Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент вилоятида янги дор йўли фойдаланишга топширилди

Тошкент вилоятида янги дор йўли фойдаланишга топширилди

Фото: «Xabar.uz»

Куни кеча, 26 декабр куни Тошкент вилоятидаги «Amirsoy» тоғ-чанғи курортида «Amirsoy Ekspress» янги дор йўли расман ишга туширилди.

Тантанали маросимни Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Туризм ва спорт вазирлиги томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

«Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмнинг бошқа турлари қатори тоғ туризмини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда, Ўзбекистон нафақат қадимий шаҳарлари, балки бетакрор тоғлари билан ҳам машҳурдир. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мамлакатимизда туризм тўрт фаслда ҳам фаолият юритади. Ушбу янги очилган маскан албатта, халқимизга ва юртимиз меҳмонларига мароқли ҳордиқ чиқаришга хизмат қилади. Дор йўлида учиш нархи дам олиш кунлари 80 минг, қолган кунлар 70 мингни ташкил этади. Қарияларимиз ва болаларимизга 50 фоизлик чегирма билан, имконияти чекланган кишилар учун мутлақо текин хизмат кўрсатилади»,—дея таъкидлади туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.

Гондола тоифасига кирувчи мазкур дор йўли дунё миқёсида машҳур ишлаб чиқарувчи — «Doppelmayr» компанияси томонидан яратилган. Замонавий дизайн, инновацион хавфсизлик компонентлари ва энг юқори сифатли пўлат ускуна дам олиш масканига ташриф буюрувчилар учун қулайлик ва хавфсизликни кафолатлайди. Салонларнинг панорам ойналари йўловчилар олдида ўзига хос айланма кўриниш ҳосил қилиб, уларга ўзларини табиат билан ҳамнафасдек ҳис қилиш имконини беради.

«Amirsoy Ekspress» ташриф буюрувчиларни автомобил йўлидан тўғридан-тўғри курорт ҳудудига етказиб қўяди, бу эса узоқ масофали тоғ йўлини четлаб ўтиб, ҳайдовчилар учун 5 км. га қисқартиради. Дор йўли 10 кишилик сиғимга эга 74 та гондола (кабина) дан иборат. Унинг умумий узунлиги 2913 метр бўлиб, соатига 2400 кишини ташиш қувватига эга. Саёҳат вақти 9 дақиқани ташкил этади. Мазкур объект жорий йилнинг 1 майидан 15 декабригача бўлган қисқа даврда қуриб битказилди. Инвестицияларнинг умумий қиймати 15,2 млн. еврони ташкил этди.

Дор йўлининг тўсиқсиз дизайни болалар аравачалари, ногиронлар аравачалари ёки спортнинг қишки турлари билан шуғулланиш учун муқобил қишки спорт жиҳозларини ташишни осонлаштиради. Мукаммал ечиб олиш технологияси станцияларда йўловчилар учун қулай ва хавфсиз чиқиш ва тушириш  имкониятини яратади.

Дам олиш масканига ташриф буюрувчилар ва «Amirsoy Ekspress» йўловчиларига қулайлик яратиш мақсадида бепул автотураргоҳ ташкил этилган.

Шунингдек, дам олиш масканининг 2290 метр баландликдаги тоғли ҳудудда ўзига хос ва илк ресторан мажмуаси жойлашган. 70 кишига мўлжалланган «2290» ресторани «À la carte»га эга бўлиб, йўловчилар ва пиёдалар учун ноёб атмосфера ва таассуротга бой тоғ манзараларидан баҳраманд бўлиш имконини берувчи «take it and go» форматидаги террасса ва йўловчилар учун барни ўз ичига олади. Мажмуа террассаси гўзал табиатдан баҳраманд этувчи панорам кўринишга эга.

Айни пайтда Бўстонлиқ туманида халқаро стандартларга жавоб берадиган тоғ-чанғи курортини яратиш лойиҳасини амалга оширишнинг иккинчи босқичига тайёргарлик кўрилмоқда. Лойиҳа доирасида 200 ва ундан ортиқ хонали 4 юлдузли ва 3 юлдузли меҳмонхоналар, янги чанғи жиҳозлари ва экипировкаларини ижарага бериш пунктлари, ёзги бассейн ва фаол мавсумий дам олиш зоналари қурилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг