Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқандда учинчи қават деразасига осилиб қолган болакай қутқарилди

Самарқандда учинчи қават деразасига осилиб қолган болакай қутқарилди

Фото: Google.com

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ППХ ва ЖТСБ Реабилитация марказининг назорат ўтиш пунктида хизмат олиб бораётган ходимлар учинчи қават деразасига осилиб қолган болакайни қутқариб қолди.

Кичик сержант Э.Иброхимов олдига 9-синф ўқувчиси Зиёдуллаева Парвина келиб, Гагарин кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг 3-қаватида жойлашган хонадонлардан бирининг ташқи томони деразасида болакай осилиб қолганини айтган. Шундан сўнг ИИБ ходимлари Гагарин кўчасидаги 95-уйнинг олдига бориб, ҳақиқатан ҳам уйнинг 7-хонадони, учинчи қавати ташқи томонидан деразага болакай осилиб қолганини кўришади.

ИИБ ходимлари Ш.Нарзуллаев ва Х.Бахроновлар зудлик билан болакайнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун кўп қаватли уйда яшовчи фуқародан адёл олиб, шу ерда тўпланиб турганлар билан бирга болакай пастга тушиб кетган тақдирда уни ушлаб қолиш учун хавфсизлик чораларини кўришади.

Сержант Ж.Исматов, Ф.Умурқулов хамда сафдор И.Абдусаттаровлар зудлик билан кўп қаватли уйнинг 3-қаватига чиқишиб, хонанинг эшигини таққилатишади, аммо хонадонда ҳеч ким йўқ эди. Шундан сўнг ходимлар зудлик билан пастдан лом олиб келиб, болакайни қутқариб қолиш мақсадида эшикни лом билан бузиб, хонадон ичига кириб, деразага осилиб турган болани қутқариб қолишади. Болакай 2013 йилда туғилган, 6 ёшли Ғафуров Исломбек эди. У қутқариб қолинди ва онасига соппа-соғ топширилди.

Исломбекнинг онаси 1990 йилда туғилган, Х.Ф. билан суҳбатлашилганда у фарзандини ухлатиб, ўзининг шахсий юмушлари билан ташқарига чиқиб кетгани маълум бўлди. Она билан профилактик суҳбат ўтказилиб, келгусида фарзандини уйда қаровсиз қолдириб кетмаслиги бўйича огоҳлантирилди.

Ушбу ҳолатда ташаббус кўрсатган фукаролар, Даминова Саодат ҳамда Камилова Матлубаларга вилоят Ички ишлар бошқармаси ўз миннатдорчилигини билдиради. Ачинарлиси шуки, олиб борилаётган кўплаб профилактик ишларга қарамай фуқаролар орасида ҳанузгача бефарқлик, лоқайдлик ҳолатлари учрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 январида Тошкент шаҳрида 3 ёшли болакай бешинчи қават деразасидан тушиб кетган эди. Болакайни ўз вақтида керакли чора-тадбирларни қўллаган қўшнилар қутқариб қолганди.

Илтимос, фарзандларингизни қаровсиз қолдирманг!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг