Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таниқли академик оламдан ўтди

Таниқли академик оламдан ўтди

Фото: ЎзА

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Машинасозлик соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Руфат Ғуломович Маҳкамов бугун, 26 июль куни 88 ёшида вафот этди.

Р.Маҳкамов 1954 йили Н.Бауман номидаги Москва олий техника билим юртини тугатиб, 1957-1960 йилларда мазкур билим юрти аспирантурасида таҳсил олди. 1961 йилда номзодлик, 1978 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Р.Маҳкамов ўз меҳнат фаолиятини 1954 йили собиқ иттифоқ Машина қурилиш технологияси илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим сифатида бошлади. Истеъдодли олим қарийб 64 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси Президиуми Техника фанлари бўлими илмий котиби, Геология институти катта илмий ходими, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти, кафедра мудири, профессори каби лавозимларда халқимиз ва Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, машинасозлик соҳасида юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Заҳматкаш олимнинг илмий ишланма ва тадқиқотлари республикамиз машинасозлиги соҳасида кенг қўлланиб келинмоқда ва иқтисодиётимиз тармоқлари ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Р.Маҳкамовнинг техника соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 200 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида бир қатор фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.

Академик Р. Маҳкамовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони билан мукофотланган эди.

«Xabar.uz» таҳририяти атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Руфат Маҳкамовнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг