Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркорман деб, ўғрилик қилмайди-да, акаси?!

Тадбиркорман деб, ўғрилик қилмайди-да, акаси?!

Фото: «Nuz.uz»

Бирорта тадбиркорлик субъекти эшигини қоқиш шунчаки иш эмас. Ҳатто Мажбурий ижро бюроси ходимларига ҳам! Дарҳол сиёсий томондан келишади: «Текширишгами? Кечиргайсиз, бунга ҳаққингиз йўқ. Президент шахсан эътибор қаратиб турган пайтда эшигимни қоқиб келишингиз ҳозирги сиёсатга зид!». Ваҳоланки, МИБ ходимлари, қўлида ижро ҳужжат бўлмаса, тадбиркор тугул, оддий фуқарони безовта қилмайди.

Табиий газ ёки электр энергияси таъминотида узилишлар рўй бераётгани бор гап. Таҳлиллари шуни кўрсатяптики, улардан қонуний фойдаланиш масаласида оғриқли муаммолар йўқ эмас. Вазият эса жойига чиқиб ойдилик киритишни талаб этади.

Мажбурий ижро бюроси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорликда табиий газдан фойдаланишнинг қонунийлиги юзасидан тунги рейдлар ўтказаётганининг боиси ҳам шунда.

Бироқ бу жараёнда ҳаммаси хамирдан қил суғургандек кечаётгани йўқ.

Яқинда Қувасой шаҳридаги оҳак ишлаб чиқариш цехига кирилди. Қаралдики, аҳвол чатоқ: тадбиркор табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан қайтадан (аввал «узиб» кетилган эди-да) уланиб олибди. Цехда эса ишлар авжида! Ҳисоб-китоб қилингандики, «Ҳудудгаз Фарғона» МЧЖ манфаатларига салкам 62 миллон сўм зарар етказилибди. Ўзбекистон туманида жойлашган хусусий корхонага қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида ҳам аҳвол шу: бу ерда ўғриланган табиий газ пулга чақилганда 64 миллион сўмни ташкил этди.

Қўқон эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган фуқаро А. У. га тегишли оҳак цехида-ку, ҳеч қандай рухсатсиз ва ўзбошимчалик билан газдан ўғринча фойдаланиб келинаётган экан.

Албатта, сири фош бўлган тадбиркорлар, жиноий жавобгарликка тортилишдан кўра, етказилган зарарлар ўз вақтида тўлаб, хотиржам бўлишни афзал кўришди. Бироқ гап улар томонидан зарарлар вақтида қопланганида эмас. Гап тадбиркорларга берилаётган эътибор айримлар томонидан суиистеъмол қилинаётганида! Бунақамас-да, энди...

Қисқаси, тадбиркорлик субъектлари мансабдор шахслари ва ходимларида тўлов маданияти, қонунларга итоаткорлик руҳини шакллантириш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг