Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саёҳатга қизиқувчилар кўриши керак бўлган 12 та фильм!

Саёҳатга қизиқувчилар кўриши керак бўлган 12 та фильм!

Айни вақтдаги карантин саёҳат режаларига таъсир ўтказмоқда. Аммо, сиз уйда туриб ҳам саёҳат гаштидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Биз бу борада сизни илҳомлантирадиган материаллар беришда давом этамиз.

Шундай қилиб, қуйидаги мақола энг яхши саёҳат ҳақидаги баъзи фильмлар юзасидан маълумот беради. Улар сизнинг севимли ТВ каналларингиз дастурларида бўлмаса қайғурманг. Уни интернет орқали ҳам томоша қилишингиз ва виртуал равишда дунё бўйлаб саёҳат қилишингиз мумкин.

«The way» (Йўл)

Ушбу фильм 2010 йилда катта экранларга чиққан. Уни режиссёр Эмилио Эстевез ҳаётдаги ҳақиқий отаси Мартин Шин қиёфаси орқали саёҳат борасидаги ажойиб тажрибалар билан бойитади. Қаҳрамонлар Шимолий Испания бўйлаб Камино де Сантияго зиёратгоҳигача бўлган йўлни босиб ўтишади.

Кино сафар давомида отанинг ўғлини тушунишга уруниши, ўй-кечинмалари ҳамда йўл бўйлаб янги одамлар билан танишиши кабиларни ўз ичига олган.

«Vacation» (Таътил)

Мазкур комедия 1983 йилда экран юзини кўрган. У Голливуднинг энг яхши комедия фильмларидан бири сифатида эътироф этилади. Унда америкалик оиланинг қувноқ ёзги таътили акс эттирилган. Фильм қаҳрамонлари бўлган оила ёзги таътил давомида ғаройиб саргузашт саёҳатни амалга оширишади.

«The Secret Life of Walter Mitty» (Валтер Миттининг сирли ҳаёти)

Фильм 2013 йилда ишлаб чиқарилган. Кино осуда ҳаёт кечираётган Валтер Митти ҳақида ҳикоя қилади. Бош қаҳрамон Life журналида фаолият кўрсатади. Кунларнинг бирида у журнал учун фотосурат олиш мақсадида саёҳатга отланади. Митти Гренландия, Исландия ва Ҳимолайга саёҳат қилиш орқали нафақат дунёни, балки ўзининг ички кучини ҳам кашф этади.

«Planes, Trains & Automobiles» – (Самолётлар, поездлар ва автомобиллар)

Кино 1987 йилда томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган. Унда қаҳрамонлар Стив Мартин ва Жон Кэнди Нью-Йоркдан Чикагогача сафар қилишади. Ушбу саёҳат саргузашт севарлар учун ўзига хос воқеаларга бойлиги билан бир қаторда, иккала қаҳрамоннинг охир-оқибат қадрдон дўстларга айланишига хизмат қилган.

«Into the Wild» (Ёввойи табиат қарига)

Фильм 2007 йилда дунё юзини кўрган. У Кристофер Маккендлесснинг Аляскадаги ёввойи табиатига қилган саёҳати ҳақида ҳикоя қилади. Қаҳрамон ёввойи табиатга саёҳат қилиш учун бор нарсасидан воз кечишга қарор қилган.

Кинони томоша қилиш асносида, Американинг қизиқарли жойлари ва одамлари, шунингдек ёввойи табиатда яшашнинг ҳақиқий курашларига гувоҳ бўласиз.

«Wild» (Ёввойи табиат)

Ҳатто энг машаққатли дамларда ҳам бизни ҳаракат қилишга илҳомлантирувчи мазкур фильм 2014 йил катта экранларга чиқарилган. Автобиографик характердаги кинода Шерил Стрэйднинг Тинч океанидаги Крест бўйлаб амалга оширган хавфли саёҳати тасвирланган. Ғарбий соҳилдаги ғаройиб сафар унга бир неча ойлик саргузаштларни бошидан кечиришига сабаб бўлади.

«Out of Africa» (Африкадан ташқарида)

1985 йилда илк бор намойиш этилган ушбу фильм оташин муҳаббат кечинмаларини тараннум этиш билан бир қаторда, 20 асрдаги Африка ҳаётини ҳам тасвирлаган. Томошабинлар томонидан жуда илиқ кутиб олинган кино бир неча олий мукофотлар билан тақдирланади.

«Midnight in Paris» (Париждаги ярим тун)

Европадаги муҳаббат мамлакати сифатида эътироф этилувчи Франциянинг ўзига хос гўзаллигини кўрмоқчи бўлсангиз, албатта мазкур фильмни томоша қилинг. Унда кўплаб қизиқарли воқеаларга гувоҳ бўлиш билан бирга, Париж, Версал ва Монет Гиверн кўчаларига ҳам саёҳат қилишингиз мумкин.

Кино 2011 йилда мухлислар эътиборига тақдим этилган.

«In Burges» (Бургесда)

2008 йилда катта экранларга чиқарилган фильм саргузаштсевар ва комедия ишқибозларининг бирдай эътирофига сазовор бўлган. Бош қаҳрамонлар Колин Фаррелл ва Брендан Глисон Ирландиядан Белгиянинг Бругес шаҳрига келишади. Кино қаҳрамонларнинг ўз хўжайинларидан яшириниш ва Бургесдаги Белфри чўққисига чиқиш каби қувноқ воқеаларга бой.

«One Week» (Бир ҳафта)

Мазкур кинокартина ҳам 2008 йилда экран юзини кўрган. Фильм қаҳрамони Жошуа Жексон фильм аввалида саратон кассаллигини бошдан кечиради.

Ана шундай оғир кунларнинг бирида у мотоцикл сотиб олади ва ҳаётнинг маъносини тушуниш мақсадида Канада бўйлаб бир ҳафталик сафарга чиқади. Кинони томоша қилиш асносида қаҳрамоннинг ўзига хос кечинмалари ва «заранг барги юрти»нинг ажойиботларига гувоҳ бўласиз.

«Hector and the Search for Happiness» (Ҳектор ва бахт учун қидирув)

Машҳур актёр Саймон Пегг ноодатий образлари билан мухлислар олқишига сазофор бўлиб келган. 2014 йилда намойиш этилган ушбу фильмда эса, ўз бахтини излаш учун дунёни кезишга қарор қилган Ҳектор ролини ижро этади. Қаҳрамон Хитой, Африка ва Америка бўйлаб ажойиб саргузаштларни бошдан кечиради. Охир-оқибат у бахт ўзининг уйида эканлигини тушуниб етади.

«The Motorcycle Diaries» (Мотоциклдаги ёдномалар)

2004 йилдаги илк намойишидан томошибинлар эътирофига эришган ушбу фильмда ёш Че Геваранинг мотоциклда Жанубий Америка бўйлаб амалга оширган саёҳати тасвирланган.

Икки соатлик кинони томоша қилиб, сиз Аргентина, Бразилия, Чили, Перу ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларига саёҳат қилишингиз мумкин.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг