Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда доимий прописка қилиш тартибида ўзгаришлар бўлади

Тошкентда доимий прописка қилиш тартибида ўзгаришлар бўлади

Фото: «Xabar.uz»

Ички ишлар вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруқ лойиҳасини тайёрлади.

Мазкур ҳужжат билан ИИВнинг 2012 йил 1 майдаги 71-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Лойиҳада қайд этилишича, доимий пропискага эга бўлиш учун фуқаролар давлат хизматлари кўрсатишнинг соддалаштирилган тартибини таъминлайдиган электрон тизим орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Лойиҳада фуқаролар қонун ҳужжатларига мувофиқ, доимий яшаш жойларида пропискадан ўтишлари ва/ёки турган жойларида ҳисобда туришлари шартлиги кўрсатилган.

Шунингдек:

  • Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, турган жойи бўйича ҳисобга олинмаганлиги ёки доимий пропискада турмаганлиги фуқарога хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос деб ҳисобланиши мумкин эмас.
  • Фуқаролар янги яшаш жойига келган кунларидан бошлаб беш кун ичида доимий пропискада туриш ёки ҳисобга қўйиш учун ҳужжатлар тақдим этишлари шарт.
  • 16 ёшга тўлмаган шахсларни доимий прописка қилиш ва ҳисобга олиш уларнинг ота-оналари ёки уларни ўрнини босувчи шахсларнинг хоҳишига кўра ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Буйруққа бир нечта янги бандларни қўшиш таклиф этилган.

Масалан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни рўйхатдан чиқариш маҳкумнинг ишончномаси асосида ёки уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотганлик ҳақидаги суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.

«Турар жой мулкдори ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни пропискадан ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бир нечта уйга ёки квартирага эга бўлган мулкдор улардан фақат биттасигагина доимий пропискадан ўтиши мумкин.

Ҳарбий хизматга мажбур шахсларни прописка қилиш улар мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ҳарбий ҳисобга қўйилганларидан кейин амалга оширилади. 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқаролар ҳарбий ҳисобга қўйилишлари керак.

Чегара зонасида жойлашган аҳоли пунктларида доимий пропискага эга бўлиш ва турган жойи бўйича ҳисобда туриш учун ушбу зонага киришга яшаш жойи бўйича ички ишлар органларидан чегара зонасига киришдан олдин белгиланган тартибда олинган рухсатнома ҳам тақдим этилади», — дейилади буйруқ лойиҳасида.

Шунингдек, фуқарони прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва ҳисобга олиш белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома асосида ҳам амалга оширилиши мумкинлиги келтириб ўтилган.

Ҳужжат шу йилнинг 13 февралигача муҳокамага қўйилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг