Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Сени уйдан қувмайин, отанг ўлсин болам-ов...»

«Сени уйдан қувмайин, отанг ўлсин болам-ов...»

Фото: «Pxhere»

 Эй дил! Ул не эрур — оғирдан-оғир?
Айрилиқдан юрак титрар зир.

«Фарзанднома»дан.

Улфатчиликдан кайфи чоғдан-да чоғ бўлиб, билган-билмаган қўшиғини хиргойи қилганча бир-бир босиб кетаётган Юсуфбой боғча ёнидан ўта туриб беихтиёр серрайиб қолди. Боғча остонасида ўзларини кутиб турган ота-оналари томон шодон сакраб, қийқириб чиқиб келар болалар ёмонам эътиборини тортди-я... Жажжи болакайларнинг «дадажон, аяжон» деган шўх-шодон сўзлари Юсуфбойнинг қулоғидан кириб, юрагига санчилди.

Қанча турганини билмайди. Кайфи тароқ, лабидан сизиб чиққан сўз «Бола-а-м» бўлди...

«Уҳ» торта-торта ортга қайтди, борар манзили — қўшни маҳалладаги, бундан етти йил бурун ўзи куёв бўлиб сузилмиш уй бўлди. Таниш хонадонга яқинлашган сари оёқларидан қувват кетар, ич-ичидан такрорламиш «болам-болам» сўзи далда бўлиб-далда бўлиб, собиқ қайнота-қайнонаси эшиги зулфини секин-аста урар бўлди.

Олтмишни қораламиш қайнонаси анча вақтдан буён қорасини кўрсатмаган собиқ куёвига кўзи тушиб, ҳайрондан-ҳайрон бўлди: «К-келинг, болам... Нечук?».

Юсуфбойнинг тили танглайига ёпираш бўлди. Ўзини қўлга олгандан сўнг: «Болам, Юнусжонимни кўрсам...», — дея, кўзда ёши шашқатор бўлди.

Буни кўрган қайнонанинг ҳам кўнгли бузилмиш, лабини тишлаб оҳиста айтари: «Юнусжон аяси билан кетган-ку?» демиш бир гап бўлди.

Юсуфбойнинг бўғзидан «Аа-а...» деган ҳирқироқ бир товуш ситилиб чиқди, каловланиб сўрори «Қаёққа, нега?» деган гап бўлди.

Қайнонанинг кўзи ер чизди, ўзини гуноҳкор ҳис этар бўлди: «Ойимхолни эрга бердик, ўзи билан боласини ҳам олиб кетди».

Юсуфбой бир бўзарди, бир гезарди.. Сўнг кўзда ёши ғилтиллаб, аяга мўлтирар бўлди: «Манзилини айтинг...».

Қайнона энди узиб-узиб сўзлар бўлди. Унинг аччиқ-аччиқ гапларидан Юнусжон аяси ва ўгай отаси билан ўзга юртга доимий яшашга кетганлиги аён бўлди.

Ўҳ, ғамнинг юки оғирдан-оғир бўлди. Юсуфбой бирдан кичрайиб қолганини ҳис қилди. Энтикиб-энтикиб нафас олди. Ўзини бир зум ўғлининг ўрнида кўрди. Тасаввуридан дод девормоқдан ўзини аранг тийди: «Болам бугун кимга сиғинди? Кимнинг қўлига, кўзига мўлтираб турибди?».

Чора-ю иложсиз судралиб борар, қўрғошиндай оғир ўй сурар, охирги марта боласини қачон кўрганини эслар бўлди: унда ҳали Юнусжон бешга қадам қўймаган, шўхдан-шўх, шириндан-ширин бола эди.

Яна, ёдига келгани — жаҳл устида Ойимхолни «уч талоқ» қўйгани, боласи «дадам-дадам» дея, йиғлай-йиғлай онасига эргашиб кетгани, кейинчалик ота-онаси, маҳалла-кўй, маҳкама-суд яраштириш учун кўп урингани-ю, уларга «Ҳаёт меники, фақат ўзим биламан, ўзим ҳал қиламан», деган ўта нодон-худписанд жавоби бўлди.

Ойимхол ва Юнусжонга қўшилиб, рўзғордан файз, ишидан унум, ҳаётидан мазмун кетди. Ҳамроҳи шароб бўлди.

Уҳ, шароб нималар қилмади уни?!

Кейин-кейин қилган афсуслари ўзига душман бўлди: «Ўшанда шу ақлим қайда эди? Бургага аччиқ қилиб, ўз кўрпамни ёқдимми?! Болам бегона уйда, бошқа бировни ота деб улғаярми энди?!»

Жўяли бирон-бир сабабсиз хотинни ҳайдаб, ўзини боласидан, боласини ўзидан айирганига мингдан-минг пушаймон еб, соғинчу-аламдан хўрлиги келиб, фироқдан оҳу фарёд чекиб, бўзлар бўлди у:

Сабр нима билмайин, жаҳл отини ўзғитган,

Меҳр нима билмайин, ўз бахтини тўзғитган,

Изғин тортдириб сени, бугун ўзи қон ютган,

Сени уйдан қувмайин, отанг ўлсин болам-ов...

                                                 Холмўмин Ёдгоров

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг