Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар

Президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар

Мамлакатимизда давлат ва жамиятни модернизация қилишга йўналтирилган туб ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ва кенг таъминлашдан иборат. Амалга оширилаётган тизимли ва дадил ислоҳотлар самарасида миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга уйғунлаштирилиб, фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини янада фаолроқ ва эркинроқ ифода этиши учун кафолатлар кенгайтирилмоқда. Сўнгги беш йилда эркин ва адолатли сайловларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида улкан амалий тажриба тўпланди. Бу Президент сайлови билан боғлиқ қонунчилик нормалари ва талабларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Халқаро талаблар ва миллий қонунчилик

Конституциямизнинг 1-моддасига асосан Ўзбекистон — суверен демократик республика. Демократик республикада давлат ҳокимияти органлари, хусусан, Президент даврийлик асосида ўтказиладиган сайловларда муайян муддатга сайланади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасида даврийлик принципи асосида сайловлар ўтказиш, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича конференциясининг Копенгаген кенгаши ҳужжатининг 7.1, 7.7-бандларига асосан халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиб хизмат қилиши учун иштирок этувчи давлатлар қонунда белгиланганидек оқилона вақт оралиғида эркин сайлов ўтказиши белгиланган. Европа Кенгашининг Венеция комиссияси томонидан қабул қилинган Сайловларга оид йўл-йўриқ тамойилларда ҳам сайловлар даврийлик принципи асосида мунтазам ўтказилишига оид тамойил белгиланган. Яъни оқилона вақт оралиғида сайлов ўтказиш – демократиянинг муҳим белгиси.

Шу маънода, мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти беш йил муддатга сайланади. Ушбу беш йиллик муддат жаҳондаги умумий тенденцияга мос бўлиб, БМТга аъзо 193 мамлакатдан 95 тасида давлат раҳбарлари 5 йил муддатга сайланади. Франция, Германия, Венгрия, Греция, Ҳиндистон, Словакия, Словения, Жанубий Корея каби мамлакатларни бунга мисол келтириш мумкин.

Миллий қонунчилигимизда Президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар жаҳон стандартларига тўла мос. Сайловларга оид йўл-йўриқ тамойилларда умумий сайлов ҳуқуқи муайян шарт-шароитларга кўра чекланиши мумкинлиги қайд этилади. Бундай чекловлар сифатида ёш, фуқаролик, мамлакат ҳудудида муайян вақт яшаш муддати (ўтроқлик), жиддий ҳуқуқбузарлик учун ҳукм қилинганлик кабилар кўрсатиб ўтилган.

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмаслигига оид талабга тўхталадиган бўлсак, мазкур қоида биринчи марта дунё конституционализмида АҚШ Конституциясига йигирма иккинчи тузатиш билан 1947 йил 21 мартда киритилган.

Жаҳонда давлат раҳбарлари ваколат муддатларини чеклашнинг беш тури бўлиб, улар:

умуман чекловнинг йўқлиги: Озарбойжон, Беларусь, Боливия, Исландия, Италия, Кипр, Коста-Рика (чекловчи қоидалар йўқ), Венесуэла (чексиз қайта сайланиш учун махсус рухсат берувчи қоидалар мавжуд);

узлуксиз муддатларни чеклаш (максимал муддатни ўрнатмасдан): Перу, Сан-Марино, Уругвай, Чили, Швейцария;

муайян муддатни ўрнатиш (икки муддат): Албания, Жазоир, Венгрия, Греция, Ирландия, Косово, Македония, Польша, Португалия, Руминия, Сербия, Тунис, Туркия, АҚШ, Хорватия, Черногория, Жанубий Африка;

муайян узлуксиз муддатни белгилаш (икки муддат): Австрия, Аргентина, Арманистон, Болгария, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Германия, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Латвия, Литва, Молдова, Россия, Словакия, Словения, Украина, Финляндия, Франция, Чехия, Эстония;

қайта сайланишнинг тўлиқ тақиқланиши: Жанубий Корея, Мальта, Мексика.

Ўзбекистон қонунчилигида қайд этилган узлуксиз муддатларни белгилаш (икки муддат) тури мустаҳкамланган.

Бундай қоида ўрнатилишидан мақсад – инсон ҳуқуқларини, ҳуқуқ устуворлигини, демократияни ҳимоя қилиш, янги ғоялар вужудга келишини, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш, конституциявий ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизими кафолатларини яратишдан иборат.

Сиёсий-ҳуқуқий адабиётларда сайланиш ҳуқуқи пассив сайлов ҳуқуқи деб номланади. Сайлов кодексининг 61-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар – пассив сайлов ҳуқуқи талабгорлари қуйидаги тўрт талабга жавоб беришлари шарт:

биринчидан, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаслиги (ёш цензи);

иккинчидан, давлат тилини яхши билиши (тил цензи);

учинчидан, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган бўлиши (ўтроқлик цензи);

тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши (фуқаролик цензи).

Номзодларга бундай талабларнинг қўйилиши бежиз эмас, албатта.

Масалан, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаслик талабига тўхталиб ўтсак. Мазкур талаб Сайлов кодексининг 4-моддасидаги умумий сайлов ҳуқуқи принципининг муҳим таркибий қисми бўлиб, сайлов куни ўттиз беш ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Президентлик лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга эканлигини англатади.

Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистонда Президентлик учун ўрнатилган 35 ёш энг мақбул ёш бўлиб, бу ёшда инсон ҳар томонлама шаклланади.

Хорижий мамлакатлар қонунларида Президентликка сайланувчиларнинг ёши турлича: Колумбияда 30 ёшдан, Австрия, АҚШ, Бразилия, Мексика, Чили, Кипр, Индонезия, Исландия, Ҳиндистон, Польша, Россия, Португалияда 35 ёшдан, Арманистон, Чехия, Эстония, Германия, Ироқ, Молдова, Покистон, Жанубий Корея, Филиппинда 40 ёшдан, Италияда эса 50 ёшдан этиб белгиланган.

Тил билган – эл билади

Давлат тилини яхши билиш талаби масаласига келсак, маълумки, давлат тили — жамиятнинг, миллатнинг асосий рамзидир. Президентликка номзод ўзи сайланадиган мамлакатда яшайдиган фуқароларнинг дунёқарашини, тафаккурини, халқнинг орзу-умидларини яхши англайдиган ва шу интилишларни рўёбга чиқаришга қодир, том маънода катта ҳаётий тажриба, кенг ва чуқур билимга эга шахс бўлиши зарур. Шу боис Президент бўладиган шахс давлат тилини яхши билиши, шу тилда ўз фикрини равон тушунтира олиши, давлат тилида ёзилган ҳужжатлар билан мустақил ишлаши шарт. Номзодларга тилни билиш бўйича талаб МДҲга аъзо олтита давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Украина) конституцияларида қайд этилган.

Халқ билан ҳамнафаслик

Ўтроқлик цензининг асосланганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас, албатта. Нега айнан камида ўн йил деган саволга жавоб шуки, биринчидан, ўн йил бир одам маълум бир ҳудудни яхши билиши, шиддат билан ўзгараётган ҳозирги замонда у ёки бу ишни амалга ошириш учун, масаланинг негизига етиб бориш учун ўша жойнинг ўзига хос хусусиятларини англаб етиши, халқ билан ҳамнафас яшаши, ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан бохабар бўлиши учун етарли муддат, иккинчидан, кўплаб давлатлар тажрибасида ҳам ўн йил энг кўп қўлланиладиган муддат ҳисобланади.

Шу сабабдан ҳам бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаш талаби Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва Сайлов кодексида жуда тўғри белгиланган.

АҚШ Конституциясига биноан, президентлик сайлови пайтида, AҚШ Президенти лавозимига номзод 35 ёшда ёки ундан катта, AҚШда туғилган ҳамда у ерда сўнгги 14 йил ичида доимий яшаган бўлиши шарт.

Давлат иши ва сиёсий ҳуқуқлар

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак деган талабга тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига мувофиқ жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига фақат Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари эга. Яна бир муҳим заруратни ёддан чиқармаслик лозимки, мазкур модда Асосий қомусимизнинг сиёсий ҳуқуқлар бобида келтириб ўтилган. Маълумки, тараққий этган демократик давлатларда ҳам сиёсий ҳуқуқлардан фақат фуқаролар фойдаланадилар.

«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.

Айрим мамлакатларда фақат туғилиш орқали фуқароликка эга бўлган шахсларгина Президент бўлиб сайланиши мумкин. АҚШ, Колумбия, Мўғилистон, Филиппин, Финляндия шундай мамлакатлар сирасидан. Бу мамлакатларда фуқароликка кейинчалик эга бўлганлар Президентликка сайланиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Маънавий-ҳуқуқий талаб

Шунингдек, Сайлов кодексининг 61-моддасига мувофиқ қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланганлар Президент лавозимига сайланиш учун номзод этиб рўйхатга олинмаслиги авваламбор — маънавий-ҳуқуқий талаб. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти мақоми ғоят юксак лавозим ва давлат раҳбари ҳисобланади. Бу шахс юрт тақдири, шу мамлакатда ҳаёт кечираётган миллионлаб одамларнинг фаровон ҳаёти учун масъулдир. Шунинг учун бундай юксак мартабага сайланадиган номзод муносиб хулқ-атвори, интизоми, масъулияти, жамиятдаги обрў-эътибори, ибратли ҳаёт йўли билан намуна бўлиши лозим.

Айтиб ўтилганидек, Сайловларга оид йўл йўриқ тамойилларда ҳам умумий сайлов ҳуқуқи муайян шарт-шароитларга кўра чекланиши мумкин. Бундай чекловлар сифатида жиддий ҳуқуқбузарлик учун ҳукм қилинганлик кўрсатиб ўтилган.

Давлат раҳбариниг умумий ва тўғридан-тўғри сайлови кўзда тутилган Австрия, Озарбойжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Кипр, Молдова, Туркия, Тожикистон каби мамлакатларда конституциялар ва қонун ҳужжатларида жиноят содир этганлик, шу жумладан, оғир, ўта оғир ёки ҳарбий жиноятлар учун ҳукм қилинганларнинг, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларнинг сайланиш ҳуқуқини чеклаш белгиланган.

Диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари номзод этиб рўйхатга олинмаслигига сабаб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 61-моддасига кўра, диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмагани каби диний ташкилотлар ва уларнинг хизматчилари ҳам давлат сиёсатига аралашмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари — диний ташкилотларда меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича ишлаётган фуқаролардир. Улар ўз хизмат вазифасига кўра ибодат, расм-русумлар ва маросимларни адо этиш билан махсус шуғулланадилар. Бундай шахсларнинг номзод этиб рўйхатга олинмаслиги улар эгаллаб турган касбнинг ўзига хослигидан келиб чиқади. Диний фаолият одамларнинг ҳис, кечинмаларига боғлиқ бўлиб, дин хизматидагиларнинг номзод бўлиши диний этика нуқтаи назаридан ҳам унинг касбий фаолиятини тўлақонли амалга оширишига монелик қилиши табиий.

Бундан диний хизматчиларнинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобламаслик керак. Чунки шахс агар президентликка сайланмоқчи бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаши лозим ва шундан кейин номзод этиб рўйхатга олиниши мумкин.

Бошқа мезонлар ҳам йўқ эмас

Қайд этилган талабларнинг барчаси демократик мезонларга тўла мос. Шу ўринда қиёс учун айтиш жоизки, баъзи мамлакатларда бундан ташқари бир қатор бошқа талаблар ҳам белгиланган. Масалан, хорижий давлатлар олдидаги мажбурияти, иккита давлат фуқароси бўлмаслиги, олий маълумотга эга бўлиши, номзод давлат органларида, жамоат бирлашмаларида, корхона, муассаса, ташкилотларда доимий ишлаётган бўлиши кабилар шулар жумласидандир.

Баъзи араб давлатларида номзодларга келиб чиқиши ҳам шу давлатдан бўлиши, номзоднинг ота-онаси ҳам шу юртда туғилган бўлиши, турмуш ўртоғи ҳам шу давлат фуқароси бўлиши, мамлакат ҳаётидаги у ёки бу муҳим воқеада қатнашганлигини ҳужжатлар билан тасдиқлаши, кўчар ва кўчмас мол-мулки ҳақидаги декларациясини тақдим этиши, феъл-атвори яхши бўлиши, муайян динга эътиқод қилишига оид талаблар белгиланган.

Мўғулистонда президентлик сайлови пайтида номзоднинг катта қарзи бўлмаслиги керак, шу жумладан, кредит ва солиқ қарзлари даромадидан ошиб кетмаслиги керак (суд қарори билан белгиланади). Шу билан бирга, Руминияда конституция ва сайлов қонунчилиги президент сайловида иштирок этиш учун бошқа чекловларни ҳам белгилаб қўйган: сиёсий партияларга аъзо бўлиши тақиқланган шахслар президент сайловида иштирок этишига рухсат этилмайди.

Бундан ташқари, Туркияда давлат раҳбари лавозимига судьялар, давлат хизматчилари ва қуролли кучлар вакиллари сайлана олмайдилар. Сайловда иштирок этиш учун улар ўз лавозимларини тарк этишлари лозим. Мексикада эса президентликка номзод сайловдан камида 6 ой аввал давлат котиби ёки унинг ўринбосари, бош прокурор, губернатор сифатида фаолият олиб бормаган бўлиши керак.

Демократик талаблар ва стандартларга мос

Шу билан бирга қайд этиш ўринлики, Ўзбекистоннинг замонавий сайлов қонунчилиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва меъёрларига мувофиқ шаклланган ва уларнинг асосий талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб бормоқда.

Бу борда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.

ДИИҲБ миссиялари 1999 йилдан буён мамлакатимизда ўтган барча парламент ва президент сайловларини кузатишда иштирок этиб келмоқда. Бюронинг тавсиялари Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умумэътироф этилган халқаро демократик стандартларга уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

Шулар қаторида:

сайловга оид қонунлар ва қонуности ҳужжатлари тизимлаштирилиб, ягона Сайлов кодекси қабул қилингани;

сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилгани;

жазони ўташ жойларида сақланаётган айрим тоифадаги шахсларнинг сайловларда иштироки борасидаги чекловларнинг олиб ташлангани;

тўғридан-тўғри сайлов принципларига зид бўлган Қонунчилик палатасидаги ўринлар учун квоталар институтининг бекор қилингани каби кўплаб кўрсаткичлар бунинг ёрқин далилидир.

Яқинлашиб келаётган Президент сайлови муносабати билан Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан жорий йилнинг 24-28 май кунлари ДИИҲБнинг Эҳтиёжларини баҳолаш миссияси (ЭБМ) ташрифи бўлиб ўтди. ЭБМ мамлакатимиздаги сайловолди ҳолати ва бўлажак Президент сайловига тайёргарлик жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, сайловларда халқаро кузатувни ташкил этиш бўйича тавсияларини тақдим этди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ЭБМ 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаган жиҳатлари қаторида Ўзбекистон томонидан ЕХҲТ ДИИҲБнинг олдинги бир қанча тавсиялари бажарилганини ҳамда бўлажак сайлов янгиланган ва такомиллаштирилган қонунчиликка мувофиқ ўтказилишини таъкидлади.

Жумладан:

сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар ўтказиш учун рухсатнома олиш ўрнига хабардор қилиш механизмининг белгиланиши;

ҳақорат ва тухмат учун жиноий жазонинг либераллаштирилиши (озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бекор қилиниши);

давлат ресурсларидан сайлов мақсадларида ноқонуний фойдаланиш тақиқланиши;

сиёсий партиялар томонидан сайлов кампанияси харажатлари бўйича оралиқ ва якуний ҳисоботларнинг тақдим этилиши;

шикоятлар беришнинг иккиёқлама тизими бартараф этилиши ва суднинг сайловга оид низоларни ҳал қилиш бўйича ягона инстанция сифатида белгиланиши.

Хулоса ўрнида шуни қайд қилиш лозимки, юртимизда сайлов қонунчилиги ва амалиёти, жумладан, президентликка номзодларга қонун йўли билан қўйилган талабларнинг барчаси умумэътироф этилган демократик мезонлар ва стандартларга тўла жавоб беради.

Гулноза Раҳимова, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг