Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қачон «закўнчи» бўламиз?

Қачон «закўнчи» бўламиз?

Ҳуқуқни билиш инсонга мустақиллик беради. Ҳаққини билган одамни турли «мақом»га ўйнатиш, жайдари тилда айтсак, йўлдан уришнинг иложи йўқ! Муҳими, ҳуқуқини билган ва ундан фойдалана олган инсон қонун ижросини таъминловчи муҳим мурватга айланадики, биз орзу қилаётган фуқаровий жамият учун бундай шахслар жуда-жуда керак. Зотан, қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми, холос. Асосийси – унинг амалдаги ижросида! 

Демак, айни палладаги долзарб масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этишни таъминлашдан иборатдир. Президентнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.

Эътироф этиш шарт, бу борада қилинган ишлардан амалга ошириладигани кўп. Умумий, зерикарли, ҳисобот учун қилинадиган ва самараси паст тадбирлардан аниқ, манзилли, амалий аҳамияти ва самараси юқори тарғиботга ўтиш даври келди.

Манзилли тарғибот нима?

Олайлик, у ёки бу соҳага оид муҳим ҳужжат қабул қилинди. Ушбу ҳужжатни ҳамма жойда ёппасига тарғиб қилиш самара бермаслиги маълум. Шу сабабли қайси соҳа ёки жабҳага оид ҳужжат қабул қилинса, айнан шу соҳага тааллуқли аудиторияга қаратилган тарғибот олиб бориш — манзилли тарғибот дейилади.

Бундай тарғибот нафақат оддий аҳоли орасида, балки корхона ва ташкилотларда ҳам олиб борилиши лозим. Чунки ҳар бир ходим ўзи меҳнат қилаётган соҳанинг ҳуқуқий асосларини ва қонунчиликдаги соҳага оид янгиликларни билиши лозим. Шу мақсадда корхона ва ташкилотларда мавзули, ихтисосликларга йўналтирилган тарғибот эҳтиёжи мавжуд.

Тарғибот мавзуси ва аудиториясини белгилаб олиш учун аввал маҳаллаларда ва жамоаларда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган ва мурожаатларда кўтарилаётган муаммоли масалалар ўрганиб, таҳлил қилинади. Сўнг, таҳлил натижаларига кўра, тарғибот усули, мундарижаси ва керакливоситалари белгилаб олинади. Шу асосда ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар тарғиб қилинади.

Энди бир гуруҳ одамларни мажбуран йиғиб олиб зерикарли маъруза ўтишдан воз кечилди. Интерактив ва кўргазмали давра суҳбатлари, халқ орасига кириб олиб борилаётган савол-жавоблар ва ҳуқуқий маслаҳатлар орқали муаммоларга амалий ечим топишга қаратилган жонли тарғибот – давр талаби.

Буни ҳуқуқ тарғиботчилари яхши англаб етдилар ва амалда қўлламоқдалар. Тарғибот тадбирларини ташкил этишда кўргазмали материаллардан фойдаланиш, схематик ифодалашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан 15 февралга қадар бутун Республика бўйлаб ташкил этилаётган манзилли тарғибот тадбирларининг мақсади фуқаролар, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларга қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборатдир.

Тарғибот тадбирлари икки йўналишда ташкил этилмоқда.

Биринчи йўналишда барча давлат ташкилотлари ва идоралар ходимлари билан ишланмоқда. Республика-вилоят-туман тамойили асосида ҳар бир давлат ташкилотида ҳуқуқий тарғибот олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга қадар Халқ таълими вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, «Давергеодезкадастр» қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва уларнинг ҳудудий тузилмаларида ишловчи ходимларга соҳа фаолиятига оид қонунчилик моҳияти етказилди. Шу билан бир қаторда уларнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари ҳам тушунтирилди.

Иккинчи йўналишда эса, турли аҳоли тоифалари ёшлар, тадбиркорлар, уй бекалари, пенсионерлар, меҳнат мигрантлари орасида қонун ҳужжатларининг мазмуни етказиш билан шуғулланилмоқда. Шу билан бирга уларнинг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси мониторинг қилинмоқда.

Фуқаролар ҳам энди бундай учрашувларда фаол, ўзларини қизиқтирган саволлар ва қийнаётган муаммоларни очиқ айтиб, мутахассислардан малакали ҳуқуқий маслаҳатлар олмоқдалар.

Тарғиботни профессионал даражада ва самарали тарзда амалга ошириш учун вазирликнинг малакали мутахассислари, тажрибали педагог-профессорлардан иборат таркибда махсус ишчи гуруҳ тузилди

Ҳозирда Тошкент шаҳри, Сирдарё, Навоий, Фарғона вилоятларида манзилли тарғибот тадбирлари бошлаб юборилди.

Бу каби тадбирлар аҳолининг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини ошириш билан бир қаторда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш учун ҳам муҳимдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг