Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қачон осмондан тушамиз?

Қачон осмондан тушамиз?

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ҳолатимиз маълум, аҳолининг аксарият қисмининг маиший аҳволи ҳам. Орзуга айб йўқ — тўғри, бироқ кўрпага қараб оёқ узатиш ҳам керак-да. Шунга қарамай мезонни баланд олаверганимиз чатоқ-да.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Акрамхон Бобохонов, вазирликнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддинхон Бурхонов ҳамда ИИВ ЙҲХ бош бошқармаси масъуллари иштироки брифинг бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилди. Унда «Йўл ҳаракати қоидалари»га киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, бунинг аҳамияти ва натижалари ҳақида мутасаддиларнинг баланд оҳанглардаги ахбороти эшитилди. Гап бўлиши мумкинмас: келтирилган статистикалар кўпларда шубҳа туғдирса ҳам, ният некбин-да, нима бўлсаям йўл ҳаракати талафотларини имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Бироқ талабга яраша таклиф ҳам бўлиши керак-да.

Тадбирда жарималар миқдори ҳаддан зиёд катта экани хусусидаги эътирозларга жавоб берар экан, ички ишлар вазири ўринбосари Европа мамлакатларидан мисол келтиришга тушди. Кундузи чироқ ёқиб юриш мажбуриятини адо этмаган кўҳна қитъанинг қатор давлатларида белгиланган жарималар миқдори эринмай саналди. Швецияда унча, Чехияда мунча, Хорватияда...

Дарҳақиқат, биздаги мезонларга таққослаганда жарима миқдорлари лабга учуқ тоширгудек.

Аммо аҳолининг ижтимоий аҳволи, реал даромади-чи? Бу борада Ўзбекистон билан Европани таққослаб бўладими?

Турган гап, бу ҳақда чурқ этилмади.

Тадбирнинг савол-жавоб қисмида ҳамкасбларимиздан бири айни шу масалани кўтарди: жаноблар, аввал яшаш шароити бўйича Европага етволайлик, ана ундан кейин улардаги ва биздаги маъмурий жазо чоралари хусусида гапирсак, бироз ярашади.

Табиийки, бу саволга лўнда жавоб бўлгани йўқ.

Қачон осмондан тушамиз?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг