Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кўп аттракционлар Хитойдан олиб келинган ва инсон ҳаёти учун жиддий хавфдир

Кўп аттракционлар Хитойдан олиб келинган ва инсон ҳаёти учун жиддий хавфдир

Фото: «Vot.uz»

Республикамиз ҳудудларидаги маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган аттракционлар ҳолати ва уларнинг бехатар ишлатилиши бўйича текширув олиб борилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган «Истироҳат боғларида аттракцион қуришда техник хавфсизлик чоралари, муаммо ва ечимлар» мавзусидаги матбуот анжуманида маълумот берилди.

Анжуманда замонавий аттракционларни қуришда техник хавфсизлик чоралари, уларнинг мустаҳкамлиги, ёш чегарасини эътиборга олиш, аттракционларнинг ҳаракатланаётган вақтда бузилиш ҳолатлари, бу борада масъул ташкилот ва шахслар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломовнинг маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маданият ва истироҳат боғларидаги мавжуд аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш учун ҳудудлар бўйича маҳаллий ҳокимиятлар, Фавқулодда вазиятлар, Маданият вазирликлари, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, «Ўзэнергоинспекция» ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакилларидан ташкил топган 100 нафардан иборат жами 16 та ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди.

Таъкидланишича, аттракционларнинг 1 минг 292 тасида техник паспорти мавжуд эмас. 1 минг 106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.

695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

– Аниқланган камчиликлардан кўриниб турибдики, маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг аксарияти фойдаланиш талабларига жавоб бермайди, – деди Бахтиёр Ғуломов. – Бу ҳолат эса инсон ҳаёти учун хавфлидир. Юртимизга кўп аттракционлар хорижий давлатлардан, хусусан, Хитойдан олиб келинади. Ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган аттракционлар бор. Аммо етарли тажрибага эга конструкторлар йўқлиги сабабли юртимизда ишлаб чиқарилаётган аттракционлар талабга тўлиқ жавоб бермайди. Натижада бундай қурилмалар инсон ҳаёти ва соғлиги учун жиддий хавф туғдиради. Жорий йилда Жиззахда содир бўлган инсон ўлими билан боғлиқ фожиа ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилган аттракционда рўй берган. Ўрганишлар давомида ноқонуний фаолият кўрсатаётган аттракционлар фаолияти ҳам аниқланмоқда.

Келгусида болалар ҳаёти ва соғлиги билан боғлиқ нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таклифига биноан 2017-2019 йиллар оралиғида маданият ва истироҳат боғларига ўрнатилган аттракционлар сертификатлаштирилиб, уларга бириктирилган ходимлар махсус курсларда ўқитилади. Аттракционлар қуриш ва ишга туширишдан олдин техник кўрик ва синовлардан ўтказилади.

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг