Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Вақф» фонди яна бир бор раддия берди

«Вақф» фонди яна бир бор раддия берди

20 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда «Вақф» фонди фаолияти ҳақида яна асоссиз хабарлар тарқалди. Бу сафар ҳам фондга келиб тушаётган маблағлар мақсадсиз сарфланаётгани, шаффофлик йўқлиги айтилганди. Фонд бугун ушбу ҳолатга раддия бериб чиқди.

Бу «Вақф» фондининг биринчи раддияси эмас. Шу йил апрель ойида фонд раиси ўзига «Малибу-2» хизмат машинасини сотиб олгани ҳақида хабар тарқалганди. Табиийки, бу хабар ҳам рад этилган ва машина нуфузли меҳмонлар учун хизмат қилиши айтилганди.

Май ойида эса вақф мулки сифатида ажратилган хонадонда фонд раҳбарининг ўзи яшаётгани, шунингдек, уйи ёнган фуқароларга «Вақф» фонди томонидан кўрсатилган мурувват билан боғлиқ бошқа ҳолатни ҳам тилга олганди. Фонд бу хабарни ҳам рад этган.

Кеча эса «Вақф»га тушаётган маблағлар ҳақида очиқ маълумотлар йўқлиги ҳақида тарқалган хабарларга «Вақф» фонди яна раддия берди ва 9 ой давомида бажарилган энг асосий хайрия ишларини баён қилди.

Фонд тарқатган хабарга кўра:

  • 1593 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга 1 миллиард 841 миллион 587 минг сўмлик моддий ёрдам ҳамда 80 миллион сўмлик 40 дона ногиронлик аравачалари тарқатилди.
  • Ёрдамга муҳтож 3 фуқаронинг уйлари 8 923 000 сўмлик фонд маблағлари ва ҳомийларни жалб этган ҳолда қайта таъмирланди.
  • «Вақф» фонди томонидан шу йил январь ойидан бошлаб жойлардаги 770 та олис ҳудудда жойлашган ва кам даромадли масжидлар имом-хатибларига ойлик маошлари учун ҳар ой 370 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилмоқда.
  • Тошкент ислом институтида янги ташкил этилган «Модул» таълим тизимида 60 ўринга мўлжалланган дарс хоналар, ўқув предметлари, таълим дастгоҳлари, ошхона ва ётоқхона учун 190 миллион сўм маблағ сарфланди.
  • Шу йил февраль ойида Сурхондарё вилоятидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган 8 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бу ишларга жами 70 000 000 сўм сарфланди.
  • Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Рамазон ойида 157 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
  • Рамазон ойида 2 миллиард сўм закот ва хайрия маблағлари ҳақдорларга етказилди.
  • «Қурбонлик – 2019» хайрия тадбирлари доирасида 70 га яқин йирик ва 260 га яқин кичик қорамол қурбонлик қилинди. Йигирма мингга яқин кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқароларга қурбонлик гўштлари тақсимлаб берилди.
  • «Мурувват карвони» хайрия тадбирида 200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачалари тақдим қилинди. Тадбирлар доирасида жами 190 миллион сўм маблағ сарфланди.
  • «Ҳилол-нашр» нашриётида чоп этилган 93 миллион сўмлик 3000 дона Қуръони карим китоблари барча вилоятлардаги жоме масжидларга ҳадя қилинди.
  • 14 миллион сўмлик диний китоблар Навоий вилоятидаги 15 та масжидга етказилди. Тошкент шаҳридаги «Сузук ота» масжиди кутубхонаси учун 3,7 миллион сўмлик диний китоблар тақдим этилди.
  • Тошкентдаги Хадичаи Кубро ўрта махсус аёл-қизлар ислом билим юртининг 10 нафар талаба қизларига 2-семестр учун 27 050 000 сўм ўқув шартнома пули тўлаб берилди.
  • «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртининг 5 нафар эҳтиёжманд талабасига 16 250 000 сўмлик ўқув-шартнома пули тўлаб берилди.
  • Бухоро вилоятидаги «Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига 30 миллион сўмлик 10 дона компьютер жамланмаси берилди.
  • Республика гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида даволанаётган оқ қон (лейкоз) касаллиги билан касалланган беморларнинг 85 нафарига 137 миллион сўм ёрдам пуллари берилди.
  • Эшитиш ва гапиришда нуқсони бор фуқаролар учун барча вилоятларда жума маърузаларини сурдо таржималарини намойиш қилиш лойиҳаси бўйича 70 миллион сўм маблағ ажратилди.
  • Навоий шаҳрида ҳомийлар ёрдамида 7 та никоҳ ва 35 нафар боланинг суннат тўйи ўтказиб берилди. Ёш оилаларга хайрия тариқасида 3 500 000 сўмлик электр-техника жиҳозлари, суннат тўйи ўтказилаётган болаларга эса велосипед ва кийим-кечаклар етказиб берилди.
  • Тошкент шаҳридаги «Олтинтепа» маҳалласи ҳудудида биринчи «Вақф-мед» дорихонаси ташкил этилди. Савдодан тушган маблағ вақф мулкларини шакллантириш ва хайрия ишларига йўналтирилмоқда.
  • Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида бир кунда 2 минг дона қолипли нон ишлаб чиқарилмоқда. Ўз навбатида айтиш керакки, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзига хос қатъий талаблари бўлгани боис, ушбу шароитларни ҳозирлаш учун мазкур цех бир неча кун фаолият олиб бормади. Шунингдек, ушбу цехга тоза ичимлик суви олиб келиш учун ҳам бир неча кун сарфланди. Айни кунларда цехнинг фаолияти бир маромда давом этмоқда.
  • Фондга ажратилган Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган 16 гектар ер майдонида бугунги кунда лимон ва кунгабоқар экинлари парваришланмоқда.
  • 2018 – 2019 йиллар давомида зиёратгоҳларни қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, коммунал тўловларни тўлаш ва 750 нафарга яқин зиёратгоҳларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақлари ва бошқа харажатларга жами 17,1 млрд. сўм маблағ сарфланган.
  • Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятларининг энг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган бир неча масжидларнинг бунёд этиш ишларига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ миқдоридаги қурилиш материаллари етказилган.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг