Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Абдураҳмоновдан кашфиёт ёки шаффофликнинг «ғирт анжанча» усули

Шуҳрат Абдураҳмоновдан кашфиёт ёки шаффофликнинг «ғирт анжанча» усули

Фото: «Xabar.uz»

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов раҳбарлар билан ишлашнинг ўзига хос усулини кашф этибди гўё... Яъниким, ҳар душанба куни ўтказиладиган «ҳокимлик соати» якунида катта-кичик раҳбарлар кўкрак нишони билан сийланади. Бундай сийлов яхши ишлаган раҳбарга ҳам, ёмон ишлаган раҳбарга ҳам бирдай насиб этиши мумкин. Фарқи шундаки, яхши ишлагани кўк рангли «Масъулиятли раҳбар» нишонига, ёмон ишлагани қизил рангли «Масъулиятсиз раҳбар» нишонига муносиб кўрилади.

Фото: «auz.uz»

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Нишондорлар мажлисдан чиқиши билан маҳаллий журналистларга рўпара қилинади ва... У ёғини тасаввур қилаётган бўлсангиз керак.

Маҳаллий «auz.uz» сайти бировнинг етти ухлаб тушига кирмайдиган бу «кашфиёт»ни вилоят раҳбарининг «...ошкоралик, шаффофлик масаласида яна бир халқчил ташаббуси» сифатида талқин қилади. «...Ошкораликми? Ошкоралик! Ҳокимиятнинг бирдан бир манбааси халқ бўлгандан кейин унинг олдида ҳисобдорликни шундай усулда ҳам қўллаш мумкин», дея таъкид этган сайт кўк рангли нишонга муносиб кўрилган маҳаллий раҳбарнинг мамнун, қизил рангли нишон насиб этганининг маҳзун суратларини ўз хабарига илова қилади. Яна таъкид этиладики, уч ҳафта давомида қаторасига қизил нишонга лойиқ кўрилган раҳбар масаласи алоҳида кўриб чиқилар экан.

Фото: «auz.uz»

Қўл остидагиларга нисбатан талабчан бўлиш, фаолиятда шаффофликка интилиш яхши, албатта. Бироқ талабчанлик, шаффофликка интилишнинг бошқа усуллари ҳам кўп. Илло, бу — курак тугул, тувакда турмайдиган шаклда амалга оширилмайди. Ҳокимнинг «кашфиёти» инсон шаъни, қадр-қимматини топташдан бошқа нарса эмас! Бундай ғоя Шуҳрат Абдураҳмоновнинг хаёлига қандай ва қайси пайт келган... балки бирорта ақли ғовлаганнинг таклифидир. Нима бўлган тақдирдаям инсон шаъни ҳар қандай ҳолатда ҳурмат қилиниши шарт!

Наҳот, неча йиллик раҳбар ва сенатор инсон ҳуқуқларининг алифбоси бўлган шу тамойилни билмаса?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг