Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда йирик «Лирика»фурушлар қўлга тушди (видео)

Тошкентда йирик «Лирика»фурушлар қўлга тушди (видео)

Кадр: «YouTube»

Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари билан ҳамкорлиқда инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатувчи кўп миқдордаги «Лирика» ва «Трамадол» номли дори воситаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Galenika Farm» МЧЖ дорихонаси раҳбари, фуқаро Ж.А. хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилган 3360 дона «LYRICA» номли дори воситасини ноқонуний равишда сотаётган чоғида қўлга олинди. Бу ҳақда ДБҚ ахборот хизмати хабар берди.

Шундан сўнг, ушбу шахс раҳбарлигида фаолият кўрсатувчи «Galenika Farm» масъулияти чекланган жамияти дорихонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу дорихонада яна 112 дона худди шу каби дорилар сотилаётгани, унинг эгнидаги курткаси чўнтагидан ҳам 14 дона «LYRICA» номли дори воситаси борлиги аниқланди. Шунингдек, ушбу шахс 111 дона «LYRICA» дори воситасини дорихонанинг ювиниш хонасига яшириб қўйгани ҳам аниқланди.

Текширув давомида Ж.А.га ушбу дориларни «Dilnur farm plyus» МЧЖ дорихонаси раҳбари фуқаро Т.З. келтириб бергани маълум бўлди.

Шундан сўнг мазкур дориларни етказиб берган фуқаро Т.З.нинг автомашинасини кўздан кечириш жараёнида ушбу автомашинада 10 дона «Трамадол» номли инсон саломатлигига кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланди.

Ушбу шахс фаолият кўрсатувчи «Dilnur farm plyus» МЧЖга қарашли дорихона холислар иштирокида кўздан кечирилганда эса ушбу дорихонада ҳам жами 45 дона «LYRICA» номли дори воситалари ноқонуний равишда сотиш мақсадида сақланаётгани аниқланди.

Ачинарлиси шундаки, занжир тариқасида содир этилган ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолатларида дорилар таъминоти қўлдан-қўлга, бир дорихонадан иккинчи дорихонага ноқонуний етказиб бериш орқали амалга оширилган, дейилади хабарда.

Чунки фуқаро Т.З.нинг дорихонасида сотилаётган «LYRICA» дори воситасиларининг бир қисми «Музаффар» исмли шахс томонидан, яна бир қисми эса фуқаро О.У. томонидан етказиб берилган.

Тезкор тадбир давомида фуқаро О.У. бошқарувидаги «Кобальт» русумли автомашина кўздан кечирилганда 49 дона «LYRICA» номли дори воситалари борлиги аниқланди.

Мазкур қонунбузарликларни содир этган шахслардан қиймати 66,5 млн. сўмлик, 3700 донадан зиёд «LYRICA» ҳамда «Трамадол» дорилари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат буйича божхона текширувлари ва суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг