Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Туркиялик шифокорлар Наманганда мураккаб операцияни ўтказишди

Туркиялик шифокорлар Наманганда мураккаб операцияни ўтказишди

Наманган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар кардиожарроҳлик бўлимида туркиялик ва ўзбекистонлик шифокорлар томонидан навбатдаги мураккаб операция амалга оширилди.

Олти ёшли Баҳодиржон Исроилжонов юрак туғма нуқсонидан қийналаётган эди. Болалар жарроҳи, доцент Салим Беличи ва болалар кардиологи Иброҳим Энче Баҳодиржоннинг юраги атрофида йиғилган суюқликни чиқариб, каринар бўшлиғига дренаж ўрнатиб, «перикардиоцинтез» амалиёти маҳорат билан бажарилди.

Иккинчи амалиёт якунида 15 кунлик чақалоқ Имона  Иброҳимжонованинг ҳаётига хавф солаётган марказий цианоз – юракнинг меъёридан ортиқ уриши дефибриллятор воситасида одатий маромга туширилди. Энди қизчанинг саломатлигидан хавотирланишга ҳожат қолмади.

Шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида илмий-амалий анжуман ташкил этилиб, Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА) ташаббуси билан диёримизга ташриф буюрган турк олим-шифокорлари жарроҳ Юнус Эмре, доктор Умид  Доган ва доцент Али Гунешлар уч кун мобайнида «Шошилинч ҳолатларда болалар ҳаётини сақлаб қолиш», «Операциядан сўнг болаларни парваришлаш» мавзуларида машғулотлар ўтказишди. Уларда вилоятнинг даволаш - профилактика муассасалари ҳамда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларида фаолият олиб бораётган болалар жарроҳлари, педиатрлар ва анестезиологлардан 63 нафари иштирок этди.

Анжуманда назариётчи ва амалиётчи мутахассислар педиатриядаги асосий шошилинч ёрдам, нафас етишмовчилиги ва шок ҳолатларида  ҳаво йўлини очиш ҳамда ҳаво ўтишини таъминлаш, юрак тўхташини даволаш, ритм бузилишларида ёрдам кўрсатиш, травма ҳолатларида реанимация ҳамда умуртқани фиксациялаш, бемор болани реанимациядан чиқариш каби бир қатор мавзуларида маъруза қилдилар.

Семинар-тренинг давомида ТIКА агентлиги томонидан вилоятга беғараз ёрдам сифатида замонавий реанимобиль тақдим қилинди. Мазкур тез ёрдам автомашинаси энг мукаммал тиббий асбоб-ускуна ҳамда қурилмалар билан жиҳозланган бўлиб, ҳар қандай оғир касалликни бошидан кечираётган беморни хавфсиз ва кафолатли равишда шифохонага етказишга ихтисослаштирилган. Айни пайтда тўртта Тayota реанимобили Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси  таркибида вилоят маркази аҳолисига шошилинч тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг