Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қашқадарё ЙҲХБда 6 ойга чўзилган «иш»: суд талаби бажарилмаяпти, баённома тузган инспектор «ғойиб бўлган», ИИВ Ўз хавфсизлиги хизмати «кўз юммоқда»

Қашқадарё ЙҲХБда 6 ойга чўзилган «иш»: суд талаби бажарилмаяпти, баённома тузган инспектор «ғойиб бўлган», ИИВ Ўз хавфсизлиги хизмати «кўз юммоқда»

Фото: «Хабар.уз»

Қашқадарёда ЙҲТга учраган ҳайдовчига асосий тирикчилик воситаси бўлган «Дамас» автомашинаси қайтарилмаяпти. У ўзини жабрланувчи деб ҳисоблайди, аммо ҳужжатларда айбланувчига айланган

Қарши тумани, Манғит МФЙда яшовчи Илёс Жўраевнинг айтишича, Қарши шаҳар Араловул МФЙ ҳудудида асосий йўлдан кетаётганида иккинчи даражали йўлдан чиқиб келган «Ласетти» ўнг-орқа томонидан урилган ва бошқарувидаги «Дамас» ичидаги юк билан ағдарилиб кетган.

Ҳайдовчини шу атрофдаги кишилар «Дамас»дан чиқариб олишган, «Ласетти» ҳайдовчиси эса воқеа жойидан қочиб кетгани айтилади.

«Ўша маҳалла одамлари 103га қўнғироқ қилишиб, ағдарилиб ётган машинамни кўтариб, ичидан чиқишимга ёрдам беришди. Мени Қарши шаҳар тез ёрдам шифохонасига олиб кетишди», — дейди мурожаатчи Илёс Жўраев. — «Шифохонада аҳволим ёмонлигига қарамай, ЙПХ ходими мени ўзининг шахсий автомашинасига ўтқизиб, наркологияга бўлимига олиб борди ва текширувдан ўтказди, сўнг шу ҳолатимда шифохонага қайтармай, йўлда ташлаб кетди».

Ўзининг жабрланувчи эканини айтаётган фуқаро бир неча кун шифохонада даволанганини, бунинг учун бир неча миллион сўм сарфлаганини, «Ласетти» эгаси эса бу вақтда ундан хабар ҳам олмаганини айтади.

Қўшимча қилишича, ЙПХ ходими унинг соғлиғи ёмонлашганидан фойдаланиб, ўзи тушунтириш хати ёзиб, унга қўл қўйдириб кетган ва ҳужжатларни тескари — «Дамас» ҳайдовчисига қарши йиғган. Яъники, чизма ва бошқа ҳужжатларда «Ласетти» асосий йўлдан ҳаракатланган, «Дамас» эса иккинчи даражали йўлдан чиқиб келган бўлиб қолган, дейди мурожаатчи.

Шу сабаб ЙПХ инспектори йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан кетиб қолган ҳайдовчига эмас, «Дамас» ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддаси билан иш қўзғатиб, судга киритади.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди эса 2022-йил 31-августда тўпланган ҳужжатлар нотўғри тузилган деб топади. Суд ўз ажримида ҳужжатлардаги камчиликларни кўрсатиб, уни бартараф қилган ҳолда қайта расмийлаштириш учун Қарши шаҳар 3-сон ИИБга қайтаради. Орадан шунча вақт уйида суд талабини бажариш пайсалга солиб келинмоқда.

Ҳодиса 2022-йилнинг 29-июлида, олти ой аввал содир бўлган. Лизингга олинган «Дамас» билан тухум ташиб оиласини тебратган шахс нафақат унга етказилган зарарлар қопланишига, автомашинасини жарима майдонидан чиқарилишига ҳам эриша олмаяпти. Олти ойдан буён жарима майдонида ётган машина қанча жарима «йиғгани»ни тасаввур қилиш қийин эмас. Энг ёмони, бутун бошли оиланинг асосий даромади ҳам узилган.

«Ласетти» эгаси эса машинасини аллақачон олиб чиқиб кетган, дейди мурожаатчи. Айтишича, ўз «Дамас»ини жарима майдонидан олиб чиқишга бир неча бор уринган, аммо унга «ҳеч қандай даъвоси йўқлигини ёзиб тилхат берса, шу заҳоти машинасини жарима майдонидан чиқариб юборишларини» айтишмоқда. Жабрланувчини айбланувчига «айлантириб» қўйганлар шу орқали ишни «ёпда-ёпди» қилишмоқчими?

Илёс Жўраевнинг шу вақт оралиғида мурожаат қилмаган жойи қолмади. Хусусан, ИИВ Ўз хавфсизлиги хизмати Қашқадарё вилояти бўлинмаси бошлиғига ЙПХ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан киритган мурожаати ҳам шунчаки Қашқадарё вилояти ЙҲХБга йўналтириб қўйилиши билан «ёпиб юборилди». Саволлар эса очиқлигича қолмоқда.

Нега суд қайтарган ҳужжатлар ҳалигича қайта киритилмаяпти? Нега «Дамас» жарима майдонида қолиб, «Ласетти» қўйиб юборилган? Ва асосийси: нима учун ЙПХ инспектори ҳодисани бошқача талқин қилган, бошқача талқин қилинмаганида ва ҳамма ҳужжатлар тўғри тузилганида суд уни қайтарармиди? Нега ИИВ Ўз хавфсизлиги хизмати Қашқадарё вилояти бўлинмаси ЙПХ инспекторларига нисбатан хизмат текшируви тайинламаяпти? Бу ишларнинг ортида вилоят ЙҲХБда «катта» одам ўтирибдими? Нега прокуратура ўзини четга тортмоқда?

«Дамас» ҳайдовчиси асосий йўлдан кириб борганини айтмоқда. ЙТҲдан кейин «Дамас» бориб ағдарилган жойни ҳам фотога қараб аниқлаш қийин эмас.

Қарши шаҳар 3-сонли ИИББ бошлиғи ўринбосари томонидан тасдиқланган қарорда (таҳририятда нусхаси мавжуд) ушбу ЙТҲ бўйича тўпланган ҳужжатлар билан танишган инспектор қуйидагиларни аниқлаганини қайд этади: «...«Ласетти» автомашинаси соатига 40-км тезликда ҳаракатланиб келган, юк бўлмаган, йўловчи бўлмаган... «Дамас» автомашинаси соатига 40-50-км тезликда ҳаракатланиб келган, юк бўлмаган...».

Биринчидан, «Ласетти» ҳайдовчисининг Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи номига ёзган тушунтириш хатида (таҳририятда нусхаси мавжуд), машинасида ўзидан ташқари одамлар бўлгани, ўзига ва уларга ҳеч қандай тан жароҳати етмаганини билдирган. Демак, «Ласетти»да йўловчилар бўлган.

Иккинчидан, «Дамас»да ҳам тўла юк бўлган: ҳайдовчи 6000 дона тухумни олиб кетаётганди. Буни тасдиқловчи ҳисоб-фактура мавжуд. Қолаверса, ЙТҲга оид ҳужжатлардаги фотоларда «Дамас» атрофида сочилиб ётган тухумлар акс этган.

Нима учун ЙПХ инспектори «Дамас»да бўлган, ўша вақтда нархи 6 млн сўмлик маҳсулот исроф бўлганини қайд этмаган?

Яна бир жиҳат — «Ласетти» суд автотехника экспертизасидан ўтказилган ва 3 млн сўмдан ортиқ зарар етказилгани келтирилган, аммо орқа томонидан машина келиб урилиши оқибатида ағдарилиб кетган «Дамас» автотехника экспертизасидан ўтказилмаган ва зарар миқдори аниқланмаган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судяси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни («Дамас» ҳайдовчисига нисбатан) қайтариш тўғрисида ажрим чиқариб, ЙҲХБ инспектори томонидан бир қатор қўпол камчиликларга йўл қўйилганини қайд этади. Шундан сўнг, ўша дастлабки маъмурий баённомани тузган инспектор «ғойиб бўлади» (айтишларича, у бошқа жойга ишга ўтказиб қўйилган). Ҳозирда иш бошқа инспекторга топширган, аммо у ишни «пайсалга солиб» юрибди. Таҳририят ходими инспектор билан бир неча бор боғланишга ҳаракат қилди, аммо қўнғироқларга жавоб бўлмади.

Ишдан хабардор бошқа ходим билан боғланилганида эса, у ҳужжатлар судга қайта киритилган «бўлиши мумкинлигини» билдирди ва аниқ жавоб айта олмади.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди эса таҳририят сўровига ушбу иш қайтарилганидан кейин бошқа киритилмаганини тасдиқлади.

Бу ишлардан бир қинғирликнинг «ҳиди» келаётганини сезяпсизми? «Танка»си борлар кўчада хоҳлаганини қилиб юраверса, адолатни таъминлаши керак бўлганлар эса уларни тўхтатиш ўрнига ҳимоялаб юрса, «айбсиз айбдорлар»нинг бошида таёқ синаверса!.. Ходимларнинг бундай хатти-ҳаракати бутун тизимга нисбатан иснод, ишончсизлик келтириб чиқармайдими? Бундай бош-бошдоқликни  назоратга оладиган виждонли масъуллар борми?!

Тез орада адолат қарор топади деган умиддамиз, мавзуга яна қайтамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг