Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ургутда кўчадан ҳам пул қилишади

Ургутда кўчадан ҳам пул қилишади

Фото: «Xabar.uz»

Турли шаҳарларимизда бозорлар ва уларнинг атрофидаги автотураргоҳлар масаласида доим муаммолар бўлган. Қайсидир бозор атрофида автотураргоҳнинг ўзи йўқ, одамлар машинасини шундоқ катта кўчанинг ёқасига қўйиб бозорга кириб кетаверади. Қайсидир бозор олдида автотураргоҳ бор, аммо кириб-чиқиш нархи шароитдан келиб чиқиб белгиланмаган, чек берилмайди. Яна қаерлардадир бозор атрофидаги ерларни кимлардир ноқонуний автотураргоҳ қилиб олган. Қисқаси, бу масалада муаммо кўп.

Бундан бир ярим ой олдин,  аниқроғи 2018 йил 4 июнь куни Самарқанд шаҳрида чоп этиладиган «Зарафшон» газетасида Самарқанд вилоят солиқ бошқармаси бош мутахассиси Т.Маҳматмуродов томонидан бир хабар берилди. Унда Ургут туманидаги «Ургут савдо комплекси» масъулияти чекланган жамияти ҳудудида шу туманнинг Камонгарон маҳалласида яшовчи, 1981 йилда туғилган Н.Н. ноқонуний равишда автомобилларни вақтинча сақлаш жойи ташкил қилгани аниқланганлиги ва бу иш юзасидан Ургут туман солиқ инспекцияси ходимлари далолатнома тузгани ҳақида айтилган эди.

Фото: «Xabar.uz»

Бугун «Xabar.uz» мухбири ўша ишдан кейин савдо мажмуаси ва унинг атрофида автотураргоҳ масаласи қандай ҳал этилганини ўрганиш мақсадида Ургутга борди. Мухбиримизнинг хабар беришича, туман солиқ инспециясининг далолатномаси амалда ҳеч нарсани ўзгартирмаган. Савдо мажмуаси ҳудудида, унга ёндош кўчаларда бугунги кунда ҳам қандайдир шахслар ноқонуний фаолиятини давом эттирмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Мухбиримиз бозор ҳудудига бориб ноқонуний «стоянчик»ларни кузатиб турган маҳалда уларнинг олдига бир киши келиб нега автотураргоҳга кириб-чиқаётган машиналардан пул олиниб чек берилмаётгани ҳақида сўраб-суриштирган. Шундан сўнг «стоянчик»лар дарров нарсаларини йиғиштириб, бозор ҳудудига қочиб кетган. Бироздан кейин уларнинг фаолияти билан  қизиққан одам кетганидан сўнг яна ўз фаолиятини давом эттирганлар.

Бу ердан бир кунда минглаб мошиналар ўтиб-қайтади ва бунинг ортидан ноқонуний «стоянчик»лар миллионлаб пул ишлашади.

Фото: «Xabar.uz»

Мухбиримизнинг хабар беришича, ўша ҳудудда у ернинг автотураргоҳ эканлигини билдирувчи биронта ёзув йўқ. Нархлар прейскуранти йўқ. Фақатгина ҳудуд «Urgut avto center» МЧЖга қарашли шоҳбекатлиги ҳақида ёзув бор холос.  Ноқонуний «стоянчик»лар ҳудуднинг чиқиш жойида икки-учта бўлиб туриб олиб, у ерга кирган автоулов эгаларидан ким қанча пул берса олмоқдалар. Шунингдек ўша ҳудудга кирадиган йўлнинг ҳам, савдо мажмуаси атрофидаги бошқа йўлларнинг ҳам ўз эгалари бор ва кўча ёқаларини ноқонуний равишда пулли автотураргоҳ қилиб олишган.

Фото: «Xabar.uz»

Бу масалани сайтимизда ёритар эканмиз, «Ургут савдо комплекси» савдо мажмуаси маъмуриятидан, Ургут туман ҳокимиятидан, туман солиқ инспекциясидан савдо мажмуаси ҳудудидаги ва мажмуага ёндош кўчалардаги ноқонуний «стоянчик»лар масаласида изоҳ кутиб қоламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг