Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

«ВИП» нима дегани ўзи?

«ВИП» нима дегани ўзи?

Фото: «vip-ref.ru»

Тушунсак-тушунмасак ҳар куни ҳеч бўлмаса бир марта шу сўзни ишлатамиз. Бу ҳаётимизга шунчалар сингиб кетдики, кўпчилик уни ҳатто ўзбекча сўз деб ўйлашгача борди. Аммо биз ҳадеб қайтараверадиган «ВИП» сўзи ҳатто русча ҳам эмас ва маъноси ҳам биз ўйлагандан кўра бошқачароқ.

Бу сўзнинг ҳаётимизга шитоб билан кириб келиш даврини уяли алоқа тизимининг дастлабки қадамлари, Ўзбекистондаги илк «сотка»лар даврига боғлаш мумкин. Бу матоҳ ҳар кимда ҳам йўқ, боридан ҳам фойдаланиш хизмати жуда қиммат эди. Кимда уяли телефон бўлса у обрўли одам бўлган даврлар. Аммо шу бахтлилар орасида ҳам бир тоифа борки, улар алоқа компаниясининг энг қиммат ва ҳамма хизматларни жамлаган, бир сўз билан айтганда суҳбатда чекловни йўқ қилган «VIP» тарифидан фойдаланадилар.

«VIP»чиларнинг обрўси алоқа компанияси олдида ҳам баланд — уларга алоҳида эътибор қилинади, мўмай даромад берувчи яхлит мижоз-да. Таниш-билишлар эса «фалончининг телефони «VIP» деб алқашади.

Аста-секин алоқа нархлари арзонлашди. «VIP» тарифига ҳам ҳожат қолмади. Аммо биз бу сўзни нафақат унутдик, балки аҳамиятини кескин ошириб юбордик.

Энди биз учун «VIP» мўл-кўлчиликни, бемалолчиликни, ўйланмай фойдаланаверишни, хотиржамликни ва умуман «ҳаммаси тўланган» деган тушунчани англата бошлади. Тўйхона «VIP», машина «VIP», ошхона «VIP», стадион «VIP»...

Қисқа қилиб айтганда ҳашамдор меҳмонхоналардаги русчасига «Всё включено́» (инглизча all inclusive) атамасини биз бир сўз ҳаётимизда ифодалай бошладик.

Хўш, биз улуғлайдиган «VIP» атамаси нимани англатади?

Инглизчасига Very Important Person ёки VIP аббревиатураси «жуда муҳим шахс», «раҳбар», «юқори мартабали шахс», «бадавлат корчалон» каби маъноларни англатиб, ўзига хос имтиёзлардан фойдаланувчи инсонларга нисбатан ишлатилади.

Руслар бу сўзни ўзларига мослаб — «Весьма именитая персона» (ВИП) шаклида ҳам ишлатишади.

Бу атама дастлаб 1940-йилларда Буюк Британия авиациясида ўзига хос эътибор ва хизматларни талаб қилувчи йўловчиларга нисбатан қўллана бошлаган. Тез орада атама бошқа соҳаларга ҳам ўтиб, у орқали шоу-бизнес вакилларига, сиёсатчилар, йирик харидорларга ва умуман бадавлат ҳамда таниқли шахсларга таъриф берилган ҳамда улар алоҳида имтиёзлардан фойдаланишини англатган.

Қисқа қилиб айтганда бу сўз (аниқроғи аббревиатура) маъносига кўра кўпчилик ўйлаганидай маълум бир хизмат тури, вазият ёки алоҳида эътиборни эмас, шунга лойиқ кўрилган шахсни англатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг