Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Танзила Норбоева: «Муаммоларимиз етарлича»

Танзила Норбоева: «Муаммоларимиз етарлича»

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, маъқулланди. Парламент юқори палатаси раиси мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга урғу берди.

– «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун ҳақиқатдан ҳам ўта муҳимдир, – деди Сенат раиси Т.Норбоева. – Мазкур йўналишда йиллар давомида талайгина муаммолар тўпланиб қолганини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу жумладан, ногиронлиги кундек равшан бўлган инсонларни ҳар сафар қайта-қайта кўрикдан ўтказиш, текшириш амалиёти ҳам йўқ эмас. Қонунда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, ногиронликни белгилаш жараёнини соддалаштириш бўйича аниқ нормалар белгиланганини ҳам эътироф этишимиз керак.

Яна бир муҳим масала, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлашда статистикани тартибга солиш керак. Ногиронлик масаласини таҳлил қилиш, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳаётга тўлиқ интеграция қилиш учун бундай шахслар, уларнинг сони, истиқомат қилаётган ҳудудлар, ногиронлик даражаси ҳамда шу каби муҳим жиҳатлар тўғрисида аниқ маълумотга ва тасаввурга эга бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, амалга ошириладиган ишлар тўлиқ бўлмайди, қайсидир қатлам, қайсидир инсонлар эътибордан четда қолиб кетаверади.

Бундан ташқари, халқаро мезонлардан келиб чиқиб, мамлакатда ногиронлиги бор шахслар учун «тўсиқсиз муҳит»ни шакллантиришимиз лозим.

Бу борада муаммоларимиз етарлича. Кундалик ҳаётимизда – транспорт, овқатланиш шохобчалари, хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар масканларда ногиронлиги бор шахслар учун зарур шароитлар яратилмаганига кўп дуч келамиз. Табиийки, бу уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилишга устувор аҳамият қаратиш керак. Улар жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканликларини доимо ҳис қилишлари лозим. Аввало, бу масалага жамият қарашини, муносабатини ўзгартириш керак. Бу эса, ишни ўрта ва узоқ муддатли, аниқ стратегия ва йўналишларга асосланган ҳолда ташкил қилишни талаб этади. Бунда нафақат ташкилий-ҳуқуқий, балки ахлоқий мезонларга ҳам аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ, — дейди Сенат раиси.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг