Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Русланбек Давлетов мансабдорларга бир ҳақиқатни эслатди

Русланбек Давлетов мансабдорларга бир ҳақиқатни эслатди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Адлия вазири Русланбек Давлетов фейсбукдаги саҳифасида оммавий ахборот воситалари эркинлиги, ахборот майдонидаги фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш ҳар қандай ислоҳотлар муваффақиятининг гаровидир, деб ёзди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 22 ноябрь куни ўтказилган селектор йиғилишида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратди.

Албатта, мансабдор шахслар ва журналистларнинг ўзаро муносабатлари ҳуқуқий ва одоб-ахлоқ меъёрлари доирасида қурилиши зарур.

Бу бугунги кунда ҳар бир давлат идорасининг ҳам, жамиятимизнинг ва фуқароларимизнинг ҳам манфаатларига мос келади.

Давлат органларининг очиқлиги, халқ билан мулоқот принциплари дадил ва чуқур демократик ўзгаришларни тақозо қилади. Бу ўзгаришлар аввало ўзимиздан, биринчи навбатда эса давлат хизматчиларидан бошланиши керак. Айнан, улар ўрнак бўлиши керак, аксинча эмас.

Ҳар қандай жамиятни кемирувчи коррупция, таниш-билишчилик, «қора иқтисодиёт» ва бошқа шу каби салбий ҳолатларни фош этишда ОАВнинг роли беқиёс эканини рад этиб бўлмайди.

Хусусан, адлия тизими мисолида олиб қарайдиган бўлсак, нотариат ёки давлат хизматлари соҳасида қатор қоидабузарликлар ва муаммоларни ҳал қилишда журналистлар ва блогерларнинг катта ҳиссаси бор.

Ушбу ҳолат ОАВнинг кучли фуқаролик жамияти қуриш ва тизимли муаммоларни бартараф этишдаги роли нақадар муҳимлигини кўрсатиб турибди. Шундай шароитда ҳар бир мансабдор ОАВга муносабат давлат сиёсатига муносабат эканини чуқур англаши лозим.

Ҳеч қайси давлат органи ўз ходимларининг ҳар қадамини тўлиқ назорат қила олмайди. Бизнинг эътиборимиздан четда қолаётган муаммолардан ўз вақтида огоҳ бўлиб, уларни бартараф этишга зудлик билан киришишимиз эса фаолиятимиз муваффақиятининг гаровидир. Шундай экан, муаммолар ҳақида вақтида аниқ ва тўғри сигнал бериб турган журналистлар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан миннатдор бўлишимиз лозим.

Биз бундан кейин ҳам фуқароларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, халқ билан узвий мулоқотни янги босқичга олиб чиқишда оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоатчилик вакилларига суянамиз, улар билан ҳамкорликни кучайтирамиз», деб ёзади вазир.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг