Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

USAID’дан махсус дастур: беш йил ичида ишлар беш бўлдими?..

USAID’дан махсус дастур: беш йил ичида ишлар беш бўлдими?..

Фото:«USAID»

USAID – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш дастурининг муваффақиятли якунига бағишланган тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Виртуал тарзда ўтган маросимда Қўшма Штатларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Роземблюм, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев, агентлик ваколатхонаси ходимлари ва халқаро донорлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Тадбирда агентликнинг қишлоқ хўжалиги дастури доирасида узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келаётган давлат ва хусусий сектор вакиллари ҳам қатнашди.

«Ўзбекистондаги боғдорчилик соҳаси USAID кўмаги натижасида сўнгги беш ярим йилда шубҳасиз янада мустаҳкамланиб, рақобатбардошлиги ошди. USAID кўмагида ўзбек корхоналари янги технологиялар ва қишлоқ хўжалигининг янги амалиётларини жорий қилди ва стратегик инвестицияларни жалб қилиш орқали ўз фаолиятини кучайтирди. Бундан ташқари, лойиҳа ҳамкорларининг чет элга мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми 2015 йилдан бери 250 фоизга ўсди, ўзбек фермерларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги даромади эса 2 баробардан зиёд ошди», – деди тадбирда сўзлаган элчи Дэниэл Роземблюм.

Фото:«USAID»

Хусусан, қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси ишга туширилгач, юқори қўшимча қийматли тижорий боғдорчиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ва хусусий сектор билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Дастур давомида таъминот занжирининг барча иштирокчилари, шу жумладан, мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш, совитиш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи 510 ташкилот ва корхоналарнинг таъминот занжирини мустаҳкамлаш учун ўзаро робита ўрнатилди. Шунингдек, экспорт қилувчилар чет эллик харидорлар билан алоқа ўрнатиши ва янги бозорларга чиқиши йўлга қўйилди.

Дастур орқали USAID мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасининг хусусий секторига 23 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилди. Натижада боғдорчилик ерларининг 11,4 фоизида қишлоқ хўжалиги амалиётлари яхшиланди ва соҳа ишлаб чиқарувчиларининг 55,1 фоизи янги амалиёт ўзлаштиришига сабаб бўлди.

Шунингдек, мутахассислар ва дастур фаолияти доирасида пайдо бўлган янги 75 маслаҳат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар билан биргаликда маҳаллий ҳамкорлари учун 100 минг соатдан ошиқ тренинг машғулотлари ташкил қилди. Ушбу тренинглар давомида ёзиб олинган видеолавҳалар YouTube сайтига ҳам жойлаштирилди ва ҳозиргача 4 миллион мартадан ортиқ кўрилди.

Ўзбекистон ЯИМда қишлоқ хўжалиги улуши салмоқли экани, аҳолининг катта қисми аграр секторда банд экани маълум. USAID мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги секторини диверсификациялаш, тизимга илғор усул ва услубларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорига чиқишига кўмак бериб келмоқда.

Яқинда ҳам USAID томонидан бутун дунё бўйлаб потенциал харидорларга қимматли ахборот тарқатиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларидаги мева-сабзавот экспорт қилувчилар тўғрисидаги маълумотнома нашр этилди.

Тўпламда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги 120 дан ортиқ экспорт қилувчига доир батафсил ахборот жамланган.

Маълумотларга қараганда, Америка халқи USAID орқали 1993 йилдан бери Ўзбекистонга 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг