳолатлар кўп учради. Буларнинг ҳаммаси босиб ўтилиши лозим бўлган жараёнлар эди.

2016 — 2018 йиллар давомида давлат бошқаруви тизими, иқтисодий сиёсат, ижтимоий ҳимоя сиёсати каби барча соҳаларда янгича ёндашув жорий этилар экан, қандай муаммолар борлиги юзага чиқди.

Гарчи кўпчилик Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларни либерализм дея баҳолаётган бўлса-да, мен бу фикрга унчалик қўшилмайман. Сабаби — Президент Мирзиёев ислоҳотлари, уларни амалга ошириш механизми таҳлил қилинса, у либерализмдан кўра кўпроқ неолиберализм тамойилларига мувофиқлигини кўриш мумкин.

Мана шундай янглиш қараш натижасида ижро ҳокимияти Президент ислоҳотларини ҳаётга жорий этишда ортда қолмоқда, деб ҳисоблайман. Чунки ижро ҳокимияти функционализм тамойиллари асосида фаолият юритмоқда. Ваҳоланки, неолиберализм сиёсатини амалга ошириш учун ижро тизими неофункционализм тамойили асосида ишлаши керак.

Шу ўринда муҳим бир нуқтага эътибор қаратишингизни истардим. Сўнгги икки йил давомидаги Президент ислоҳотлари бир қатор скептик таҳлилчилар томонидан самарасиз ва тартибсиз ислоҳотлар, дея баҳоланди. Уларнинг скептизми Президентнинг 2017 йилдаги парламентга илк Мурожаатномасидан сўнг анча камайиб қолди. Сабаби эса қисқа вақт ичида қўрқмасдан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аслида узоқни кўзлаган ягона стратегиянинг таркибий қисми экани аён бўлиб улгурган эди.

Мирзиёевнинг Парламентга 2018 йилдаги Мурожаатномасидан сўнг эса ҳаммаси ойдинлашди. Кўпчилик танқидчилар ўйлаганидек, Президент таваккалига эмас, аниқ стратегик режага кўра иш кўраётгани, яъни 2016 — 2018 йиллар давомидаги ислоҳотлар аслида жамият ва давлат тараққиётнинг янги босқичда трансформацияга ўтиши учун тайёргарлик йиллари бўлгани ойдинлашди. Бу эса Ўзбекистон Президенти стратегик истиқбол режасига эга эканини исботлади. Бу режа кейинги юз йиллик ёки камида эллик йилликни қамраб олганига шубҳа қилмайман. Асосийси, буларнинг барчаси Президент ўзи сайланган муддат учун эмас, давлат раҳбари сифатида ўн йиллар олдинни кўзлаб иш тутаётганини, буюк давлатчилик анъаналари хаёлда эмас, амалда қайта тикланаётганини кўрсатади.

Глобал сиёсий трансформацияни бошлаб берган тарихий Мурожаатнома

Президент Мирзиёев сиёсий бошқарув, жамият ва давлатнинг ижтимоий муносабатларида синергия жараёнини бошлашга имконият яратди. Синергия, ўз моҳиятига кўра, ўз-ўзини ташкил этишни англатади. Янада соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, синергия муаммони жойида ҳал қилишдир.

Масалан, маҳаллада кичик бир муаммо пайдо бўлди. Бу муаммони ҳал қилиш учун маҳалла раиси масъулиятни ўз бўйнига олиб, қарор қабул қилади ва муаммони ҳал этади. Яъни ўз фаолиятини юритишда ўзи қарор қабул қилади ва шунга кўра иш кўради.

Мавжуд ҳолатимизда эса, маҳалла раислари кўпинча «Нима қилайлик?», дея имдод кутиб, туман ҳокими ўринбосарига ёки туман ҳокимига чиқади. Мазкур ҳолатда у бирон-бир масала бўйича қарор қабул қилишда масъулиятдан қўрқади. Қолаверса, бундай «ўзбошимчалик» ортидан маҳаллий ҳокимият идораларидаги валломатларнинг ғазабига дучор бўлишдан ҳайиқади. Чунки ҳоким ёки унинг ўринбосари улар билан маслаҳатлашмаган, ўзбилармон раисни тазйиқ остида ишдан олдириши ҳеч гап эмас-да.

Шакллантирилган тизимга кўра, бу тарзда ишдан олинган кадр бошқа жойдан ҳам иш топа олмаган. Сабаби «қулоқсиз» дея тамға босилган одамни ҳеч ким ишга олмаган ёки ишга олинишига йўл қўйилмаган. Шунинг учун ҳам бошқарув тизимида ташаббускор ва масъулиятни бўйнига оладиган «қулоқсиз»лардан кўра, ҳамма нарсага хўп дейдиган, шахсий масъулият билан қарор қабул қилмайдиган, ҳамма нарсани сўраб қиладиган, айтилмаса ҳеч иш қилмайдиган «қулоқли» кадрлар қадрланади. Бу — маҳаллий ижро ҳокимияти учун ўз шахсий дахлсизлигини таъминлаш учун, аслида нопрофессионаллигини яшириш учун энг қулай йўл.

Дахлсизлик деганда ҳам халқ, ҳам давлатнинг зарбасига дучор бўлмаслик назарда тутилмоқда. Тасаввур қилинг: маҳалланинг гузарга эҳтиёжи бор. Маҳалла раиси туман ҳокимига пул сўраб чиқади. Туман ҳокими вилоят ҳокимига, вилоят ҳокими — тегишли вазирликка, вазирлик эса, ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасига. Республиканинг бир бурчагидаги маҳалланинг оддий муаммосини ҳал қилиш учун масала Вазирлар Маҳкамасига олиб чиқилиши керак. Бунинг учун қанча вақт ва қоғоз керак?! Асаб-чи?

Маҳаллага бирор давлат хизматидан текширув келса ёки халқ сўраса, маҳалла раисига ҳам, туман ҳокимига ҳам, вилоят ҳокимига ҳам баҳона тайёр: «Ҳужжатларни тайёрлаб жўнатганмиз, тепадан «Добро» кутяпмиз!».

Бирор одам: «Сени туманга ёки вилоятга ҳоким қилиб қўйган давлат ўша жойнинг муаммосини ҳал қилишга ақли, қарор қабул қилишга журъати етади, деб қўймаганми?» деб айтолмас эди. Маҳаллий бюджетни тасарруф этишда маҳаллий ҳокимиятларнинг умуман ҳаққи бўлмагани ҳам мазкур муаммонинг бош сабабларидан бири бўлганини айтиб ўтиш адолатдан бўлади, назаримда.

Президент Шавкат Мирзиёев айнан шунинг учун маҳаллий бюджетларда йиғилган солиқларнинг катта қисми ҳокимликларнинг ўзида қолишини йўлга қўйган эди. Яъни ижтимоий синергия учун зарур шароит яратган эди.

Президентнинг 2018 йил охиридаги парламентга Мурожаатномасидаги туман депутатлари Кенгаши фаолиятини тубдан ўзгартиришга қаратилган таклифлари жамиятда чин маънода синергия жараёни бошланиши учун катта старт бўлди. Туман ҳокими энди бевосита туман Кенгаши тавсиясига кўра тайинланади.

Яъни туман ҳокими ким бўлишини, унинг ишини назорат қилишни бевосита халқ томонидан сайланган депутатлар ҳал қилади. Ижро ҳокимиятининг муҳим механизми бўлган вазирлик институти вакилларини тайинлашни ҳам энди Сиз ва биз сайлаган Олий Мажлис депутатлари ҳал қилади.

Давлат ва жамиятнинг ижтимоий муносабатларида синергия жараёни бошланди. Президент сўнгги уч юз йилда миллатимизни тарқоқ, хорликка маҳкум этган, қон-қонимизга сингиб кетган «Менга нима, менинг фикрим ҳеч нарсани ҳал қилмайди» каби қарашлардан, бир сўз билан айтганда, ижтимоий бепарволикдан халос этиш учун имкон яратди.

Мақоланинг кириш қисмидаги сўзларимизга яна бир бор эътибор беринг. Сизнингча, кузатувларни нега бундай бошладим? Тарихда ўзини мустақил, деб эълон қилса-да, ўз халқига эркини қайтармаган давлатлар таназзулга учраган, ҳукмрон табақа вакилларининг «Халқ ҳали эркинликка тайёр эмас, шу боис унга ихтиёрни бериб бўлмайди!» каби қарашлари ҳамиша ҳақиқий демократиянинг таназзулига олиб келган.

Келажакка умид уйғотаётган муждалардан бири шуки, Президент Шавкат Мирзиёев бунинг аксини қилмоқда, нимагаки қўл урмасин, халққа ишонмоқда, унга таянмоқда.

Бугун ҳали маҳаллий ижро ҳокимиятида «Халққа эркинлик бериб бўлмайди, одамларимиз бунга тайёр эмас!» дея ўз тўралигини сақламоқчи бўлиб юрганлар қачон ўзгариши, ўз номидан сиёсат юритилишига кўникиб қолган омма — ҳуқуқнинг масъулият эканини нечоғли тез англаб етиши ҳам маълум эмас. Аммо маълум бўлгани шуки, Шавкат Миромонович миллат лидери сифатида халқ номидан сиёсат юритишга эмас, халқи билан бирга сиёсат юритишга қарор қилди. Шахсий сиёсий хавфсизлигини эмас, халқини ўйламоқда.

Президент нимани истамоқда?

Президент одамларимиз одатланиб қолган «Америка кучлими ёки Россиями?» деган саволлар ўрнини «Биз кучли бўлишимиз учун нима қилишимиз керак?!» деган мушоҳадалар эгаллашини истамоқда. Президент ҳар бир ватандошимиз онгида «Ўзбекистонни ривожлантириш учун фуқаро сифатида мен ўз ишимни идеал равишда бажаришим керак!», деган фикр шаклланишини истамоқда.

Президент одамларимиз боқимандалик кайфиятидан қутилишини, ҳар бир ўзбекистонлик «Ҳаётим яхши бўлиши учун ҳаммадан кўра ўзим ҳаракат қилишим, изланишим, ўз устимда кўпроқ ишлашим керак!», деган қараш билан яшашга ўрганишини истаяпти.

Президент туман ҳокими бундан кейин вилоят ҳокимининг югурдаги эмас, чин маънода маҳаллий давлат бошқаруви органи раҳбари бўлишини, вилоят ҳокимидан Вазирлар Маҳкамасининг кўрсатмасини кутиб турадиган ижрочигина эмас, ўз вилояти учун ёниб ишлайдиган қўрқмас, ташаббускор бўлишни талаб қилмоқда ҳамда бунинг учун шароит яратиб бермоқда.

Бугун Президент жамиятимизда ижтимоий синергия жараёни бошланиши учун имконият яратди. Бу жуда катта сиёсий таваккалчилик эканини юқорида таъкидлаб ўтдим. Энди ҳаммаси жамиятимиз тафаккуридаги рўй бериши керак бўлган трансформацияга боғлиқ. Яъни ҳаммаси ўзимизга боғлиқ.

Манба: xs.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг