Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Қуёшли»да қачон ичимлик суви бўлади? (видео)

Воҳадан келиб Тошкентга кираверишда, катта йўлнинг ўнг томонида баланд темир антенналарга кўзингиз тушади. Зангиота тумани ҳудудида жойлашган мана шу ердаги қишлоқни «Қуёшли» деб аташади. 2012–2013-йилларда шу қишлоққа туташ жойда намунали уйлар қуришга киришилди. Қурилиш турли сабабларга кўра узоқ давом этди.

Ҳозир «Мафтункор» деб ном олган ушбу аҳоли масканидаги уйларнинг 50 фоизида уй эгалари яшаса, қолганлари ё бўш турибди ёки бўлмаса, ижарага берилган. Хўш, нега деган савол туғилади.

Сабаби кўп. Ҳовлиларга сув ўтказиш тизими тортилган, аммо ундан келаётган сувни ичиб бўлмайди — шўр, қаттиқ, овқатни тахир қилади, томорқага қуйилса, бамисоли ерга туз сепилгандек оқариб, шўрлаб кетади. Транспорти борлар пойтахтдан сув ташиб ичишади, қолганлар эса нима бўлса, пешонамдан кўраман, дея ичишга яроқсиз сувни истеъмол қилишмоқда. 

Аҳолининг мурожаатига эътибор беринг: «Биз истиқомат қилаётган ҳудуддаги 2012–2013-йилларда қурилган уйларда қарамасдан ҳанузгача ичимлик суви таъминоти ва сифати бўйича муаммолар ҳал қилинмай келинмоқда. Бунинг сабаби барча мурожаатлар ижро учун Зангиота тумани «Сувоқова» корхонасига юборилган ҳамда «қўл учида» қилинган ишлар ва «қуруқ ваъдалар» тўлиқ бажарилмаган, иш охиргача якунланмаган.

Мафтункорликлар сувни текширтириб кўришганда, у белгиланган меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Яъни қаттиқлик меъёри 7 кўрсаткич бўлиши керак. Қишлоқда эса бу кўрсаткич 19 ни ташкил қилмоқда. Намунавий уйлар учун сув етказиб берадиган артезиан қудуғи «Қуёшли»даги кўп қаватли уйлардан чиқадиган оқова сувлар тўпланадиган ҳовуз яқинида қурилган. Табиийки, у ерга сизиб, артезиан қудуғидаги сувга қўшилади ва бу сув юқумли касалликлар хавфини келтириб чиқаради.

Хуллас, мутасаддиларнинг ваъдалари ваъдалигича қолди. Ваҳоланки, пойтахтнинг ичишга яроқли ширин суви шундоқ катта йўл ёқасида, «Қуёшли»дан атиги 1,5-2 километр масофадан Бўзсув томонга тортилган.

Айни шу сувдан фойдаланиб, сувоқчилик ишлари амалга оширилгани учун, фойдаланишга топширилганига ҳеч қанча вақт бўлмаган уйларнинг сувоқлари кўчиб, цемент ҳам нураб кетаётир. Ҳатто, баъзи уйларнинг деворлари ёрилиб кетган.

Ҳозирда намунали уйларнинг сони 155 та. Умуман, маҳалла фуқаролар йиғинида жами 850 та уй бўлиб, 3500 га яқин киши истиқомат қилади.

Бунинг устига 2016–2017-йиллар учун «Зангиота Сувоқава» инспекторлари айрим хонадонлардан ҳеч кандай тасдиқланмаган нарх меъёри буйича, ичимликка яроқсиз сув учун 1 ойга киши бошига 7000 сўмдан ҳисоблаб (сув ҳисоблагич йуқ) тўловлар ҳам қабул қилган. Аслида аҳоли учун бир ойда ичимликка яроқли сув учун сув ҳисоблагич бўлмаган хонадонларда ҳар бир кишига 7482.5 сўм нарх белгиланган.

Ҳудуд аҳосилиси бу муммони тезроқ ҳал қилиш бўйича ҳатто ўзлари таклиф киритишаётир:

Зангиота тумани «Сувоқава» корхонаси нисбатан яхши бўлган сув манбасидаги №1 артезиан қудуғини тузатиб, 8 ўлчамлик насос қурилмаси ўрнатиш ва сув заҳираси учун №2 қудуқ сув минорасини кўчириб келиш керак. Зарур бўлса, 8 ўлчамлик насос учун ёнидан янги қудуқ қазиш ҳамда артезиан қудуқ сувини қайта ишлаб истеъмолга яроқли ҳолда узатиш мумкин.

Агар юқори ташкилотлар бу таклифни қабул қилиб, ўз лойиҳалари, мутаххассислари ва зарур қурилиш материаллари билан ишга киришсалар, маҳалла аҳолиси ҳам албатта қараб турмайди. Ҳашар элга ярашар, дейдилар. Кўпчилик бўлиб ёрдамга шай бўлиб турибдилар.

Қарс икки қўлдан чиқади. Ҳар икки томон ишга киришса, масаланинг ижобий ечим топишига ишончимиз комил. «Xabar.uz» мазкур ҳолат юзасидан мутасаддилардан жавоб кутиб қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг