Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Халифа Умар нега ҳовлини «снос» қилмади?

Халифа Умар нега ҳовлини «снос» қилмади?

Фото: «Kun.uz»

Гоҳ Қашқадарё, гоҳ Хоразм, гоҳ Фарғона, гоҳ Тошкент... аҳолини норизо қилиб уйлар бузилаётгани ҳақидаги нохуш хабарларнинг охири кўринмаяпти.

Мурғак болакай ини бузилган полопондек чирқиллаб, туп қўйиб, палак ёзган уйини бузаётган «ёмон амакилар»ни тўхтатишга уринаётир.

Музофотлик тадбиркор бола-чақаси ризқини қийиб барпо этган дўконини кунфаякун қилмоқчи бўлган арбобни мол аччиғида, йўқ, йўқ, жон аччиғида ёқиб юбормоқда.

Жўжабирдек оилалар жазирама забтига олган кунларда бийдай далада, қочқинлар чодиридан-да ғариброқ чайлада жон сақлашга маҳкум.

Юзлаб қоракўзлар бошпанасидан айрилгани етмагандек, қонунда белгиланган товон пулини ҳам ололмай сарсон.

Нималар бўляпти ўзи?!

Раият арзига қулоқ тутмоқни зиммасига олган додхоҳлар нега жим?

Нега бузармону ўзбилармон ҳокимларнинг мушугини биров пишт демаяпти?

Юртнинг турли музофотларидаги дилтанг вазиятни кўриб, ҳокимтўралар иморатбузарлик борасида ўзаро гаров ўйнаб, кимўзар пойга ўйнаяпти-ёв деган саркаш хаёлларга борасиз.

Бу кетишда бузиш, бульдозер каби сўзлар ҳокимга синоним, маънодош калималарга айланмаса денг!

Янгийўллик жонсарак депутатимиз айтмоқчи, маҳаллий раҳбарлар чиндан ҳам халқни рози қилиш учун эмас, «тепа»га яхши кўриниш илинжида жон олиб жон бермоқда чоғи...

Бесаранжомлик ичида саодат асри воқеаси ёдга тушади.

Мусулмонлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (с.а.в.) муборак омонатлари – Масжиди набавийни кенгайтирмоқчи бўлди. Масжид ёнидаги ҳовли Пайғамбаримизнинг (с.а.в) амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга тегишли эди. Ҳазрати Умар Аббосдан ҳовлисини сотиш ёки масжидга ҳадя қилишни сўради. Аббос бундан бош тортди.

Икки улуғ зот ўртадаги зиддиятни ҳал этмоққа машҳур саҳоба Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуни ҳакам қилишди. Убай ибн Каъб шикоятчи дунёни ларзага солиб турган қудратли давлат раҳбари, кимсан Умар ибн Хаттоб эканига қараб ўтирмай адолат ила ҳукм чиқарди: мулк эгасини рози қилмасдан туриб, ҳовлини олиб қўйиш мумкин эмас!

Ҳазрати Умар қозилик қилган саҳобадан «Бу ҳукмингга Қуръон ёки суннатдан далил борми?» деб сўради. Убай ибн Каъб Расулуллоҳдан (с.а.в.) эшитган ривоятни сўзлаб берди.

Сулаймон алайҳиссалом Байтул Мақдисни бино қилганида, қайси деворни қурса, у йиқилаверибди. Бас, Оллоҳ ҳазрати Сулаймонга «Ҳақдорларни рози қилмагунингча бино қурма» деган мазмунда ваҳий қилибди. Халифа Умар мазкур далилдан кейин Убайнинг ҳукмини сўзсиз қабул қилади. Аббос розияллоҳу анҳу эса кейин барибир мардлик қилиб ўз ҳовлисини масжидни кенгайтиришга беради.

Ҳазрати Умар нега Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳовлисини шартта тортиб олмади, «снос»га буйруқ бермади? Ахир, у бутун дунё мусулмонларига хизмат қиладиган масжидни кенгайтирмоқчи эди-ку! Йўқ, адолат, бировнинг ҳақидан қўрқиш ҳисси Умар розияллоҳу анҳуни бундан номақбул қадамдан сақлаган.

На тайинли ер, на товон пули бермай, уй, дўкон, бозор... қисқаси, халқ мулкини бузиб ташлаётган раҳбарларимиз ушбу ривоятдан ибрат олса бўларди...

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг