Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Самарқанддаги хонадонда меҳмон бўлди (фото)

Президент Самарқанддаги хонадонда меҳмон бўлди (фото)

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳри Қорасув массивида қурилаётган замонавий аҳоли массивини бориб кўрди. Бу ҳақда Президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи юқорилигини инобатга олиб, 2018 йилги дастурга қўшимча равишда кўп қаватли арзон уйлар қуриш киритилган эди.

2018 йилнинг ўзида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 32 та 7 қаватли кўп қаватли арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 та турар жой қуриб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, ҳудудда хусусий боғча, шаҳар ички ишлар бўлими, савдо ва маиший хизмат мажмуаси, «Регистон» супермаркети қуриб битказилди. 540 ўринли умумтаълим мактаби қурилиши якунланмоқда.

Шу тариқа бу ерда қисқа фурсатда замонавий аҳоли массиви қад ростлади. Янги уйларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча қулайликлар эътиборга олинган.

Давлатимиз раҳбари Жасур Турсунқулов ва Жамшид Каттақуловлар оилалари кўчиб кирган янги хонадонларни кириб кўрди, уй соҳиблари билан суҳбатлашди.

Шу ерда Қорасув массивида 2019 йилда фойдаланишга топшириладиган уйлар лойиҳалари, жумладан, «Агромир билдингс» компанияси томонидан Туркиянинг замонавий технологияси асосида монолит усулида барпо этилаётган кўп қаватли турар жойлар тақдимотлари ўтказилди.

Президентимиз турар-жойлар қурилишининг одамлар ҳаётидаги, ҳудуд инфратузилмасидаги аҳамиятига тўхталди.

– Самарқанд туризм маркази бўлиши керак. Шунинг учун бу ерда кўп қаватли уйлар қурилишини кўпайтирамиз. Шаҳар марказида энг замонавий талабларга жавоб берадиган уйлар қурилиб, аҳолини таъминлаймиз. Уйларни қуришдан олдин унинг эгаси, қайси қаватда, неча хонали уйда яшашигача аниқ бўлиши лозим, – деди давлатимиз раҳбари.

Самарқанд сейсмик жиҳатдан ҳам қулай ҳудудда жойлашгани боис келажакда вилоятнинг Каттақўрғон, Ургут, Пахтачи, Нарпай, Қўшработ туманлари марказларида ҳам кўп қаватли уйлар қурилиши зарурлиги таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг