Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Саккиз марта судланган». Фақат жазолаш йўли билангина тарбиялаб бўлмайди

«Саккиз марта судланган». Фақат жазолаш йўли билангина тарбиялаб бўлмайди

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий суди узоқ йиллардан бери «ўтирган» 19 нафар маҳкумани озодликка чиқарди.

Сиртдан қаралса, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек: адвокат гапирди, прокурор хулоса берди, Хотин-қизлар қўмитаси кафилликка ўтди. Сўнг суд бир зарб билан ажрим қилдики, аёллар озодликда!

Жараён бунчалар осон кечмаслиги кўпларга маълум. Ҳар бир «дело» шунчаки ҳужжатлар йиғиндиси эмас, балки инсон тақдири. Бундай тақдирни маҳкумаларнинг ўзилари танлагани бор гап: кимдир билиб, кимдир билмай... Бироқ улар қисматида битта умумийлик бор: жиноятни билиб қилгани ҳам, билмай қилгани ҳам илк қоқилганидан сўнг мустаҳкам тирговчи топилмаган...

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Жамиятда судланганларга нисбатан айрича тасаввур шаклланган, тан олайлик. Худдики судланган шахс «қайта одам» бўлмайдигандек. Ваҳоланки, шахс қандай жиноятга қўл урмасин, жазо тайинлашда биринчи марта судланаётгани эътибордан соқит қилинмайди. Аёллар-ку, инчунин. Қонундаги бундай меъёрлар адашган шахснинг жамиятда тезроқ ўз ўрнини топиши учун берилган имконият, аслида. Бироқ қонун билан ижтимоий ҳаётдаги ўзгача тартибларда ўша имкониятдан самарали фойдаланишга доим ҳам изн беравермайди-да. Оддий мисол: «судланган» деган тамға наинки шўрликнинг ўзи, балки яқинларига ҳам таъсир этиб келгани кимга сир?! Қайга бормасин, турткилаверадиган бечора нима қилади? Турган гап, жиноятга қўл уриши эҳтимоли юқори. (Реабилитация марказлари? Қўйинг, энсани қотираверманг!) Хуллас, айлансак ҳам, ўргилсак ҳам қадим ҳикмат ёдга тушаверади: жиноят (кўп ҳолларда) – адолатсизликка қарши исёндир!

...Суднинг қора курсисида қатор турган бу аёллар аввал бир эмас, бир неча марта судланган. Уларга оид жиноят иши ҳужжатлари «...аввал фалон марта судланиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармай яна жиноят йўлига кириб...» мазмунидаги гаплар билан бошланади. Уларнинг қилмишларини оқлаб бўлмайди, албатта. Бироқ тушуниш мумкин.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Мана, андижонлик Н.Саида. Йигирма саккиз ёшда. Олти марта (!) судланган. Охирги (2015 йил) марта ўғрилик устида қўлга тушиб, беш ярим йилга «кесилган»... А.Санобар эса ўттиз бешга тўлгунча саккиз марта (!) судланган, беш йилдан буён «ўтирибди», уям ўғриликни касб қилган. Маҳкумалар орасида 72 яшар З.Озодахон ҳам бор. Беш фарзанднинг онаси бўлган бу аёл гиёҳванд моддалар савдосига аралашиб қолгани сабаб уч йил аввал саккиз йилни «олиб» кетган...

Бахтиқаро бу аёллар «аввал судланганига қармай тегишли хулоса» чиқармабди, хўп. Бироқ «нега хулоса чиқармагани» сабаблари ҳақида жиддий бош қотирилдими? Бу саволга ижобий жавоб топиш қийин.

Қайта-қайта судланавергани боис собиқ маҳкумалардан «содиқ маҳкумалар»га айланиши «ўтириб» чиққанларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш ишлари ўлда-жўлда қолиб кетганини кўрсатмайдими, аслида?!

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Эркаклар-ку, бир нави, бироқ аёллар табиатидан келиб чиқилса, уларнинг ижтимоий мослашуви кечиктириб бўлмас масала экани, акс ҳолда, оқибати оғир бўлишини турнақатор бўлиб турган маҳкумаларнинг ҳолати кўрсатмаяптими?! Энг ёмони, улар содир этган жиноят касри ўзларигагина ураётгани йўқ: маҳкумаларнинг биттадан то беш нафаргача фарзанди борлиги инобатга олинса, оналарининг узоқ йилларга «кесилгани» фарзандлари руҳиятига тузатиб бўлмас жароҳат етказганини англаш қийин эмас.

Айбдорни жазолашдан осони йўқ. Асосий масала унинг тузатилишида. Беморнинг ўзи қанча ҳаракат қилмасин, яхши табиб бўлмаса, шифо топиши қийин. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўшандай табибликни ростмона зиммасига олаётир. Йил бошидан буён қўмита кафиллигида узоқ йиллардан бери жазо ўтаётган 167 нафар (кечаги 19 нафар маҳкумаларни қўшиб ҳисоблаганда) хотин-қизлар озодликка чиқарилди (биринчи марта жиноятга қўл уриб, суд залининг ўзидан оиласи бағрига қайтарилганлар бу ҳисобга кирмайди). Бировга, айниқса, турмалар салкам иккинчи уйига айланиб қолган аёлларга кафил бўлмоқ осонми? Шу маънода Хотин-қизлар қўмитаси зиммасига тушаётган масъулият залворини тасаввур қилиш қийин эмас. Суд мажлисларида қўмита раиси – ҳукумат раҳбариларидан бири ҳисобланган мутасаддининг шахсан иштирок этаётганининг ўзи масалага жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Яна бир гап. Маҳкумага кафиллик берилиши бу унга озодлик нақд дегани эмас. Жиноятга қўл уравериб-уравериб, қонундаги енгилликларда «ҳақи қолмаган» аёлларни битта кафолат хати билан озодликка чиқарвориш ҳазилакам иш эмас. Бунинг учун Олий суд мутасаддилари қонунларнинг «сиқиб сувини чиқараётир»ки, шўрпешона аёллар ноумид бўлмасин, деб. Ростига кўчадиган бўлсак, буям катта таваккалчилик, аслида. Аччиқ тажриба кўрсатяптики, шахсни, айниқса, аёлларни жазолаш йўли билангина тарбиялаб бўлмас экан.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг