Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

2020 йилда фойдаланишга топшириладиган болалар тиббиёт маркази шифокорлари Кореяда малака оширмоқда

2020 йилда фойдаланишга топшириладиган болалар тиббиёт маркази шифокорлари Кореяда малака оширмоқда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Айни кунларда пойтахтимизда барпо этилаётган Болалар миллий тиббиёт марказида қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Ҳозирда ушбу замонавий муассасани юқори технологик тиббиёт ускуналари билан таъминлаш ишлари бошланган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 130,58 миллион АҚШ долларига тенг.

Мазкур тиббиёт марказини қуриш, энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш баробарида, малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Корея Республикасининг нуфузли Пусан миллий университети клиникасида 100 нафар мутахассисларимизнинг малакасини ошириш кўзда тутилган, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Бир муддат аввал 30 нафар ҳамшира бир ойлик ўқув курсини якунлаб қайтган. Куни кеча яна 19 нафар шифокор бир йиллик ўқув курсини тамомлади. Жорий йилнинг 17 ноябридан яна 20 нафар шифокор Пусан миллий университети клиникасида малака оширишни бошлайди ва бир йил давомида билим ва кўникмаларини оширади.

Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт маркази учун келтирилаётган юқори технологик тиббий ускуналарнинг бир маромда ишлашини таъминлашга масъул 20 нафар техник ходимларнинг ҳам малакасини ошириш кўзда тутилган.

Таъкидланишича, янги марказ 280 ўринга эга бўлиб, унда кунига 250 нафар беморни қабул қилиш ва биринчи йили 1500 дан зиёд юқори технологияга асосланган операциялар ўтказиш кўзда тутилган. Ушбу замонавий шифохонада минг нафарга яқин малакали шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритиши режалаштирилган.

Мазкур замонавий ва инновацион Болалар миллий тиббиёт маркази 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг