Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда «Асал олами» савдо маркази очилди (фото)

Тошкентда «Асал олами» савдо маркази очилди (фото)

Фото: Сергей Наследов

Пойтахтимизда Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси янги биносининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда юртимизда асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари йилдан-йилга ортиб, асални қайта ишлашда замонавий технологиялардан кенг фойдаланилаётгани таъкидланди.

Тадбирда уюшма қошида ташкил этилган юртимизнинг барча ҳудудларида келтирилган асал турлари ва асалчилик маҳсулотлари сотишга мўлжалланган «Асал олами» савдо маркази, асаларичиликка ихтисослашган ветеринар аптека, асаларичилик ускуналари ва замонавий технологик линияларни лизинг асосида етказиб берувчи «ALOQALIZING» МЧЖ, асалари маҳсулотлари ва асалариларни чақтириш билан даволашга ихтисослашган «Апитерапия» тиббий маркази, асални сифатини аниқловчи лабораториянинг тақдимоти ҳам ташкил этилди.

«Уюшмамиз 2018 йилда Халқаро асаларичилик уюшмалари федерацияси — «Апимондиа»га  аъзо бўлди, – дейди Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. – Бу республикада асаларичиликни жадал суръатда саноатлаштириш, ривожланган мамлакатларнинг халқаро тажрибасидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда асаларичилик соҳасининг асосий йўналиши – қишлоқ хўжалиги экинларининг чанглатиш орқали ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошиши имконини беради. Айни пайтда републикамизда соҳа мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар билан чанглатиш ҳисобига  1,5 триллион сўмлик қўшимча маҳсулот олинади. Келгусида   асалариларни боғ ва далаларда тўғри жойлаштириш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига ушбу кўрсаткични 4,0 триллион сўмга етказиш мумкин. Жорий йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта қишлоқ хўжалиги экинларини асаларилар билан чанглатиш агротехникаси Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманларидаги боғдорчилик хўжаликларида амалга оширилди. 1500 гектар боғлардаги гилос, олма, нок, олхўри ва бошқа дарахтлар 7500 та асалари оилалари билан чанглатилди. Агрономларнинг айтишига қараганда, тажриба майдонларидаги ҳосилдорлик чўғи кутилганида анча яхши».

Тадбирда айтилишича, ҳозирги кунда республикамизда 14 мингдан ортиқ асаларичилик субъектларида 870 мингдан ортиқ асалари оилаларини мавжуд.

Асаларичилик соҳасида ҳар йили 15 фоиз ўсиш темпи сақланиб қолинмоқда. Ўтган 2018 йилда халқимиз дастурхонига 17 минг тоннадан ортиқ асал маҳсулотлари етказилиб берилди. Бу аҳоли жон бошига асал ишлаб чиқариш ярим килограммни (0,5 кг) ташкил этади, дегани. 

2019 йилда республикамизда асал етиштириш ҳажмини 19 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

«Юртдошларимизда асаларичиликка қизиқиш катта, – дейди Фарғона шаҳридан келган шахсий асаларичилик хўжалиги раҳбари Жасур Ниязов. – Айниқса, асаларилар билан чанглатиш учун дала бошига асалари қутиларини жойлаштириш табиий мувозанатни яхшилаши баробарида асалчиниям, боғбонниям, деҳқонниям даромадини оширади. Даромад яхши бўлганидан кейин, албатта, ҳар қандай инсон, у фермер бўладими, тадбиркор бўладими, асалчи бўладими, фаолиятини кенгайтириш тараддудига тушади».

Жасур Ниязовнинг гапларида жон бор. Чунки бугун кунда ҳудудий асаларичилик уюшмаларига керакли тавсия, маслаҳат олиш мақсадида, асбоб-ускуна сотиб олиш учун имтиёзлар билан танишиш учун келаётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Бу борада юртдошларимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашда АТ «Алоқабанк» ва Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси томонида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш керак.

«Асалари уялари, асаларичиликда қўлланиладиган инвентарлар, махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, шунингдек, асални қадоқлаш бўйича замонавий технология линияларини лизинг асосида етказиб беряпмиз», — деди «ALOQALIZING»МЧЖнинг раҳбари Олим Маматраимов.

Бугун асалариларга нафақат асал етиштирувчи, балки  қишлоқ хўжалиги экинларини асосий чанглатувчиси, боғларнинг ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириб берувчиси сифатида қаралмоқда. Муҳими, ушбу соҳа такомили асалчини ҳам, боғбону деҳқонни ҳам бой қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг