Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қўқонлик бойваччага тегишли корхоналарда табиий газ ўғирланаётгани аниқланди

Қўқонлик бойваччага тегишли корхоналарда табиий газ ўғирланаётгани аниқланди

Қўқоннинг бойларидан бирига тегишли экани айтилаётган корхоналарда табиий газ ўмарилаётгани маълум бўлди.

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати бюронинг Фарғона вилояти бошқармаси маълумотига таяниб, «Xabar.uz»га маълум қилди. Унга кўра, Қўқон шаҳрига туташ Данғара тумани маркази ҳисобланмиш Тошкент кўчасида жойлашган тўйхона, меҳмонхона, ошхона, сауна, боулинг клуби ва нонвойхоналар бир шахсга тегишли экани айтилади. Ўша қатор-қатор кўчмас мулкларда ўтказилган ўрганишларда газ ҳисоблагичдан ташқари визуал аниқлаб бўлмайдиган яширин ҳолатдаги байпас линияси орқали газ сўрғич билан тармоққа ноқонуний уланиб, табиий ресурсдан бемалол ва ноқонуний фойдаланиб келинаётгани фош қилинган. Фарғона вилояти газ таъминоти корхонаси мутахассислари ҳисоб-китобича, 309 млн. 93,8 минг сўмлик моддий зарар етказилган.

Бироқ хабарда «зангори олов» қанча вақтдан бери ўмариб келингани ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек, «тадбиркор»нинг шахси ҳам очиқланмаган. Унинг кимлиги айни ҳолатда аҳамиятсиз, албатта. Чунки, кўп ҳолатларда, хусусан, Қўқонда кўп кўчмас мулкларнинг қоғоздаги эгаси бошқа, амалдаги соҳиби умуман бошқа шахс бўлиб чиқади. «Қўқонча бизнес» ибораси пайдо бўлиши сабабиям шунда.

Маълумотнинг бир қадар мавҳум тарзда тақдим этилиши бойларнинг қўли бир қадар узун келишини ёдда солади, бу эса аниқланган зарар миқдорига нисбатан шубҳа туғдирмай қолмайди. Бироқ аниқ далил йўқ экан, «Қўй семирса орқаси қисилади» мақолини бирров эслаган ҳолда «МИБчиларгачям қийин» демоқдан ўзга чора йўқдай.

Дарвоқе, етказилган зарар «бир деганда» қоплангани боис жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинибди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг