Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳарларда тезлик 60 км/с гача пасайтирилиши мумкин

Шаҳарларда тезлик 60 км/с гача пасайтирилиши мумкин

Фото: «Газета.uz»

Йўл ҳаракати хавфсизлиги концепцияси лойиҳасида йил охирига қадар шаҳар ва аҳоли пунктларида транспорт ҳаракати тезлигини 60 км/с гача чеклаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» ёзди.

Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли пунктларида шу йилнинг сўнгига қадар транспорт ҳаракатининг рухсат берилган энг юқори тезлиги 70 дан 60 км/с гача пасайтирилиши мумкин. Бу мамлакатда 2018−2022-йилларда Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясининг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган лойиҳасида кўзда тутилган.

«Газета.uz»нинг қайд этишича, Европа мамлакатларида у 50 км/с, яшаш жойлари, мактаблар, болалар боғчалари ва шунга ўхшаш объектлар яқинида эса 30 км/с ни ташкил этади.

Ўзбекистон Йўл ҳаракати қоидаларининг амалдаги талқинида яшаш жойлари ва унга чегарадош ҳудудларда рухсат берилган юқори тезлик 30 км/с ни ташкил этади, бироқ белгилар, секинлаштирувчи воситаларнинг йўқлиги ва ушбу талаблар назорат қилинмаслиги сабабли бу қоида тез-тез бузилади. Ўзбекистонда мактаблар ва болалар боғчалари яқинида тезликни чеклаш бўйича талаблар мавжуд эмас, ҳудудларда маҳаллий ҳокимият мазкур масалани мустақил равишда назорат қилади.

Эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳасида қайд этилишича, Ўзбекистон йўлларида ўлим билан якунланган ҳуқуқбузарликлар сони 100 минг кишига 8,3 ни ташкил этиб, бу «жуда юқори кўрсаткич» ҳисобланади.

Прокуратура органларининг вазирлик ва маҳкамалар билан ҳамкорликда ўтказган ўрганишлари шаҳар ва туманларнинг амалдаги инфратузилмалари йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли равишда таъминлаш талабларига тўлақонли жавоб бермади, айниқса вилоятларда пиёдалар учун зарур шароитлар яратилмаган», дейилади ҳужжатда.

Лойиҳада бошқарилмайдиган пиёдалар ўтиш йўлакларини модернизация қилиш, жумладан мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларига бевосита туташ ҳудудларда ёритиш воситалари ва сунъий йўл нотекисликларини ўрнатиш таклиф қилинмоқда.

Ҳаракат жадал бўлган чорраҳалар ҳамда уч ва ундан ортиқ ҳаракат чизиқларига эга йўлларда чет ўнг ҳаракат йўлидан монеликсиз ўнгга бурилишни кўзда тутувчи белгиларни ўрнатиш ва йўл чизиқларини ётқизиш режалаштирилмоқда.

Умумий фойдаланишдаги объектларга яқин жойлардаги автомобиль йўллари ва шаҳар йўл-транспорт тармоқларида вақтинчалик ва узоқ муддатли тураргоҳлар бўлиши лозим.

Йўл ҳаракати қоидаларига қонуний асосда автотранспорт воситаларига болаларни тутиб турувчи ускуналардан фойдаланиш бўйича талабни киритиш режалаштирилмоқда. Ҳозирда бундай талаб мавжуд эмас.

Жорий йилдан йўл-патрул хизмати инспекторларини бодикамералар ва электрон планшетлар билан таъминлашни бошлаш режалаштирилган бўлиб, улар ёрдамида шу жумладан пиёдалар томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни марказлаштирилган электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга «майда йўл безорилиги» тушунчасини киритиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, транспорт воситасини бошқариш маданиятини қасддан бузиш, автотранспорт воситаларини тажовузкор ҳайдаш, эгалланган ҳаракат чизиғини олдиндан огоҳлантириш чироғини ёқмасдан кескин ўзгартириш, хавф ҳақидаги огоҳлантириш зарурати бўлмаса ҳам овоз сигналидан фойдаланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 1−3 баробари миқдорида жаримага тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

Тезлик режими бузилишларини масофадан рўйхатга олишнинг автоматлаштирилган воситаларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўллари ва шаҳарлар кўча-йўл тармоқларида ЙҲҚ бузилишларини аниқлаш ва автомат назорат қилиш тизимлари билан қўшимча таъминлаш дастури қабул қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг