Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазир журналистлар билан тўқнашди... (1-қисм)

Вазир журналистлар билан тўқнашди... (1-қисм)

Фото: «Sputnik Казахстан»

Шу йил 19 февралда «КазТАГ» ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари ходимларини ғазаблантирган ва уларнинг кескин норозилигига сабаб бўлаётган воқеа рўй бермоқда.

Бирёқлама қараш

Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев журналистлар аккредитацияси тартибларини ўзгартириш ҳақидаги буйруқ лойиҳасини қайта кўриб чиқишини билдирган.

Гап 2013 йил 21 июнда ўша пайтдаги Маданият ва информация вазири қабул қилган «Журналистлар аккредитацияси тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 138-сон буйруғига киритилаётган ўзгартириш ҳақида кетмоқда. Агар у қабул қилинса, журналистларнинг тадбирларни ёритиш учун биноларга кириши сезиларли қийинлашади. 13 февралда муҳокамага қўйилган ҳужжат 27 февралгача муҳокама қилинади.

Вазирнинг айтишича, матбуот ходимлари бундан кейин этика меъёрларга қатъий риоя қилишлари зарур. Ҳозир амалдордорларнинг шикоят қилишича, журналистлар давлат органлари биносига гўёки бир тадбирга келишади-да, кейин хонама-хона юришади ва уларнинг ишлашига халақит қилишади.

Аммо вазир жаноблари кўплаб амалдорлар журналистлардан қочиб хонасига яшириниб олаётгани ҳақида негадир очиқ айтишни истамайди.

Фото: «Kapital.kz»

«Сизлар бу ҳужжатни охиригача ўқимагансиз ва ҳаяжонга берилаяпсизлар. Оддий иш этика қоидалари мавжуд. Сўровнома юбориш керак. Давлат органлари маълум вақт ичида унга жавоб бериши шарт. Бу ҳуқуқ эмас, уларнинг мажбурияти. Агар сиз уларни йўлакда учратиб қолсангиз, саволингизга жавоб сўрашингиз мумкин, аммо кечирасизу хонасига кириб бориш асло мумкин эмас. Одам иш жараёни билан банд бўлса, уни безовта қилиш тўғри эмас. Лекин бу ҳужжатни ҳам одамлар тайёрлаган ва хатодан холи бўлмаслиги мумкин», дея вазир ўз қарорини изоҳлайди.

«Ички тартибга ёзма розилик сўраш умум эътироф этилган меърий амалиёт. Марҳамат, музей ёки кутубхонага боринг. У ерда муайян тартиб бор ва сиз унга доим амал қиласиз. Ҳар бир давлат органининг ҳам ўз регламенти мавжуд. Уни бажаришнинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ», дейди яна Абаев осмондан тушган кишидай.

Қолаверса, у аввал аккредитациядан ўтган, бироқ таҳририятдан бўшатилган ходимлар, кейин ҳам уни суистеъмол қилиб, фойдаланиб юришганидан бош муҳаррирлар ёзғираётгани ҳам ана шундай чора кўришига сабаб бўлганини баён қилди.

Унинг шундай ҳам ахборот олиш қийин жамиятда ортиқча жараён – аккредитациядан ўтиш ва бунинг учун бир талай ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги ҳақидаги буйруқ лойиҳаси журналистларни цензура қилиш билан баробар эканлигини тушунишни истамаётгани қизиқ.

Агар буйруққа назар солсангиз, тадбир ўтаётган жойда матбуот ходими учун жой йўқ бўлса, ташкилотчилар журналистларни аккредитация қилишни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳам ахборот олиш ҳуқуқини чеклайди. Абаев оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга ҳам тузатишлар киритиш тўғрисида эслатиб ўтган.

Тўполон кўтарилгач, шошиб қолди...

Қозоғистонлик журналистлар агар вазир ўзининг аҳмоқона буйруғини бекор қилмаса, бундай ўзгаришларга нисбатан 3 та шаҳарда митинглар бошлаши мумкинлигини маълум қилишди.

Чунки янги тартибдан ҳукумат ўзига номақбул бўлган журналистлардан қутулиш учун яхши восита сифатида фойдаланиши ва шахсий маълумотларига эга бўлиши мумкин. Бу эса «тўртинчи ҳокимият»нинг давлат томонидан бўғилишини англатади.

Фото: «Sputnik Казахстан»

Абаев жаноблари тўполон кўтарилгач, шошиб қолди. Буйруқни қайта ишлаб чиқишга ваъда берди. Шу билан бирга таҳририят билан шартномавий муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш учун журналист эмас, матбуот хизматлари ва таҳририятлар жавоб беришини таъкидлади.

Янги тартиб манфаатдор томонларнинг фикри, эътирози ва таклифларини билиш учун тарқатилганини айтмоқда. Унга буйруқни эълон қилишдан аввал профессионал ҳамжамиятнинг фикрини олиш муҳим ва шу сабабли муҳокамага ташлаган. Абаевнинг қайд этишича, агар янги қоидага қарши журналистлар митинг уюштирса, у албатта тадбирга боради ва лойиҳага тушунтириш беради.

Абаев вазирликдаги ўзининг асосий фаолияти қолиб кетиб, ҳукуматдаги ўз ҳамкасбларини ҳимоя қилиш билан овора.

У бир гал журналистларга амалдорлардан ақлли жавоб олиш учун ақлли саволлар бериш кераклигини маслаҳат қилган эди.

Яқинда бир оиланинг 5 нафар боласи ўлими билан боғлиқ айблар туфайли ижтимоий тармоқларда Қозоғистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Мадина Абдулқосимованинг истеъфосини талаб қилувчи хабарлар тарқаб кетди. У эса бу талабни адолатсиз ва бирёқлама деб атар экан, журналистларга яхшиси бу каби фожиавий хабарларни кўп ҳам тарқатмасликни тавсия қилган эди.

У эҳтимол ахборотлаштириш, алоқа ва рақамли техникалар ривожи бўйича яхши мутахассис бўлиши мумкиндир, аммо фикр ва сўз эркинлиги, журналистлар ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида кетганда мақтана олмайди. 

Маълумот учун айтиш керакки, Даурен Аскербекович Абаев 1979 йилда туғилган. Форобий номидаги Қозоғистон миллий университетини тамомлаган. 2001-2003 йилларда ташқи ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаган. 2003-2007 йилларда Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси учинчи котиби, Нидерландиядаги муваққат ишлар вакили, 2007 йилда ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари бўлган.

2007-2016 йилларда Қозоғистон Президенти протоколи бош эксперти, матбуот котиби ўринбосари, Президентнинг матбуот котиби – маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. 2016 йил 6 майдан Қозоғистон Республикаси ахборот ва коммуникациялар вазири бўлиб келмоқда.

А.Ҳасанов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг