Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти байрами бўлиб ўтди (фото)

Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти байрами бўлиб ўтди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Маълумки, ўзбек ва қозоқ халқлари асрлар давомида дўст-қадрдон, яхши-ёмон кунларда бир-бирига елкадош бўлиб келган. Бу икки халқни бир-бирига боғлаб турадиган муштарак жиҳатлар кўп. Бугунги кунда ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бунда икки давлат раҳбари томонидан имзоланаётган тарихий ҳужжатлар, ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар муҳим ўрин тутади.

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан 2018 йилнинг «Қозоғистонда Ўзбекистон йили» деб номланиши муносабати  билан Қозоғистонда ўзбек халқининг маданияти, адабиёти ва санъати, тарихий қадриятларига бағишланган турли учрашувлар, кўргазмалар, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

22 сентябрь Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятида ўтказилган тадбирларда ҳам икки халқ ўртасидаги муносабатларни тобора мустаҳкамланиб бораётганининг амалдаги исботи бўлди. Тадбирда ҳар икки халқнинг адабиё ва санъат намояндалари, маданият марказлари вакиллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Ўзбекистондан борган ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар Туркистон вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида бўлиб, турли учрашувлар ўтказишди. Концерт дастурлари намойиш этилди.


2018 йилнинг июнь ойида Жанубий Қозоғистон вилоятининг номи Туркистон деб ўзгартирилган, униг маркази — Чимкент республика аҳамиятига молик шаҳар, Туркистон шаҳри эса вилоят маркази деб эълон қилинган эди. 


Асосий тадбирлар Туркистон шаҳрида бўлиб ўтди. Дастлаб меҳмонлар шаҳарнинг тарихий обидалари, Хожа Аҳмад Яссавий ёдгорлик мажмуаси билан танишдилар. Соҳибқирон Амир Темур ташаббуси билан қурилган бу иншоотда Яссавия тариқатининг асосчиси, туркий адабиётнинг етук вакили Хожа Аҳмад Яссавийнинг хоки мангу ором олмоқда. Буюк темурийзода ҳукмдор ва олим Мирзо Улуғбекнинг тўртинчи қизи Робия Султонбегим ҳам шу мақбара яқинида дафн этилган.

Туркистон вилояти ҳокими Жансеит Туймебаев меҳмонларни ташриф билан қутлар экан, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг аҳамияти, маданий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Маълумки, Туркистон вилоятида юз минглаб миллатдошларимиз истиқомат қилади. Бугун Қозоғистонда ўзбекларнинг ўз тилида таълим олиши, миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга етарлича аҳамият қаратилмоқда. Вилоятда, «Жануб жарчилари», «Яссавий нури», «Сайрам садоси» сингари ўнлаб газета ва журналлар, китоблар нашр қилинади. Бир қатор маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда.

Азал-азалдан бу икки халқнинг тарихи ҳам, тақдири ҳам, урф-одату анъаналари ҳам бир-бирига боғланиб кетган, — дейди «Жанубий Қозоғистон» газетаси бош муҳаррири Алишер Сотиболдиев. — Бугун икки давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли бу ҳамкорлик йил сайин тараққий этиб бораётир. Биз, Қозоғистонда яшовчи ўзбеклар ҳар икки мамлакатни ўз ватанимиз деб биламиз, ардоқлаймиз. Бундай тадбирлар биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас.

Тадбир давомида Қозоғистонда яшовчи ўзбек ҳунарманд ва усталари яратган халқ амалий санъати намуналари, миллий таомлар кўргазмалари, спорт мусобақалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ғиёс Бойтоев, Дилноза Исмияминова ижросидаги қўшиқлар барчани хушнуд этди.

Рустам Жабборов,
Аброр Зоҳидов,
Тошкент — Туркистон — Тошкент

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг