Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда яна бир янги масжид очилди (фото)

Тошкентда яна бир янги масжид очилди (фото)

Фото:«Muslim.uz»

Хабарингиз бор, Рамазон ойида Тошкент шаҳрида «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф», «Сузук ота», Термиз шаҳрида «Ҳаким Термизий» номида янги масжид-мажмуалар очилган эди. Баракотли ойдан кейин ҳам хушхабарлар давом этиб, Тошкент шаҳридаги яна бир масжид давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.

Фото:«Muslim.uz»

12 июнь куни Учтепа туманидаги «Кўркамобод» маҳалласида «Файзуллахўжа ўғли Муродҳожи» жоме масжиди расмий фаолият бошлади. Масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари жамоани янги масжид билан қутлаб, Аллоҳнинг байтида тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати Қиёмат қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган пок ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилдилар.

Фото:«Muslim.uz»

Аслида, ушбу ибодат уйи 1997 йилда қурилган бўлиб, маҳаллий масжид сифатида фаолият юритиб келган. Маҳалланинг жонкуяр кишилари, кўпни кўрган кексалари томонидан масжидни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қилинган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ бугун маҳалла аҳлига Аллоҳ таоло ушбу мўътабар жоме масжидни инъом этди.

Фото:«Muslim.uz»

– Бизга энг яқин масжид «Саид Ваққос ота» жоме масжидига қатнаш учун катта йўлни кесиб ўтиш керак эди. Бу эса маҳалла аҳлига, айниқса, кексаларга катта қийинчилик туғдирарди. Шунда маҳалламизда масжид қуриш зарурати борлиги учун фаоллар билан бир масжид барпо этишни маслаҳат қилганмиз. 1997 йилда халқ ҳашари билан масжид қурилди, 2006 йилда қайта таъмирланди. Алҳамдулиллаҳ, бугун мутасадди ташкилотлар мурожаатларимизни ижобий ҳал қилиб беришди, - дейди маҳалла фаоли Саидкарим Сотволдиев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг