Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган спорт тадбирлари ўтказилди (фото)

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган спорт тадбирлари ўтказилди (фото)

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Соғлом бола – юрт келажаги» шиори остида навбатдаги оммавий саломатлик тадбирлари ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Болалар саломатлигига бағишланган ушбу тадбирларда мактабгача ва мактаб ёшидаги ўқувчилари ўртасида саломатлик стартлари ўтказилди. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ва аҳоли иштирокида қатор тиббиёт муассасаларида 5 километрга фаол юриш ва гимнастика машғулотлари ҳам ташкил этилди.

«Маълумки, компьютер технологиялари асрида, афсуски, болалар ўртасида очиқ майдонларда жисмоний ҳаракат талаб этадиган ўйинларнинг аҳамияти пасайиб кетди. Натижада, бу уларнинг жисмоний ва психологик ҳолатига маълум маънода салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам болаларни гимнастика ва спорт ўйинларига кўпроқ вақт сарфлашга ундаш лозим. Енгил машқлар ҳатто чақалоқлар учун ҳам  фойдали ҳисобланади. Улар боланинг танасини чиниқтиради, иммунитетини кучайтириб, чидамлилигини оширади. Болаликдан бошланган жисмоний тарбия унинг жисмоний машқларга меҳрини уйғотади. Бу эса келажакда унинг соғлиғига тизимли ижобий таъсир кўрсатиши турган гап.

Болаларга енгил гимнастика машқларини эрталаб қилиш тавсия этилади. Оилада бундай машғулотлар одатий бўлса, болалар жон деб шуғулланишади. Аммо улар тақлид қилишни яхши кўрганликлари боис катталарга эргашиб, танасини зўриқтириб қўйишлари мумкин. Болалар учун жисмоний тарбия машқлари ўйин шаклида бўлиши мақсадга мувофиқ. Бадиий гимнастика болалар учун жуда фойдали ҳисобланади, жумладан, эгилувчанлик ва мувозанатни, ҳаракат аъзоларини ривожланади. 

Болалар учун энг яхши жисмоний тарбия – бу мунтазам юришдир. Болалар кўчага чиққанда фақатгина қумда ўйнаб ёки арғамчида учиб ўтирмасдан фаол юришга ҳам ўрганиши керак. Тўрт ёшли болалар учун юриш тахминан 15-20 дақиқадан ошмаслиги керак. 5 ёшга тўлганда эса юриш 30-40 дақиқа давом этса мақсадга мувофиқ.

Тоза ҳавода мунтазам юриш нафақат саломатликни яхшилайди, балки нафас олиш, мушак, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди. Юрганингизда мушакларнинг фаол ҳаракати туфайли томирларда қон айланиши яхшиланади. Натижада варикознинг олди олинади, организмдан токсинлар чиқиб кетади. Умуман олганда, юриш вужудга ижобий таъсир кўрсатиб, иммунитет ва чидамлиликни оширади, ақлий саломатликни мустаҳкамлаб, уйқуни яхшилайди»,-дейилади вазирлик хабарида.

Мутахассисларнинг фикрича, юриш югуриш ва бошқа жисмоний машқлардан кўра анчайин фойдалироқдир. Саломатлик мақсадида юриш учта тамойилга асосланган. Биринчиси, «Зарар қилманг», яъни интенсивлик ва давомийлик тананинг ҳолатига мос келиши керак. Иккинчиси, босқичма-босқич,  яъни суръат, вақт ва муддат тана учун ортиқча босимларсиз ўсиб бориши лозим. Учинчи тамойил эса мунтазамлик, яъни юришнинг кунлик миқдорига амал қилиш. Тавсияга кўра, юриш ҳафтасига 3-4 марта, камида 30 дақиқа давом этиши талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни тизимли равишда давом эттиради. Хусусан, июн ойининг ҳар шанба куни «Танлов сиздан: тамаки ёки соғлом ўпкалар», «Соғлом овқатланиш – соғлом ҳаёт демакдир», «Зарарли одатлар – умр кушандаси», «Жисмоний фаоллик – узоқ умр кўриш гарови» шиорлари остида оммавий саломатлик тадбирлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг