Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазир ҳисобот берди, бироқ ғиж-ғиж рақамлар билан асабни қақшатгани йўқ...

Вазир ҳисобот берди, бироқ ғиж-ғиж рақамлар билан асабни қақшатгани йўқ...

Фото: Адлия вазирлиги

Бугун Адлия вазирлигида журналист ва блогерлар учун махсус тадбир ташкил этилди.

Тадбир вазирлик тизимида ўтган йили амалга оширилган ишлар ҳисоботига оид бўлса-да, анъанавий — эски қолипда ўтказилмади. Яъниким, ғиж-ғиж рақамлардан иборат матн ҳижжалаб ўқиб берилмади, қилинган ишлар баланд пардаларда айтилмади, гапни чўзиб «вақт ўлдириш»га ҳаракат ҳам бўлмадики, бу ўз навбатида савол-жавоблар учун яхшигина имконият яратди. Тўғри, аввалбошдан мазкур тадбир «очиқ мулоқот экани» айтилганди. Бироқ тажрибада кўпгина «очиқ мулоқотлар» қуруқ ва зерикарли ҳисобот-ахборотга айланиб кетар, натижада кўпгина оммавий ахборот воситалари ходимлари тадбир ниҳояланишини кутмай «инглизча хайрлашиб» жўнаворарди-да.

Бугун бундай таниш манзара кузатилмади. Вазир Русланбек Давлетов қисқа ва лўнда (эътирборлиси ғиж-ғиж рақамларни иложи борича тилга олмай) гапиргач, дарҳол савол-жавобларга ўтилди. Зеро, иштирокчиларга тадбир аввалида чиройли шакл ва безакда чиқарилган «Адлия ҳисоб беради-2019: йил ҳисоби ва режалар» тўплами тарқатилган, ундаги маълумотларни қайта ўқиб беришдан маъно ҳам, мантиқ ҳам йўқ эди-да.

Қисқаси, вазир журналист ва блогерлар томонидан икки соатдан (!) кўпроқ «саволбўрон» қилинди. Шунингдек, тадбир тугаши ҳамоно ҳаммадан бурун кетвормади, аксинча, «қолган-қутган» саволларга йўл-йўлакай жавоб беришига ҳам тўғри келди. Бу жараёнда баҳс-мунозалар ҳам бўлди, вазирни «бурчакка қадашга» ҳам уринилди, мавзу доирасидан четга чиқишларди ҳам, илло буни кўплар малол олмади. Муҳими — саволлар бежавоб қолмади. Жавобдан кимнинг «қорни тўйди-тўймади» — алоҳида масала.

Тадбир тафсилотлари бир парча хабар ёки икки бет мақолага сиғмаслиги тайин. Шу боис бу ҳақда бир неча ихчам-ихчам ахборот тайёрлаш мақсадга мувофиқдай. Ушбу «дебоча»дан мурод — Адлия вазирлиги оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун очиқ мулоқот ташкил этиш ва ўтказишда алоҳида намуна кўрсатганини эътироф этиш, холос.

Демак, тафсилотларга оид хабарлар яқин соатларда. Бизни кузатишдан эринмасангиз, бас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг