Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Қадри галстукдан паст таълим кимга керак?

Қадри галстукдан паст таълим кимга керак?

Фото:«Mysecret.ru»

Финляндия, 2018 йил. Умумий ўрта-таълим мактаби. Разм солсангиз, мактаб ўқувчиларининг кийимлари турфа-хил, бири иккинчисини такрорламайди. Ҳамма топганини кийиб келган. Ўқитувчи тушмагур ҳам, бировини «қани форма, қани бўйинбоғ» ёхуд «ҳамманг қўлингни парта устига бир хил қўйиб ўтир» дея жаврамайди. Умуман, ўқитувчининг дарс ўтишида на асабийлик, на таҳдид бор. У боқибеғам, шунчаки ўргатади. Энг ёмони, бирор кимса қўққисдан дарсга кириб, йўқлама, галстук ва шунга ўхшаш нарсаларни сўрамайди-эй…

Ушбу манзарани кўрган одам Финляндиядаги таълим тараққиётига фотиҳа ўқиб қўяверса керак…

Афсуски, у адашади. Финляндия таълим самарадорлиги ва сифати жиҳатидан жаҳонда биринчи ўринда туради, оддий фин ўқувчиси тўққиз ёшидан бир, ўн икки ёшидан икки ва ниҳоят ўн олти ёшидан учта хорижий тилда бемалол гапиришни бошлайди.

Ўзбекистон, Бухоро, 2018 йил. Фалон университетда дарс берувчи фалончи дарсга бўйинбоғ тақиб келмаган талабаларни калтаклади…

Академик лицей ва университетда ўқиб юрган вақтимизда бизни кечикканимиз, галстук тақмаганимиз ва ҳоказо «айбларимиз» учун кириш эшиги олдида ушлаб, роса насиҳат ёки дўқ-пўписа (!) қилишарди. Негадир қўйиб юборишгач, ўқув хонасига киришга юрагим безилларди: чунки форма ва давомат туфайли роса жон куйдирганлар хонага калласини суқиб «дарс қандай ўтиляпти?», «нима ўрганяпсизлар», «шу фан сизларга керакми ўзи?», «Нима қилсак, таълим сифати ошади, биздан нима истайсизлар?» дея сўрамасди. Галстук бу ўқув биносига кириш учун ташриф қоғози, у бўйнингда бўлса, сенга кулиб қарашади, яхши гапиришади, ёхуд шунчаки нордон гаплардан озод бўласан.

Университетни битираётган йилимиз факультетга юқори идорадан текширув келаётгани хабар қилинди. Негадир шу сафар уларнинг талабаларни эшитишига, қаёқдаги расмиятчиликларни эмас, ҳақиқий таълим сифатини текширишларига ишонгим келди. Аммо ўша «умидбахш» кунда келганлар аудиторияга киргандан, формада бўлмаган талабалар учун ўқитувчини койиди ва ким неча соат дарс қолдиргани аниқлаш учун журнални титкилай бошлади….

Таълим муассаларимиз деворларига бир боқинг: у ерда ўқувчининг ўзини тутиши, қандай кийиниши ҳақида эслатмалар, тавсиялар, насиҳатлар жуда кўп. Албатта, бу яхшидир, аммо талаба ёхуд ўқувчи бу ерга келиб энг асосий вазифаси — илм олишни бажармаяпти.

Яқинда бир олий ўқув юртининг саҳифасида «Тартиб таълимдан муҳим!» деган баландпарвоз жумлани ўқиб қолдим. Унда ўқув муассасаси раҳбарияти шахсан ўзи талабаларнинг эрталаб кийиниб келишини назорат қилаётган экан. Фараз қилайлик сен журналистика факультети талабасисан, деканга ёқишинг учун бошингни қотириб, ўткир мақолалар ёзишинг, тажрибани ўрганишинг, ёхуд жон куйдириб хорижий тилни эгаллашинг эмас, галстук тақиб келишинг кифоя. Сенга кечикканинг ва ўқув формасида эмаслигинг учун соатлаб насиҳат қилишлари мумкин, аммо аудиторияда бекор ўтган вақтинг катта йўқотиш эканлиги ҳақида ҳеч ким айтмайди. Бугун мактаб формасидаги ўқувчи олти соат дарсда ўтириб, қуруқ қайтмоқда, университетни тугатган айримлар икки қаторни эплаб ёзолмаяпти. Аммо бу ҳақда ўша «бўйинбоғчилар» жим.  Гўё бу муаммолар уларга қоронғу.  Тинчгина айбни яна «ўқув муассасаси ички тартиб қоидасига риоя қилмаганлар»га ағдариб қўяверишади.

 Хуллас, таълимдаги муаммолар мажбуран тақдирилган бўйинбоғлар ортида қолиб кетар экан, япон талабаси ихтироси учун патент олаётган вақтда ўзбек талабаси оддий матони таъна-дашномлардан қутилиш учун ягона йўл деб билаверади. 

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг