Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Республика бўйлаб семизликка қарши оммавий гимнастика тадбирлари ўтказилди (фото)

Республика бўйлаб семизликка қарши оммавий гимнастика тадбирлари ўтказилди (фото)

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бугун 4 май куни «Ортиқча вазн – қўшимча касаллик» шиори остида мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, Тошкент тиббиёт академиясининг «Шифокор» спорт мажмуасида ҳам юриш ва гимнастика тадбирлари аҳоли иштирокида ташкил этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда. 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Маълумки, юриш орқали юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик сабаб носоғлом турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, чекиш, ичиш каби салбий иллатларга ҳам чек қўйилади. 

Гимнастика машқларини бажариш орқали эса мушак тизимини мустаҳкамланади, бўғимлар ҳаракати яхшиланади, куч, тезлик, чидамлилик тарбияланади. Соғломлаштирувчи таъсир кучига эга машқлар туфайли қоматнинг тик ва тўғри ривожланишини таъминлайди. 

Семизлик касаллик бўлиб, тери ости ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўпланиши натижасида келиб чиқади. Камҳаракатланиш, генетик факторлар, эндокрин касалликлар, нотўғри овқатланиш ёки психологик бузилишлари, стрессларга берилувчанлик каби факторлар семизликни келтириб чиқаради. Ушбу сабаблардан энг кўп учрайдигани кам ҳаракатланиш, нотўғри овқатланиш ва генетик факторлардир.

Семизлик оқибатида метаболик синдром, қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, миокард инфаркти, инсульт, гипертония касаллиги, сурункали вена қон-томирларининг етишмовчилиги, холецистит ва ўт-тош касаллиги, артритлар, остеохондроз ва остеоартрозлар, умуртқа поғонаси чурралари, жигарнинг ёғли дистрофияси ҳамда онкологик касалликларга сабаб бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган даврда «Юриш куни», «Юриш бўйича марафон куни», «Саломатлик сари қадам», «Велосипедда сайр куни», «5 километр масофага фаол юриш» ҳамда «Соғлом озиш куни», «Фаол юриш ва муассасалараро спорт мусобақалари» каби оммавий тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг