Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қаршидаги мурувват уйига Қорбободан аввал Бош прокурор келди

Қаршидаги мурувват уйига Қорбободан аввал Бош прокурор келди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Самарқанд, сўнг Жиззах сафарларидан саноқли кунлар ўтгач, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Қашқадарёга йўл олди. Бош қонун посбони Қаршининг ўзида нари-бери «ишларни битириб», дарҳол ортга қайтгани йўқ. Аввалига 39 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, уларни обдон тинглади. Мурожаатларнинг 9 таси суд масалалари, 4 таси прокуратура ва 5 таси ички ишлар органлари фаолиятларига ҳамда 21 таси бошқа масалаларга оид эдики, уларнинг ҳар бирини эшитиб, ўша жойнинг ўзида тегишли топшириқлар берилгунча вақт пешиндан ўтди. Қишнинг куни бир тутам, кўз очиб, юмгунча қош қораяди. Шундай экан, режадаги бошқа ишларга ҳам улгуриш керак.

Бош прокурор сайёр қабулни якунлаши ҳамоно Қарши шаҳридаги «Ногиронлиги бўлган болалар учун Муруват интернат уйи»га шошилди. Янги йил байрами муносабати билан тадбир ўтказаётган ташкилотлар кўп. Уларга борадиган меҳмонлар ҳам етарли. Бироқ кўнгли ҳам, жони ҳам ярим болажонлар билан эски йилни кузатишга ҳамма амалдор ҳам ошиқавермайди. Шунданми, ким-ким Бош прокурорнинг мурувват масканига мўл-кўл совғалар билан ташрифи кўплар учун кутилмаган ҳол бўлса, ажабмас.

Болажонларга совға-саломларни топшириб, улар билан суҳбатлашишдан ташқари мурувват уйидаги шарт-шароитлар билан танишилгач, Қарши туманига ўтилди. Тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволи, аҳолининг турмуш тарзи билан танишилди. Юксак лавозимдаги шахснинг қишлоқдаги ўнқир-чўнқир йўлларда пиёда юришини, «Мирмирон» маҳалла фуқаролари йиғини аҳолиси билан кўчанинг шундоқ ўзида гурунглашиши, шунингдек, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган оила хонадонига ташриф буюриб, уларнинг турмуш тарзи ва оилавий аҳволидан хабар олгани ҳали-бери одамлар оғзидан тушмаса керак.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Катта лавозимдаги шахсларнинг жойларга ташрифи билан боғлиқ шов-шувлар йиллар давомида оддий аҳоли ва амалдорлар ўртасида қанчалар катта бўшлиқ пайдо бўлганини кўрсатади. Ваҳоланки, амалдор деганлари осмондан тушган шахс эмас, уларнинг халққа холис хизмат қилишдан бошқа иши йўқ, аслида. «Халқ билан мулоқот» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ана ўша бўшлиқ ўрнини тўлдираётгани билан ҳам аҳамиятли.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Дарвоқе, Бош прокурорнинг «Мирмирон»да ўтказган вақти ҳавога совурилгани йўқ: ўзи ташриф буюрган хонадондаги 3 сотих фойдаланилмаётган ер майдонига иссиқхона қурса бўларкан. Шу ҳақда топшириқ берилгани ҳамоно ўша куннинг ўзида иссиқхонанинг қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 1,2 км. масофадаги тупроқ йўлга шағал ётқизилди, кўча бўйлаб симёғочлар ўрнатилди.

...Фуқаролар томонидан қабулда топширилган мурожаатлар аллақачон назоратга олиниб, қонуний ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг