Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурхондарё ва Жиззахда 15 киши қўлга олинди

Сурхондарё ва Жиззахда 15 киши қўлга олинди

Жорий йилнинг июнь ойида ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида ўтказилган тезкор тадбирда «жиҳодчилар» оқимининг 15 нафар маҳаллий ёшлардан иборат яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, гуруҳни ташкил этган шахс Россия Федерациясида мавсумий ишлаши давомида экстремистик ва террористик ташкилотлар тарафдорлари таъсирига тушган ва уларнинг бузғунчи ғояларини қўллаб-қувватлаган.

Кейинроқ ишлаш учун Бойсун туманидан борган ўз ватандошларини ҳам бу йўлга даъват қилган.

Таъкидлаш лозимки, 1986–2002 йиллар оралиғида туғилган гуруҳ аъзолари 2016-2019 йилларда меҳнат мигранти сифатида Россия Федерациясида ишлашлари вақтида ўзаро йиғинлар ўтказишган ва экстремистларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган «Абу Салоҳ», «Абдуллоҳ Зуфар», «Содиқ Самарқандий»ларнинг аудио ва видео мурожаатларини тинглаб, хайрихоҳлик билдиришган.

Шунингдек, Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафига бориб қўшилиш масалаларини муҳокама қилишган.

Бундан ташқари, улар Суриядаги сафдошларига пул маблағлари ҳам юборишган.

Турли муддатларда, кетма-кет Ўзбекистонга қайтиб келганларидан кейин ҳам улар ўзларининг ноқонуний фаолиятларини давом эттиришган.

Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув тадбирлари давомида диний мазмундаги аудио ва видео файллар сақланган 30 дан ортиқ мобил телефонлар, 55 та флеш карта, 54 та DVD дисклар, компьютер ва планшет борлиги аниқланиб, уларда сақланаётган маълумотларни экспертизадан ўтказиш учун процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан берилган экспертиза хулосасига кўра, ноқонуний гуруҳ аъзоларидан олинган материаллар ақидапарастлик ва экстремистик ғоялар билан йўғрилган бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланади ҳамда Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиззах вилоятида ҳам бу каби ноқонуний фаолият кузатилди.

Хусусан, 1998 йилда Жиззах шаҳрида туғилган фуқаро 2017-2019 йилларда Туркия давлатида ишлаши давомида диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, уларни ўз атрофидагиларга тарғиб қилиб келгани айтилади.

Даставвал, у 2000 йилда туғилган укасини ўз таъсири остига олган.

Ака-укалар «Одноклассники» ижтимоий тармоғи орқали экстремистик оқим ғояларини фаол қўллаб-қувватлашган.

Сўнгра эса «Телеграм» мессенжерида виртуал гуруҳ яратиб, ушбу гуруҳга аъзо бўлганларга нисбатан тарғибот ишларини олиб боришган.

Улар «Абу Салоҳ», «Абдуллоҳ Зуфар», «Абдуллоҳ Бухорий», «Маҳмуд Абдулмўмин»ларнинг маърузалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, сақлаш ва тарқатиш таъқиқланган материаллар рўйхатига киритилганлигини билсаларда, уларни ўз танишларига тарқатиш билан шуғулланишган.

Ушбу виртуал гуруҳга Жиззах шаҳрида ва Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи 1983-1998 йиллар оралиғида туғилган 23 нафар ёшлар аъзо бўлишган.

Улардан 250 дан ортиқ аудио-видео шаклдаги диний материаллар ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг