Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қаҳрамонларига қўйилган маънавий ёдгорлик...

Қаҳрамонларига қўйилган маънавий ёдгорлик...

Куни кеча академик ва таниқли олим Акмал Саидовнинг «Ғалаба боғи фалсафаси» номли китоби «Тасвир нашриёт уйи» ва «KolorPak» нашриётида ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилди.

6-фаслдан иборат асарда Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон ва жафокаш халқимиз қўшган беқиёс ҳисса, бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг фахрийлар ва фронт ортида меҳнат қилганлар шахсларга кўрсатаётган улкан ғамхўрлиги ва алоҳида эътибори ҳақида батафсил тўхтаб ўтилади.

Муаллифнинг янги барпо этилган «Ғалаба боғи» мажмуаси атрофидаги фалсафий ёндашувлари босқичма-босқич ўса бориб, Иккинчи жаҳон урушининг вайронкор кўлами, инсоният фожиаси, тинчликнинг қадрига каби умумбашарий ва глобал таҳлил силсиласига кўчади.

Китобда келтирилган рақамлар ва фактлар албатта, жуда муҳим ва янги экани билан аҳамиятлидир. Унда юртимиздан 1 951 минг киши урушга қатнашгани, 538 минг нафари ҳалок бўлгани, 158 минг киши бедарак йўқолган ҳақидаги янги аниқланган маълумотлар бу қонли урушда Ўзбекистон иштирокини ҳақли равишда кенгайтириб юборади.

Ваҳоланки, биз шу вақтга қадар бу рақамларни, билмаган ҳолда камроқ ҳолда қўллаб келар эдик. Кўрсаткичлар ўртасидаги фарқлар китобда жадвал кўринишида акс эттирилгани жуда маъқул ва осон бўлган

Мазкур китоб сўнгги йилларда айрим давлатларнинг чоп этилаётган кўплаб ҳарбий бадиий ва ҳужжатли асарларида, фильмларида, мақолаларида ва бошқа материалларида фашистлар устидан қозонилган буюк ғалабада асосан битта буюк давлатнинг ҳиссаси ҳал қилувчи бўлгани ҳақидаги чўпчаку иддаоларга ҳам муносиб жавоб бўлади дейиш мумкин.

Истиқлол йилларида недир сабабларга кўра, тарихий хотира ва маънавият соҳасидаги айрим ҳаракатлар, номи кўп йиллар қаҳрамонлик тимсоли бўлган шахсларнинг кутилмаганда тилга олинмай қўйилгани каби хатолар натижасида аҳолининг айрим эътирозларига сўнгги йилларда адолатли ечимлар топилгани баён этилади.

Хусусан, беғрикенг ва олижаноб Шоаҳмад Шомаҳмудовнинг оиласига қўйилган ҳайкалнинг аввалги жойига қайтарилиши, турли тамғалар ёпиштирилган генерал Собир Раҳимов номининг тикланиши ва бошқа кўплаб ибратли фактлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиндан ҳам тарихий адолатни қайтарганликларига ёрқин мисолдир.

Акмал Саидов дунёда меъморий ечими бўйича тенгги ва муқобили йўқ бўлган кўркам «Ғалаба боғи» ғояси ва фалсафаси, рамзлар ифодаси ва мазмунини атрофлича очиб берар экан, «Шон-шараф» музейидан тортиб, бу ердаги ҳар бир ёдгорлик ва қурилган иншоотларнинг расмларигача юқори сифатда, замонавий дизайнерлик услубида бериши мавзуни тугал-чуқур очиб беришга ва асарнинг янада қизиқарлироқ бўлишига хизмат қилган.

Эътиборли томони, китобда Иккинчи жаҳон уруши йилларида Европадаги реал вазият ва ғалабага эришишда ўзбек миллатининг иштироки ҳақида янгидан янги тарихий далиллар ва мутлақо янгича қарашлар акс этган.

Ўзбекистон заминига келтирилган юз минглаб етим болалар, бева қолган аёллар, олиму зиёлиларга ватандошларимиз хонадонлари, халқимизнинг дил тафти иссиқ қўналға, ишончли бош-пана бўлди. Урушнинг 800 кунини Тошкентда ўтказган бетакрор ижодкор Анна Ахматова олижаноб инсонларимизга чуқур ҳурмат ила шундай ёзади:

Ёш ва дилбар сочли оналар,

Ширин кулчалар тутган болалар,

Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!

Саккиз юз куним – мўъжизавий сас,

Шу мовий ранг чексиз осмон остида,

Шу ложувард тубсиз уммон остида

Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,

Эй, оташин боғ...

Собиқ Иттифоқ таркибидаги Украина, Беларусь, Болтиқ бўйи мамлакатларидан ташқари, Европанинг Финляндия, Польша, Чехословакия, Австрия, Венгрия, Болгария, Румания, Югославия, Германия, Франция, Италия каби мамлакатларида озодлик ҳаракатларида фашистларга қарши мардонавор курашган ота-боболаримиз беқиёс жасорати, ёвқурлиги, куч-қудрати, ҳар қандай мураккаб вазиятга қарамасдан Ватанига садоқати тараннум этилади.

Бир ўқишда ўзбеклар шарқий ва марказий Европани озод этишдаги қаҳрамонлиги улкан ижобий таассурот бериб, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини жўш урдиради, қаҳрамон аждодларимизга нисбатан чуқур эҳтиром-ҳурмат уйғотади.

Мен шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейин ҳам бир-иккита ўзбекистонлик генераллар бўлса керак, деб ўйлаб юрар эканман. Чунки бу ҳақда тайин-тузук маълумотлар ҳар доим ҳам учрайвермайди.

Китобда юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб генераллар ҳақида тўлиқ ва қизиқарли маълумотлар берилгани ўқувчини ҳайратга солади. 

А.Саидовнинг урушнинг энг олдинги чизиқларида ва фронт ортидаги залворли ҳаётда, ҳарбий, сиёсий-иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим, диний ва маданий, қурилиш-бунёдкорлик соҳаларида хотин-қизларимизнинг, ўсмир болалар ва кексаларимизнинг иштирокини уларнинг машаққат-изтироблари, қадоқ ва беминнат меҳнати призмасидан ўтказиб ёритиши албатта ўзига хос янгиликдир.

Беш фарзандни урушга йўллаб, барчасидан ажралиб қолган Зулфия Зокировага бағишланган қисми айниқса таъсирли, беихтиёр кўзга ёш қалқитади. Афсонавий нолегал разведкаси Баҳром Иброҳимов ҳақидаги қизиқарли фактлар, юртдошимизнинг Жанубий Осиёдаги мураккаб ҳаёт йўли ва метин иродаси, Гитлернинг Учинчи фронтни очиш режаси чиппакка чиққани ҳақидаги тарихий далиллар эса асарнинг аҳамиятини кескин оширади.

Япон милитаристларига қарши Узоқ Шарқ ва Хитой ҳудудларида олиб борилган ҳарбий амалиётларда ўзбекистонлик аскарларнинг шонли ғалабалари аниқ фактлар билан очиб берилади.

Аслида хотира бўлмаса, миллат ҳам ва давлат ҳам бўлмайди. Токи ҳар бир давлат ўзининг кучли мафкураси, унутилмас тарихи, ўтмиши ва тинчликка ҳисса қўшаётган шахслари билан доимо тирикдир.

Асарда ёвуз ғоя – фашизм балоси кескин танқид қилинади, аччиқ тарихий сабоқлар чиқарилади, миллатлар бирдамлиги, халқлар ҳамжиҳатлиги ва аҳиллиги бебаҳо неъмат, дея улуғланади.

Муаллиф ўз мулоҳазалари орқали сўнгги йилларда Европанинг у ер-бу ерида қайта бош кўтараётган, «тарихий ҳақиқатни қайтадан тафтиш қилиш» ёрлиғида чинни ёлғон деб аташ сиёсий тус олаётган шароитда ўсиб келаётган авлодларни огоҳлик ва ҳушёрликни йўқотмасликка чорлайди.

Муаллиф икки йил давомида асарни қоралар экан, уруш даҳшати ичида яшаган, мотам ва андуҳдан пешонасини ажин босган, дахлдорлик ҳисси билан яшаган ва умргузаронлик қилаётган, юртнинг шон-шавкати учун кўксини ўққа тутган юзлаб шахслар ҳақида ибратли ва равон тилли мақолаларга ўрин ажратган.

Китоб ноширлик жиҳатидан ниҳоятда замонавий ва ўзига хос услубда тайёрланган бўлиб, ҳар саҳифа четида алоҳида рукн шаклида Президентимизнинг ибратли фикрлари ва иқтибослари, мавзуга оид турфа шоирларимизнинг таъсирчан шеърлари берилиши, рангли суратлар, хариталар, жадваллар, архив материаллари бериб борилгани ўқувчини асло зериктирмайди.

Қолаверса, ҳар бир тарихий шахслар ҳақида гап кетганда ҳавола шаклида унинг таржимаи ҳоли алоҳида берилиши ҳам маълумотдорликни оширишга хизмат қилади.

Китобни барча юртдошларимиз, тарих фани устозлари, олимлар, ўқувчи ва талабалар учун ниҳоятда қимматли қўлланма, ноёб билимлар хазинаси бўлган дейиш мумкин. Таъбир жоиз бўлса, у уруш қаҳрамонларимиз хотирасига қўйилган муҳташам маънавий ёдгорликдир, мукаммал фундаментал ва қомусий нашрдир.

Л. Раҳматов, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг