Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Саида Мирзиёева меъморий мерос объектларини асраш муаммосига эътибор қаратди

Саида Мирзиёева меъморий мерос объектларини асраш муаммосига эътибор қаратди

Фото:«Facebook»

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева «Facebook»даги саҳифасида меъморий мерос объектларини асраш ва бу борадаги муаммолар ҳақида ёзди. 

«Мамлакатимиз меъморий мерос объектларини асраш - ҳам ҳукумат, ҳам жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири. Афсуски, нотўғри ёндашувлар қўлланиши оқибатида бу борадаги муаммолар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ҳам босма, ҳам электрон ОАВда фаол ёритилаётган бу ҳолат Ўзбекистон туризм соҳасининг ривожига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, Агентликнинг устувор вазифаларидан бири саналмиш мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини тарғиб этишга тўсқинлик қилиши мумкин»-дейди агентлик директори ўринбосари.

Соҳадаги сабабларни аниқлаш ва самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ушбу масалаларнинг батафсил муҳокамаси бўлиб ўтган.

Фото:«Facebook»

Тарихий обидалардан фойдаланиш ва уларни асраб-авайлаш борасидаги энг муҳим масалалар ва чоралар кўриб чиқилган. Жумладан, профессионал реставрацияни таъминлаш, шаҳар ландшафтини ва обидаларнинг ички ўзига хослигини сақлаш, маданий объектлар яқинидаги қурилиш ишларини назорат қилиш ва бошқа муаммоларга эътибор қаратилди.

«Бизнинг асосий вазифамиз ушбу ноёб меросни бўлажак авлодлар учун асраб қолишдир. Юртимиз имижини халқаро майдонда тарғиб этишда шу каби масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, албатта. Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириб, ҳамжиҳат бўлиб ишласак, бу соҳадаги муаммоларни бартараф этишимиз ҳамда эртага фарзандларимиз кўзларига тик қарай олишимиз учун ҳам воқеалар ривожини ўзгартиришимиз мумкин бўлади»-дея сўзини якунлаган Мирзиёева.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг