Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Тошқалъа-Тошкент». Бир «домовая книга» ва оила тарихи

«Тошқалъа-Тошкент». Бир «домовая книга» ва оила тарихи

Фото: «Google.com»

Яқинда ота ҳовлимнинг «домовая книга»си қўлимга тушиб қолди. 1995 йилда очилган ушбу дафтарнинг дастлабки 3 саҳифасида оила аъзоларимизнинг исми бор. Қолган саҳифаларда хоразмликлар, қашқадарёликлар, водийликларнинг узундан узоқ рўйхати турибди. Уй дафтарини варақлаб, болалик хотираларим уйғониб кетди.

Яхши эслайман, мана бу қўшкўпирлик Алламберганов Раҳимберган ака ўзи меҳнат ўқитувчиси эди (менга табуретка ясаб берганди), Алишер ака деган тарих ўқитувчиси ҳам бор эди, катта сариқ канцелярия дафтарига туппа-тузук шеърлар қоралаб турарди, кечқурунлари отам ва биз билан тарих бўйича баҳслашиб турарди. Аграр университетга контрактга ўқишга кирган мана бу икки талаба ҳам аниқ-равшан эсимда. Улар ҳовлимиздаги катта-кичик қурилишларда ишлаган усталар эди. Данғараликлар бетон, қўшкўпирликлар ғишт қуйган, балиқчиликлар сувоқ қилган уйимизда бир неча йил давомида усталар аримаган. Отам хат-ҳужжатга пухта вилоятдан келган усталарни бизникига вақтинчалик рўйхатдан ўтказиб қўярдилар.

Бўзсув канали бўйидаги янги маҳалламизда тез-тез «қочди-қувди» мусобақаси ўтказилиб турарди. Ҳамма ҳовли-жой эгалари ҳам усталарини «прописка» қилгиси келмас, милиция уларни йиғиштириб олиб кетар, яқинимиздаги «Ўрикзор» бозорида ишлайдиган «пропискаси йўқ»лар эса қалин иссиқ сув трубасининг устидан маҳалламизга қочиб кириб беркинишарди.

Отам уйимизда 10 кун ишлаши аниқ бўлса ҳам усталаримиз паспортига 6 ойга «в/п» уриб келардилар, «буларнинг айби тирикчиликми, бизникида иши тугаб, бошқа жойда ишласа ҳам сарсон бўлмай, қўрқмай юраверади», дердилар.

«Мусофирнинг дилини оғритиб бўлмайди!» Биз тўрт фарзанд ота-онамиздан шу гапни эшитиб катта бўлдик, ҳар ёз-куз фаслида янги шева ва урф-одатларни ўргандик. Онам тўртала боласи нима еган бўлса, усталар дастурхонига ҳам ўшани қўярди, якшанба куни дор-дор кийимларимиз қаторида уларнинг ҳам ювилган уст-боши турарди.

Балки шунинг таъсиридами, мактабда ҳам, университетда ҳам, ишхонада ҳам энг яқин дугоналарим — республиканинг турли ҳудудларида ўсиб-улғайган қизлар бўлди.

Балки шу тарбия ва муҳит сабабми, мен... фарғоналик йигитга кўнгил қўйиб, турмушга чиқдим. 2009 йил октябрда тўйимиз бўлди. Ва кейин... нега бу «Тошқалъа-Тошкент»ни ёриб ўтиш бунчалик қийинлигини, ўша битта печать қадрини тушундим.

Хўжайним давлат гранти асосида хорижда таҳсил олганликлари учун шартномага кўра, ўзлари яшайдиган ҳудудда 5 йил ишлаб беришларига тўғри келарди. Иш жойини Тошкентга кўчириш учун дарҳол доимий рўйхатдан ўтиш керак эди. Ҳаммаси оддийдек туюлди, ҳужжатларни тўпладилар, туман ИИБ га чиқсалар, доимий рўйхат учун негадир ҳужжатлар қабул қилинмаётганини айтишди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас «доимий прописка» деган балолар балоси «ёпилиб қолди»!

Хўжайиним — янги иш бошлаган ходим, катта ваъдалар билан четга ўқишга жўнатилган ёш, мен эса ҳали талаба, телевидениеда ишлайман. У кишини иш жойини Қўқонга белгилашди. Баҳона — доимий прописканг йўқ. «Бу ерда оилам бор ахир», деган гап, ЗАГС ҳужжати пропискасиз бир тийинга тенг бўлиб чиқди.

Ҳаёт бошланди.Икковимиз орамизда 332 километр. Қўқон-Тошкент-Қўқон йўналишидаги барча такси ҳайдовчилари турмуш ўртоғимни таниб улгурди: ҳар жума кечқурун Тошкентга келардилар, душанба тонгида Қўқонга ишга борардилар. Оиламизга «шанба-якшанба» деб лақаб қўйгандик. Бир ўзим «дом»да яшолмаганим учун ота уйимдан ўқишга қатнардим. Маҳалладагилар «ҳар куни шўтда-я» дейишидан уялиб, машинанинг ичида бошимни эгиб олардим. Кулгули!

Турмуш ўртоғим ўзи ишлайдиган ташкилотнинг Тошкентдаги бош офиси эшигини бир неча марта тақиллатди.

— Сени Тошкентга чақиролмаймиз, чунки доимий прописканг йўқ, ишдан бўшашга ҳам ҳаққинг йўқ, чунки давлат сенга 5 йил давомида 25 минг$ тўлаган, агар қайтарсанг, марҳамат!

— Мени марказга чақиринг, демаяпман, айтайлик, Чирчиққа қўйинг, жон деб ишлайман, фақат кечқурун уйимга, эрталаб ишга қатнай олсам бўлгани. Ахир филиалларимиз ҳамма ёқда бор-ку. Аштда ишлайманми, даштда ишлайманми, ташкилотга бунинг фарқи бўлмаса керак?

... Акциядорлик компаниясининг ўша пайтдаги раҳбари ҳаммаси вазирликка боғлиқлигини, мақсадли таълим кадрлари вазирлик назоратида эканини айтди.

Давлатнинг 25 минг долларини кетказиб ўқиб келган турмуш ўртоғим «эсиз ўқиш», «эсиз орзулар» дея тайин иш бўлмайдиган бўлинмага қатнашдан зерикар, доим МДҲнинг любой давлатига дипломим ўтади, кетдик, деяверардилар. Ўша пайтдаги тушкунлик ва изтироблар эсимдан чиқмайди. Тошкентга келиб, оиласи билан яшаш ва шу ерда ишлашни истаб қабулга кираверадиган, ариза ёзаверадиган ходим-турмуш ўртоғимни «ёзғувчи»га чиқариб қўйишди.

2010-2011 йилларда «Фуқаро мурожаатлари» тўғрисидаги қонун жуда «мода» бўлган пайтлар эди. Мен бу қонун ва «Оила» кодексини ўрганиб чиқдим, юристлар билан маслаҳатлашдим. Аёл кишиман, мени эътиборга олишар, деган умидда «Навоий» кўчасида ўша пайтдаги соҳа вазирининг гоҳ қабулини, гоҳ қора машинасини пойлашни бошладим. Хўжайиним билан бирга ўқиган, тўйимизга келган курсдошларини вазирлик эшигида кўриб қолардим, аёл бошим билан турганимга яна хижолат бўлардим.

Вазир мени қабул қилса айтадиган гапларимни кўп қайтарардим.

— Ҳурматли ....вич, турмуш ўртоғимни кўп йилдан бери шахсан танийсиз, ўқиётган пайтида учрашгансиз. Ўзингиз мақсадли таълим учун сармоя киритиб жўнатган талабангизни шаҳар ичи ёки атрофидаги филиалга ишга қабул қилсангиз, илтимос. ֿ«Оила» кодексида ҳам эр ва хотин турар жойни танлашда эркинлиги ёзилганку ахир...

Мен азбаройи ёш дилетант журналист ўша вақтда вазир жаноблари «КабМин»даги кабинетларидан бери келмасликларини билмасдим.

Юқоридаги гапларимни ва девонга қатнайвериб, ҳомиламни йўқотганимни бир мартагина кадрлар бўлимининг энг кичик ходими эътиборсиз эшитди ва ҳеч қандай жавоб бермади.

Ҳаммасига қўл силтаб, кута бошладик. Тўйимизга 2 йил бўлганда прописка «очилди». Вазир ўзгарди, ... АК бош директори ўзгарди, биринчи мулоқотдаёқ хўжайинимнинг пойтахтдаги иш жойи тайин бўлди. Паспортга 5-банд тушди.

5 йил ишлаб, грантни қоплаб бўлганидан сўнг хўжайиним бутунлай соҳасини ўзгартириб юборди.

Кўп ўтмай «вақтинчалик прописка» эпидемияси бошланди. Энди бошқа яқинларимга зарар тегиши бошланди. Энг яхши ҳамкасбларим, энг яхши дўст-дугоналаримнинг паспортида 6 ойлик печати бўлмагани важидан ишдан бўшатиб юборишганида давлат телевидениеси жуда катта кадрлар салоҳиятини бой берганига гувоҳ бўлдим. Тўғри, аввалига ҳамкасбларимнинг штати вилоят филиалларига жўнатилди, бироқ улар ортга қайтишни исташмади. Бугун хусусий ОАВда ўзини топган ва муваффақият билан ишлаётган собиқ твчиларни кўриб бу йўқотишнинг ўрни тўлиши қийин, дейман...

Мана ҳозир «вақтинча прописка» билан ишга олишга рухсат тегди. Ишхонамга янги бўлажак кадрлар оқими кириб кела бошлади. Аммо амалиёт чоғида университет ётоқхонасида рўйхатда турган бу талабалар ўқишни битиргач, «кўчада қолишяпти». Ижара уй топиш ишмаску-я, лекин эгасининг кўпинча ижрачилар билан шартнома тузишга ҳуши йўқ. Ўзимиз шунинг жабрини тортганимиз учун хоразмлик, жиззахлик дугоналаримни (прописка туфайли айниқса қизларнинг сарсон бўлишига чидай олмайман), хўжайиннинг дўстларини вақти-бемаҳал «домимиз» га рўйхатга қўямиз. Чунки бу «ўзингни таҳқирлангандек ҳис қилиш» йўлини биз ҳам босиб ўтганмиз.

Айтмоқчи бўлганим, шаҳарда яшаш ҳуқуқини берадиган бу бир парча қоғоздаги печать аллақачон ўзининг маъно-мантиғини йўқотган. 5 кундан 10 кунга ўзгартирилди деган гаплар ҳам ҳақиқий манзара олдида ёлғон ечим.

Қанчадан қанча ишга киролмаган, ё ишидан «ҳайдалганлар», узоқ-яқинга кетган «мия»лар, пойтахтдаги уйини мажбурликдан бировнинг номига расмийлаштириб, сўнг фирибгарларга куйиб қолганлар, ўз юртида ўғри бўлмай, ғар бўлмай туриб, яшил формадан қочиб бекинган ака-укалар, эр-хотин сифатида бирга яшалмаган йиллар ва кўплаб ватандошларимизнинг тақдири, орзулари ҳаққи-ҳурмати бу мантиқсизликни тўхтатиш керак.

Азиза Қурбонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг