Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саратонга чалинган... журналистика

Саратонга чалинган... журналистика

Фото: «Planetanyne.ru»

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда бир овоз тинмаяпти. Эмишки, журналистлар саводсиз, журналистика аллақачон ўлган, касб билан шуғуллуниш ўрнига ОАВчилар маддоҳга айланиб қолган, юқори нима топшириқ берса шуни бажаришади, ўзлари гўёки фикрлаш қобилиятидан маҳрум манқуртлар. Газеталар дудуқланаётган, телевидение алаҳлаётган, интернет нашрлари депсинаётган бир даврда яшаётган эканмиз. Нимасини айтасиз. Саводсиз ҳам бўлдик, маддоҳ, кўзбўямачи, яна алланарсалар...

Бизга отилаётган тошлар шу қадар залворлики, тутиб қолай десанг оғирлигидан белинг синади, келиб танангга урилганда оғриғи шунчалик қаттиқки, инграшга мадоринг етмайди, нафасинг тиқилиб, овозинг чиқмай қолади.

Ҳаммаси ҳам майли-я, яқинда бир курсдошим уялмай-нетмай ўзи таҳсил олган даргоҳ(журналистика факультетлари)ни ахтахонага ўхшатди. У ерни битирганлар (яъни биз ва ўзи) шу ахтахона «маҳсулоти»га айлантирилдик. Мақолани ҳар қанақасига ўқиб кўрдим, таҳлил қилдим, ижобий маъно қидирдим, бўлмади. Худди журналистликнинг нонини емаган одамдай барчани маддоҳ ва чаламуллага чиқариб қўйганидан кўнглим ранжиди. Унга ҳеч ким, ҳеч қачон сабоқ бермагану, бир думалаб журналистга айланиб қолгандек гапириши манманликдай туюлди менга.


Мавзуга доир:
(П)АХТАХОНАдан мактуб


Оддий одамлар журналистнинг бошида қанча машаққат борлигини, бу касб эгалари ҳамиша қил устида юришини, бир гапи оз, иккитаси кўплиги, бир яримта гап топиб гапиришга мажбурлигини ҳаммадан кўра у кўпроқ тушуниши керакмасмиди? Журналистнинг бошида калтак кўтариб турганлар ҳақида интернетни «бошига кўтараётган танқидчиларимиз» тушунишмас. Лекин ҳамма билиши керак бўлган битта ҳақиқат бор: журналистга калтак ўқталаётган ҳукумат эмас, Президент эмас, юқори эмас, ишонаверинг. Аксинча, улар қуйи бўғин раҳбарлари!

Бу – ички цензура!

Бир мисол. Дейлик, газета ёки телевидениега авваллари ҳеч ким эътибор ҳам бермаган, чекка-чеккаларда қисиниб, қимтиниб юрган одам раҳбар этиб тайинланди. Мажлисларда  вилоят (пойтахт, туман, шаҳар) казо-казолари билан бирга ўтириб тура бошлади. Манаман деган раҳбарларнинг қаторида турганидан кейин семирииииб кетади-да. Ўзини бошқача сезади, юриш-туриши, гап-сўзлари ўзгаради. Майли, бу ҳам яхшиликкадир. Лекин ҳар яхшининг бир ёмони бўлганидек, ёмони шуки, раҳбар ўз манфаатлари йўлида шу мансабдорлар билан апоқ-чапоқ бўлишга тайёр, уларнинг орасида ўз ўрнига эга бўлгиси келади. Бунинг учун қўлидан келганини қилади. Югуриб-елиб казо-казоларнинг номидан мақола тайёрлаттиради, демоқчиманки, қўли остидаги бирор-бир журналистни шу топшириқни бажаришга мажбурлайди. Чунки ўзи адабиёт оламида яшаган. Ҳеч қачон жиддий, сиёсий мавзуларда ёзмаган. Тўғри, шеър, ҳикоя, қисса, памфлет, хуллас, адабий жанрларнинг барчасида яхши ижод қилади. Фақат мақола ёзмайди. Танқидни кўтармайди. Энг яхши фазилати — ҳамма нарсанинг яхши тарафини кўра олади, бошқаларни ҳам шунга даъват этиб яшайди. Ҳар икки гапининг бирида биз муаммоларни кўтариб бонг урмаймиз, журналистнинг вазифаси аюҳаннос солиш эмас дея такрорлайди. Ташкилотлар билан ёқама-ёқа бўлавермаймиз, бу одобдан эмас, юз-хотирни унутмаслик керак деб асл мақсадини хаспўшлайди. Шу билан танқидчи журналистларни беобрў, жанжалкашга, «ҳаётнинг ёрқин тарафида бўлган» «мухбир»ларни эса «хос»ларга мансуб қилиб кўрсатади. Чунки ўзи ҳам «хос»лардан-да!

Яқинда ана шундай раҳбарлардан бири билан ишлаётган қадрдоним дардиҳол қилиб қолди. Қаердадир бир мактабга бориб танқидий материал тайёрлабди. Мақола чоп этилган. У кейинги гал мактабгача таълим муассасалари, профилактика инспекторлари, секторлар фаолиятидан кетма-кет танқидий материаллар ёзаверган, қани энди бирортаси босилиб чиқса. Қайтанга ишхонада мажлисбозлик бошланган, ҳар йиғилишда унга атаб «ўқ ёғдирилган». Ўтирса ўпоқ, юрса сўпоққа айланган. Айбини тушунолмагач, бир куни йиғлаб юборган. «Мақолаларим чоп этилмагани майли-я, нега бунча ҳақоратлайверасиз?» деб сўраса, раҳбарнинг жавобини қаранг: «Сен танқид қилган ташкилот раҳбарлари билан мен мажлисларда бирга ўтириб тураман. Улар кўпчилик олдида мени изза қилишмайдими, мендан хафа бўлишмайдими? Обунангизнинг катта қисмини биз қоплаяпмиз-ку, танқидни биздан бошлаганингиз нимаси деб миннат қилишмайдими, шу миннатли ошдан рўзғорга барака кирадими?». Изоҳни қаранг, кинояни қаранг. Энг қизиғи, дўстим айтмоқчи, ҳар икки гапининг бирида сўзнинг қудратидан лекция ўқийдиган отахон газета бош муҳаррирининг фалсафасини қаранг!

— Ташландиқ, хароба идорада ишлаганинг етмагандай жилла қурса ўзинг истаган мавзуни кўтариб чиқишга, умуман эркин ижод қилишга изн берилмаса, — дейди у яна хуноби ошиб. — Уззукун таҳририятдан чиқмай, моғор босган хоналарда телефондан олинган маълумотлар билангина материал тайёрланадиган замонми ҳозир? Шу ҳам журналистлик бўлдими?

Менинг бу ёзганларимда акс этаётган муаммолар ОАВ ходимлари фаолиятига чекловнинг энг оддий, майда ва бемаъни кўринишлари, холос. Журналистнинг шаштини сўндириб, касбидан кўнгли тўлмай, зўрма-зўраки ижод қилишига мажбурлаётган куч — ички цензура! Худди мадда боғлаган яра, тўғрироғи, саратон касаллигига ўхшайди. Бу касалликнинг олдини олиш мумкиндир, лекин сўнгги босқичида унга қарши курашиш бефойда дейди шифокорлар. Журналистикамиз унинг ривожига тўсиқ бўлаётган ички цензура деб аталмиш саратоннинг қайси босқичида эканлигини ўзингиз ўйлаб кўринг. Нима бўлганда ҳам, қайсидир аъзони олиб ташлашга тўғри келса ҳам саратонни тўхтатиш керак, таг-томири билан қуритиш шарт ва зарур. Шундагина касалликдан қутулган журналистикамиз янги булоқдек кўз очади, том маънода кўзгуга айланади, муаммолар тўлиғича юқорига етиб боради ва ижобий ҳал этилади.

Бу эътирозларим ҳамма ОАВ раҳбарларига ҳам тааллуқли эмас. Аксинча, ҳаётни фақат ёрқин рангларда кўриш, халқнинг дарду ташвишига олти чақирим наридан назар солишга ўрганганлар, ўзи раҳбарлик қилаётган ОАВда катталарни огоҳлантирмай бирор танқидий материал чиқариб, энди ҳеч кимнинг кўзи тушиб қолмаслигини худодан ёлвориб сўрайдиганларга тегишлидир.

Дилдора Иброҳимова
Бухоро вилояти

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг