Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шифокорлар калтакланишига уларнинг кеч қолгани сабаб эмас — ССВ

Шифокорлар калтакланишига уларнинг кеч қолгани сабаб эмас — ССВ

Қашқадарёда калтакланган врачлар юзасидан «Қаршида калтакланган шифокорлар: марҳумнинг «Тез ёрдам»нинг кечикканини таъкидлашмоқда» номли хабар берилган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси мазкур масала юзасидан яна бир баёнот билан чиқди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари бу ҳолатни ўрганиб, вазият юзасидан аввал ҳам маълумот берган эди. «Тез ёрдам»нинг кечиккани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар бўйича яна бир карра вазият ўрганилиб, бу хусусда қуйидагиларни маълум қилинади:

Дастлабки қўнғироқ хусусида

Аввал маълум қилганимиздек, жорий йилнинг 16 октябрь куни соат 08:28 да РШТЁИМ Қарши филиали тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига Қарши шаҳри Депо кўчаси 28-уйга ...99 64 рақамидан чақириқ бўлган. Қўнғироқ қилган киши 1967 йилда туғилган фуқаро Г.Ш. ҳушсиз эканлигини маълум қилган.

Чақириққа тез тиббий ёрдам бригадаси соат 08:36да юборилган. Бригада аъзолари берилган манзилга соат 08:42 да етиб келишган (сирена ва мигалка ёқилган ҳолда).

Кўриниб турибдики, бригада машина станциядан юборилганидан хонадонга етиб боргунича ўтган вақт 6 дақиқани ташкил этади, холос. Автомашина неча дақиқада етиб борганлигини исботлаш учун у юрган йўлдаги чорраҳаларда ўрнатилган видеокамералар тасвирларини кузатиш кифоя. Манзилда тез тиббий ёрдам ходимларини шахсиятга тегадиган ҳақоратли гаплар билан кутиб олишган ва улар биологик ўлим чақириқдан анча олдин қайд этилганини билдирганларидан сўнг аёвсиз калтакланган.

Тез тиббий ёрдам навбатчи шифокори ва фельдшер ўзлари борган автомашинада РШТЁИМнинг Қарши филиалига олиб келинган, мутахассислар кўриги ва стандарт текширувлардан кейин нейрохирургия бўлимига даволаниш учун ётқизилган. Ички ишлар ходимларига хабар берилган.

Кейинги 3 та қўнғироқ

Соат 08:28 дан кейин соат 08:42 гача мазкур манзилдан 103 телефонига ҳар хил мобиль рақамлардан 3 марта қўпол ва таҳдидли муомала билан қилинган қўнғироқларни диспетчерлар қабул қилишган ва манзилга аллақачон тез тиббий ёрдам бригадаси юборилганлигини билдиришган.

Тўртинчи қўнғироқ

Шу куни соат 09:01 да ...95 64 рақами орқали мазкур манзилга асоссиз равишда яна тез тиббий ёрдам бригадаси сўралган.

Бу вақтда диспетчерлар дастлабки чақириққа борган шифокор ва фельдшерга чақириқ берилган фуқаронинг қариндошлари томонидан тажовуз қилинганлигини, чақириқ берилган фуқаро вафот этганлигини билишган ва ички ишлар ходимларига хабар беришган.

09:01 даги мурожаат бўйича соат 09:02 да ўша хонадонга бошқа тез тиббий ёрдам бригадасини линиядан жўнатишган. Бригада соат 09:08 да манзилга борган. Аммо шифокорга марҳумнинг яқинлари уни шифохонага олиб кетишганлигини билдиришган. Шу тарзда яна оворагарчиликка йўл қўйилган.

РШТЁИМ Қарши филиалига марҳум Г.Ш. қариндошлари томонидан шахсий машинада шу куни тахминан соат 09:05 ларда олиб келинган ва тўғри реанимация бўлимига чиқарилган. Филиал реанимация бўлими шифокорлари томонидан тўлиқ текширув ўтказилган ва ўлим тахминан бир соатча аввал содир бўлганлиги қариндошларига билдирилган, ички ишлар бўлимига хабар берилган, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг