Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Абдураҳмонов нишондор бўлди. Бу эътирофми ёки ҳайитлик?

Шуҳрат Абдураҳмонов нишондор бўлди. Бу эътирофми ёки ҳайитлик?

Фото: Xabar.uz

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлангани хабари берилганди. Мазкур хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг навбатдаги муҳокама мавзусига айланиб кетди. Билдирилаётган фикрларнинг ярмидан кўпи ҳокимга ёқмаслиги аниқ.

Хусусан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг эътирофи Ш. Абдураҳмоновнинг бу борада амалга оширган ишларидан кўра қилажак ишларига «аванс» бўлса, ажабмас, мазмунида талқин қилинаётгани ҳам бор гап. Андижон вилояти уй-коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати тарқатган хабарда  катта-катта рақамлар келтирилади, албатта. Бироқ ғиж-ғиж рақамлар вилоятда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни «ёпиб ташлолмаслиги» аниқ.

Энг ёмони, айни долзарб муаммо ечимига йўнатирилиши керак бўлган маблағлар мақсадсиз сарфланганига оид фактлар ҳам йўқ эмас. Узоққа бормайлик, яқиндагина бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланишини Андижон вилояти мисолида (2020 йилнинг биринчи ярими бўйича) ўрганган Олий Мажлис Сенати ҳамда Ҳисоб палатаси ақлни шоширгудек маълумотларни эълон қилганди. Унда, аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга ажратилган 4,9 млрд. сўмлик маблағлар самарасиз сарфланганлиги ҳисобига 2018 йилда (!) фойдаланишга топширилиши белгиланган Хонобод шаҳридаги Тейит, Фозилмон ва Хидирша МФЙлар, Андижон туманидаги Нўхатак МФЙ, Хўжаобод туманида жойлашган Хидирша МФЙда сув тармоқларини қуриш ишлари якунига етказилмаган ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланмагани айтилади. Бундан ташқари,  9 та ижтимоий соҳа объектини қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишлари учун тузилган лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилган 1,2 млрд. сўмлик жиҳоз ва ускуналар ўрнига бошқа турдаги жиҳоз ва ускуналар ўрнатиб ташлангани ҳам қайд этилади.

Қайд этилган ҳолат ва рақамлардан келиб чиқилса, ҳокимга берилган нишон вазирликнинг ҳақли эътирофидан кўра «Рамазон ҳайитлиги»га ўхшаб кетади(таъбир жоиз бўлса, албатта). Дарвоқе, вилоятда юзлаб млрд. бюджет маблағлари мақсадсиз ва самарасиз сарфлангани масаласида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳалигича ҳеч нима дегани йўқ.

Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг