Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Вафот этган фуқаро солиқни қандай тўлайди?

Вафот этган фуқаро солиқни қандай тўлайди?

Айни вақтда Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими иш юритувида мавжуд бўлган қарздор жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижро ҳаракатларида бир неча йиллар олдин вафот этиб кетган фуқаролар бугунги кунда фуқаролик тартибида судга берилганлиги ва суд томонидан қарздор жисмоний шахслардан солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисида суд буйруқлари чиқарилаётганлиги аниқланган.

Жумладан фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро суди томонидан қарздор А.Худойбердиевдан ундирувчи туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 185 минг 463 сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисида 2017 йил 8 июнда суд буйруғи чиқарилган. Лекин қарздор А.Худойбердиев 2016 йилнинг 3 май куни вафот этган. Бу каби суд буйруқлари аввал вафот этган М.Қобилов, М.Саидова, Р.Юлдошевларга нисбатан ҳам чиқарилган. Бундай ҳолатлар бўлим иш юритувида мавжуд бўлган солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ қолдиқдаги ижро хужжатлари орасида юзлаб учрайди.

Бундан ташқари, бўлим иш юритувида мавжуд бўлган қарздор жисмоний шахслардан ундирувчи – туман ДСИ фойдасига солиқ қарздорлигини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг кўпчилигида бир нафар қарздор жисмоний шахс номига иккита СТИР ҳисоб рақамлари очилганлиги ҳолатлари ҳам борлиги ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашда муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Жумладан, ФИБ Каттақўрғон туманлараро судининг 2017 йил 14 мартдаги қарздор – Зохидов Султон Маликовичдан ундирувчи – туман ДСИ фойдасига 310 минг 70 сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувида мавжуд бўлиб, ижро ҳаракатлари олиб борилган. Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга нисбатан давлат ижрочисининг қонуний талабларини бажармаганлиги сабабли энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари, яъни 861 минг 200 сўм жарима жазоси қўлланилган ва давлат фойдасига ундирилган. Аниқланишича, қарздор С.Зохидов номига туман ДСИ томонидан иккита СТИР ҳисоб рақами очилган бўлиб, қарздор фуқаро ўзига маълум бўлган СТИР ҳисоб рақами бўйича ер ва мол-мулк солиғини ўз вақтида тўлаб келган.

Ҳар бир давлат органи, ҳар бир мансабдор шахс ўз вазифасига сидқидилдан ва виждонан ёндошса, бу каби ҳолатлар учрамайди. Шундагина давлат органлари ва фуқаролар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг олди олинади.

Ҳусниддин ЖУМАЕВ,
Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими давлат ижрочиси

Манба: zarnews.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг