Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Светлана Ортиқова сенаторга эътироз билдирди: прокурорлар «лайлак ҳайдаб» юргани йўқ...

Светлана Ортиқова сенаторга эътироз билдирди: прокурорлар «лайлак ҳайдаб» юргани йўқ...

Фото:«Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида  сенатор Абдураҳим Иркаевнинг айрим мулоҳазаларини Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова унчалик «ҳазм» қилмади.

Маданий мерос объектларининг муҳофазаси қилиш, уларга дахл қилган шахсларни жавобгарликка тортиш масаласида гапирган сенатор Қашқадарё вилоятидаги маданий ёдгорликларнинг аҳволига тўхталиб ўтди. Унга кўра, вилоятнинг Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Чироқчи туманидаги ёдгорликларда тупроқ ишлари натижасида тахминан 22 миллиард зарар кўрилган. Шаҳрисабздаги моддий-маданий мерос объектларда жами 77 та, Яккабоғда 17 та ноқонуний уй-жойлар қурилган.

Шу ва шу каби оғриқли ҳолатларни тилга оларкан, сенатор, маданий объектларнинг  муҳофазаси ўз ҳолига ташлаб қўйилганини айтиб, «Прокуратура органларининг хаёлига бу масала келадими ёки тепалик-да, деб қўядими?» дея савол ташлайди.

Бунга жавобан Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова «прокурорлар лайлак ҳайдаб юргани йўқ»мазмуни ва оҳангида гапириб, қуйида рақамлар тилга олди: «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ижроси устидан прокурорлик назорати ўрнатилган. Режавий дастурларга асосан тадбирлар ўтказиляпти, натижада аниқланган қонун бузилиш ва ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга қаратилган прокурорлик таъсир чоралари кўриляпти. Масалан, шу йилнинг ўзида 45 та ноқонуний ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга протестлар келтирилган. Қонун бузилиши ҳолатларига олиб келган сабаб ва шароитларни йўқотишга қаратилган 106 та тақдимнома киритилган, 31 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди».

Шунингдек, бош прокурор ўринбосари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг оқибати билан эмас, балки олдини олиш билан кўпроқ шуғулланиш кераклиги, республикада 8 мингга яқин маданий мерос объектлари бўлса, Маданият вазирлиги ҳузуридаги департамент уларни назорати қилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ҳужжатлар тақдим этиши лозимлигини таъкидлаган.

«У ерда республика бўйича 60 нафар ходим ишлаётган бўлса, ҳар бирига 133 та объект юкламаси тўғри келади. Бизнинг ҳам юрагимиз қон бўлади, ўша моддий-маданий мерос объектлари йўқ бўлиб қоляпти, кимдир уларга ер ажратяпти, бу ҳолатлар 20-30 йил аввал бўлган, жиноят иши қўзғатишнинг ҳар қандай муддати ўтиб кетган. Миллий қонунчиликка ҳам эътибор беришимиз керак», — дейди адлия катта маслаҳатчиси С. Ортиқова.

Сенат раиси Танзила Норбоева эса мавзу юзасидан фикр билдириб, прокуратура ҳамма жойга бориб назорат қилишининг имкони йўқлиги, бунда жамоатчилик назорати ҳамда Маданият вазирлиги ҳузуридаги мутассадди идораларнинг ходимлари кўпроқ масъул эканлигини  қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг