Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда кўзи ожизлар мактаби бош ҳисобчиси ўзига 77,6 млн. сўм ортиқча маош ёзди

Тошкентда кўзи ожизлар мактаби бош ҳисобчиси ўзига 77,6 млн. сўм ортиқча маош ёзди

Ўзбекистон Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари жорий йил I ярим йиллигида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида айрим бюджет муассасалари томонидан бюджет маблағлари сарфланишида тизимли равишда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганини аниқлади.

Жумладан, Яшнобод туманидаги Кўзи ожизлар махсус мактаб интернатида бош ҳисобчи тасдиқланган штатлар жадвалидаги ўзининг ойлик лавозим маошига ортиқча иш ҳақи қўшиб ёзиши натижасида бюджетдан 77,6 млн. сўм асоссиз ортиқча тўлаб юборилган.

Жиззах шаҳар 22-сонли умумтаълим мактабида ҳақиқатда ишламайдиган 11 нафар фуқаролар номига ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини, шунингдек меҳнат таътили, мукофот ва моддий ёрдам маблағларининг асоссиз ҳисобланиши ва тўланиши натижасида 448,2 млн. сўм бюджет маблағлари асоссиз сарфлаб юборилган.

Бўз туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида ҳам ҳақиқатда ишламаган фуқароларга иш ҳақи ҳисоблаш йўли билан 99,3 миллион сўм, Жарқўрғон туманидаги 4-сонли умумтаълим мактабида 65,3 млн. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилган.

Кегейли туманидаги 1-сон умумтаълим мактабида 54,7 млн. сўм ва Бухоро шаҳридаги 1-сон умумтаълим мактабида 31,2 млн. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ҳақиқатда ишга келмаган ва хизмат вазифасини бажармаган ходимларга иш ҳақи ҳисобланиши натижасида асоссиз сарфлаб юборилган.

Шўрчи туманидаги 10-сон умумтаълим мактабида ходимларининг пластик карточкаларга асоссиз маблағ ўтказиш йўли билан 36,1 млн. сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган.

Булардан ташқари, Боғдод туманидаги 50-сонли умумтаълим мактабида пудратчи «Фарғона сайқал сервис» хусусий корхонаси томонидан «Обод қишлоқ» дастури доирасида бажарилган таъмирлаш ишлари жойида назорат ўлчовидан ўтказилиб, молиялаштириш учун тақдим этилган ҳисоб фактура маълумотлари билан ҳақиқатда бажарилган ишлар солиштирилганда 129,9 млн. сўмлик бажарилмаган иш ҳажмлари қўшиб ёзилганлиги аниқланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг